Ўзбекистон янгиликлари

Пойтахтда яна бир масжид қайта чирой очди

Бугун, 1 ноябрь куни Тошкент шаҳри Чилонзор тумани “Муҳсинхон тўра” жоме масжиди биносининг янгидан бунёд этилиши муносабати билан очилиш маросими бўлиб ўтди.
Юртимиздаги таниқли уламолар, имом-хатиблар ва кўплаб намозхонлар ушбу масжидда пешин намозига жам бўлдилар ва ўзларининг илиқ сўзларини билдирдилар. Сўзга чиққан нотиқлар, мана шундай жомени қайтадан барпо этилиши муҳтарам Президентимиз томонларидан амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг ёрқин намунаси экани, мўмин-мусулмонларга катта туҳфа бўлгани ва шундай гўзал масжидда ибодат қилишдан бахтиёр эканларини изҳор қилишди.
Қурилиш ишларига энг моҳир уста ва муҳандислар жалб этилди. Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишди.
Очилиш маросимига ташриф буюрганлар масжиднинг гўзал шаклда, замонавий услублар ва миллий қадриятларимизни ўзида акс этган биносини кўздан кечириб, ушбу масжид мусулмонлар учун мўътабар маскан сифатида хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб, хайрли дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2759 times

Янгиликлар

Top