Ўзбекистон янгиликлари

Эҳтиром сабаб ҳидоят топганлар

Ўтган куни, Президентимизнинг 2017 йил 1 августдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида 400 дан зиёд эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар билан “Сиз бизга кераксиз!” мавзусида суҳбат ўтказилди ва сурдо таржима олиб борилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбар ходимлари ва Тошкент вилоятида фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимлари иштирок этди.
Эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар билан диний-маърифий тадбирлар илк бор ўтган йили Диний идора ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бошланган эди, кейинчалик Жиззах вилоятида давом эттирилди.
17 январь куни ана шундай тадбирга Тошкент вилояти мезбонлик қилди. Тадбирда шундай инсонлар эътиборга, эҳтиромга ҳақли экани, меҳр-оқибат кўрсатиш, қалбларга илиқлик улашиш ҳар бир инсоннинг бурчи эканига алоҳида урғу берилди.
Сўзга чиққан нотиқлар ҳар бир фуқаро илм-маърифат олишга бошқалар сингари эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганларнинг ҳам ҳаққи борлиги, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш ва муаммоларини ечишда ҳар қандай ёрдамни аямаслик алоҳида таъкидланди. Шунингдек, тадбирда мамлакатимизда дин ривожи, халқ манфаатлари, юрт фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Ушбу диний-маънавий тадбир ҳам олиб борилаётган хайрли ишларнинг узвий давоми экани эътироф этилди.
Тадбирга нафақат Тошкент вилоятидаги фуқаролар, балки бошқа вилоятлардан, ҳатто қирғизистонлик меҳмонлар ҳам келишди. Қирғизистонлик бир фуқаронинг таъкидлашича, “Ўзбекистонда халқ манфаати учун олиб борилаётган бу каби тадбирлар бизнинг юртимизда ҳам олиб борилса, ногиронлар ҳам эътибор топиб, Аллоҳнинг Китобидан баҳраманд бўлса, Ислом дини ҳақида билишса яхши бўларди. Сизлардан Қирғизистонда ҳам шундай тадбирлар олиб борсаларингиз”, деб ўз истакларини изҳор этди.
“Вақф” фонди раҳбари Искандар Халилов: – “Ёрдамга муҳтож фуқароларимизга кўмак бериш учун қўлимиздан келганча ёрдамлашамиз, бу сўзда қолиб кетмай, балки амалда ҳам ўз исботини топмоқда. Келгусидаги диний-маърифий адабиётларни нашр қилиш ҳаракатидамиз, иншо Аллоҳ, қўлларингизга етиб боради. Вақф фондимизда 10 та хайрия акциямиз бор, бунга яна битта акция қўшдик. Мақсад – сизларни ҳам доимий қўллаб-қувватлаш”, деб таъкидлади.
Ташриф буюрганлар ичида адашганлигини тан олганлар ҳам бўлди. Ушбу диний-маърифий суҳбат натижасида турли сабабга кўра адашиб, миссионерларнинг таъсирига тушиб қолган ўнлаб эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган кишилар ҳидоят топдилар. Улардан бири: “Ҳақиқатан, мен уларнинг сектасига аъзо бўлгандим, кўп нарсалар ваъда қилишди, аммо боримни шилиб кетиб, мени ҳеч нарсасиз қолдиришди. Агар Ислом динимиз ҳақида маълумотга эга бўлганимда миссионерларнинг тузоғига тушмаган бўлардим”, дея миссионерларнинг кирдикорларини тасдиқлади. Бу эса йиғилганларнинг қалбларини ҳаяжонга солди, кўзларидан қувонч ёшлари оқишига сабаб бўлди.
Дарҳақиқат, ҳидоят берувчи Аллоҳ таолодир. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оc розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Раcулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Одам фарзандлари қалбларининг бари Раҳмон азза ва жалланинг икки бармоғи ўртаcида худди бир дона қалб миcолидир. Уни хоҳлаган тарафга буриб қўюр. Эй қалбларни хоҳлаган тарафга буриб қўювчи Зот, қалбларимизни Ўзингга тоат-ибодат қилиш тарафига бургин!” (Имом Муслим ривояти).
Бугун Ҳақ таоло бандаларининг қалбларини тўғри йўлга бошлаш учун мана шундай тадбирга жам бўлишларини таъминлаган бўлса, не ажаб. Чунки диний-маърифий суҳбат натижасида адашиб, миссионерларнинг таъсирига тушиб қолган ўнлаб эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган кишилар ҳидоят топдилар. Бу эса, ўз навбатида, йиғилганларнинг қалбларини ўта ҳаяжонлантирди ва кўзларидан қувонч ёшларининг оқишига сабаб бўлди.

Тадбир сўнгида иштирокчиларга “Вақф” хайрия жамоат фондининг совғалари улашилди. Ташриф буюрган имконияти чекланганлар ушбу тадбирдан олам-олам таассурот олганларини, жуда мамнун эканларини билдириб, миннатдорлик изҳор этдилар.
Самарқанд ва Қирғизистондан ташриф буюрган эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган меҳмонлар бугун мана шундай тадбирда иштирок этганларидан хурсанд бўлганларини ва воқеаларни ҳавас билан кузатганларини, ўз ҳудудларида ҳам шундай суҳбатларни ташкил этиш жуда яхши натижа беришини таъкидладилар.
Келгусида шундай диний-маърифий тадбирлар Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларида манзилли ўтказилишига келишиб олинди. Ана шундай тадбирларнинг дастлабкиси 24 январь куни Чирчиқ ҳудуди учун Чирчиқ шаҳридаги “Марказий” жоме масжидида ўтказиладиган бўлди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Read 2258 times

Янгиликлар

Top