Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси раҳбари «Hilal star» стандартини берувчи халқаро қўмита раислигига сайланди

Озарбайжоннинг Боку шаҳрида Ислом давлатларининг халқаро конгресси бўлиб ўтди. Унда Малайзия, Кипр, Иордания, Ливан, Сурия, Эрон, Тунис, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркия, Бангладеш каби 25 дан ортиқ давлатнинг ошпазлар уюшмаси раҳбарлари иштирок этди.

Конгресс доирасида WICS – Бутунжаҳон Ислом давлатлари пазандачилик ҳамжамияти томонидан иккинчи халқаро илмий-амалий анжумани ўтказилди. Тадбирда ресторанлар ва ошпазларга берилувчи «Hilal star» («Ҳалол юлдуз») стандарти муҳокамалар марказида бўлди.

Ошпазлар уюшмалари ўзлари ишлаб чиққан «Ҳалол ресторан» ва «Ҳалол ресторан ошпази» учун жорий этиладиган стандартлар ва лойиҳаларини тақдим этди.

Ўзбекистон ошпазлар уюшмасининг мазкур стандарт лойиҳаси бўйича тақдимоти конгресс иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Улар Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси раиси Акбар Умаровни «Hilal star» стандартини берувчи халқаро қўмита раислигига сайлади.

«Hilal star» стандарти умумий овқатланиш объектларига 3 юлдуз даражасида берилади. Бундай стандартли ресторанлари бор давлатларга мусулмон сайёҳлар оқими кўпаяди.

Мазкур стандарт биринчи бўлиб Бокудаги «Туран» ресторанига берилди.

Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси «Hilal star» стандартини берувчи халқаро қўмитага аъзо давлатлар билан ҳамкорликда ўзбек, инглиз ва рус тилларида онлайн қайта тайёрлов ўқув-курслари платформасини тайёрламоқда. Мазкур лойиҳа ишга тушгач, нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё бўйича «Hilal star» стандартига даъвогар ресторанлар ва мутахассисларни ўқитиш, тренингдан ўтказиш мумкин бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2031 times

Янгиликлар

Top