Ўзбекистон янгиликлари

Мақтовга арзигулик ташаббус

Самарқанд вилояти имом-хатиблари ҳафтанинг ҳар бир кунини ўзига хос тарзда турли хил савоб ишлар қилишни ўзларига дастурил амал қилиб олганлари ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Жумладан, ҳафтанинг чоршанбаси Самарқанд вилояти имом-хатиблари учун халқ турмуш тарзини ўрганиш куни ҳисобланади. Ўтган йилнинг ёз фаслидан бошлаб самарқандлик имомлар ҳар ҳафтанинг чоршанба куни аҳоли яшаш уйларига ташриф буюриб, турмуш тарзлари билан яқиндан танишиш, мавжуд муаммоларини бартараф этишга кўмаклашиш ишларига катта эътибор қаратиб келмоқдалар.
31 октябрь, чоршанба куни ҳам ушбу анъана давом эттирилди. Юзга яқин хонадонларга ташриф буюрилиб, аниқланган муаммоларга доир ечимлар ахтарилди. Кўплаб панду насиҳатлар қилинди. Узоқ муддатга хорижда ишлаб қайтганлар билан суҳбатлар ўтказилди. Жумладан, Самарқанд шаҳар “Оби Раҳмат” жоме масжиди имом-хатиби А.Маматқулов томонидан, ҳомийлар кўмагида “Оби Раҳмат” маҳалласида яшовчи, боқувчисини йўқотган Р.Абдуллоеванинг ҳолидан хабар олиниб, битта қўй эҳсон қилинди.
Каттақўрғон шаҳар “Муҳаммад Нақиббек” жоме масжиди имом- хатиби А.Назаров “Меҳржон” МФЙда яшовчи Бегматовлар хонадонига ташриф буюрди. Хонадонда 5 та хўжалик яшаётган бўлиб, ўзаро келишмовчиликлар юзага келгани маълум бўлди. Уларга қариндошлик ҳақлари борасида насиҳат қилиниб, кўпроқ меҳнат қилишга, бугунги кундаги имтиёзлардан фойдаланиб, уй жойли бўлишга чақирилди.
Самарқанд тумани “Хўжа Аҳрори Валий” жоме масжиди имом-хатиби Б.Шарипов “Хўжа Аҳрори Валий-1” маҳалласида истиқомат қилувчи, авф муносабати билан озодликка чиққан И.Бахтиёрзода билан суҳбат ўтказилди ва жамият ишларида фаол бўлишга ундалди.
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Булунғур тумани ҳожилари билан учрашиб, уларни ижтимоий-маънавий тадбирларда ўзларининг панду насиҳатлари билан иштирок этишларига чорлади.
Мана шундай ҳафтанинг ҳар бир кунида аҳоли орасида турфа хил маънавий-маърифий ишларни амалга оширишни белгилаш каби илғор тажрибани бошқа вилоятлар имом-хатиблари фаолиятида ҳам қўлланса, жуда ҳам яхши иш бўлар эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2411 times

Янгиликлар

Top