Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг таклифига биноан кеча, 17 январь куни амалий ташриф билан Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳрига келди.

Давлатимиз раҳбарини Аҳмадобод халқаро аэропортида Ҳиндистон Республикаси расмий доиралари вакиллари кутиб олди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Президентимиз бугун, 18 январь куни Гужарат штати маркази Гандинагар шаҳрида «Жўшқин Гужарат – 2019» IX халқаро инвестиция саммитида иштирок этади.

Аввал хабар қилинганидек, Президентимиз саммит ялпи сессиясида нутқ сўзлайди. Шунингдек, Бош вазир Нарендра Моди билан Ўзбекистон – Ҳиндистон ҳамкорлиги, халқаро ва минтақавий сиёсатга доир долзарб масалалар юзасидан музокаралар ўтказади.

Бош вазир Нарендра Моди ташаббуси билан Гандинагар шаҳрида 2003 йилдан буён ўтказиб келинаётган «Жўшқин Гужарат» саммити минтақадаги энг йирик халқаро форум ҳисобланади. Унда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, вазирлар, халқаро ташкилот ва трансмиллий корпорациялар раҳбарлари, етакчи таҳлилчилар, экспертлар қатнашади.

Президент Шавкат Мирзиёев “Жўшқин Гужарат – 2019” халқаро инвестиция саммитида Марказий Осиё мамлакатларидан асосий меҳмон сифатида иштирок этади.

Анъанага кўра, глобал иқтисодиётни ривожлантириш, савдо соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, инвестициялар жалб қилиш, илғор технологиялар ва билимлар алмашишга доир долзарб масалалар форум иштирокчилари диққат марказида бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2432 times

Янгиликлар

Top