Ўзбекистон янгиликлари

“Alhijrah” телеканалида Ўзбекистон ҳақида кўрсатув намойиш этилди

Малайзиянинг “Alhijrah” телеканалида Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятига бағишланган кўрсатув намойиш этилди. Кўрсатувда журналистлар томошабинларни Шаҳрисабздаги ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий ва меъморий ёдгорликлари билан таништириб боради. Шунингдек, бу шаҳар ислом динининг бутун дунёда тарқалишига улкан ҳисса қўшган қўмондон ва давлат арбоби Амир Темур туғилган юрт эканлиги алоҳида таъкидланади.

Тuron24 нашрининг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган видеороликда Амир Темур даврида бунёд этилган ёдгорликлар, хусусан, Оқсарой кошонаси, Дор ут-тиловат мақбараси, Кўкгумбаз масжиди каби қадимий обидаларнинг ўзига хос архитектуравий жозибаси акс эттирилган.

Малайзиялик ижодкорлар дастур давомида Самарқанднинг тарихий қадамжолари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтган. Айниқса, Регистон майдонидаги меъморий ёдгорликларнинг ўзига хослиги, шаҳарга келган сайёҳларга ҳақиқий шарқона муҳитни тақдим эта оладиган ўрта аср масжид, мадраса ва устахоналари журналистларда ёрқин таассурот қолдирганини айтишган.

Кўрсатув якунида телеижодкорлар Ўзбекистон ислом тараққиёти маркази эканлигини ва ҳар бир малайзиялик бу муқаддас ерни зиёрат қилиши кераклигини таъкидлайди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2415 times

Янгиликлар

Top