Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев АҚШ савдо вазирини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 октябрь куни амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Америка Қўшма Штатлари савдо вазири Уилбур Россни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

«Давлат раҳбарларининг мунтазам учрашув ва мулоқотлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил май ойида АҚШга расмий ташрифи икки томонлама кўп қиррали муносабатларни янада юқори даражага кўтариб, стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берди.

АҚШ савдо вазирининг Ўзбекистонга илк ташрифи томонлар эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар доирасида муносабатларни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор ва уларнинг бу борадаги интилиши муштарак эканидан далолат беради», дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёев меҳмонни самимий қутлар экан, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, АҚШ етакчи компанияларининг тўғридан-тўғри инвестициялари, илғор технологиялари ва тажрибасини жалб этган ҳолда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, банк-молия соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлигини алоҳида таъкидлаган.

АҚШнинг жаҳонга машҳур саноат холдинглари, молия-инвестиция корпорациялари ва банклари раҳбарлари ва вакиллари иштирокида ўтган Ўзбекистонда АҚШ бизнеси ҳафталиги тадбирларининг самарали натижалари қайд этилган.

Учрашувда савдо, саноат ва юксак технологиялар, қишлоқ хўжалиги, логистика ва транспорт соҳаларида аниқ лойиҳа ва дастурларни рўёбга чиқаришда амалий ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилган.

Ўзбекистон бозорида Америка компанияларининг фаолиятини кенгайтириш учун қулай шароитлар яратишга, жумладан, қўшма лойиҳаларни молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Марказий Осиёда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш хусусида фикр алмашилган.

АҚШ савдо вазири Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдириб, Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг саломи ва эзгу тилакларини етказган.

Уилбур Росс, шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трамп геосиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг барча масалаларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга юқори даражада ишонишини таъкидлаган. Дональд Трамп Ўзбекистон раҳбари томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини қайд этган.

Уилбур Росс Ўзбекистонда амалга оширилаётган ҳамда АҚШ бизнесида катта қизиқиш уйғотаётган, унинг Ўзбекистонда фаолият юритиши учун янги имкониятлар очаётган ислоҳотлар суръати ва миқёсини юқори баҳолаган.

Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида барча имкониятларни ишга солишга тайёрлик билдирилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2203 times

Янгиликлар

Top