Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрига етиб келди

Шу йил 24 июль куни эрта тонгдан Тошкент халқаро аэропортидан биринчи рейс билан Саудия Арабистонига учган ўзбекистонлик зиёратчилар маҳаллий вақт билан соат 11.45 ларда Мадина шаҳрига етиб келди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигида Ислом динининг беш арконидан бири бўлган ҳаж ибодатини адо этиш учун келган юртдошларимиз тантанали равишда кутиб олинди. Зеро, мусулмон оламида улуғ муҳаддис Имом Бухорий авлодларининг ҳурмати баланд бўлиб, уларга ўзгача ҳавас билан қарашади, алоҳида иззат-икром кўрсатилади.
Бу гал ҳам шундай бўлди. Мадиналиклар ўз удумларига кўра, бўлғуси ҳожиларни турфа ширинлик, сават тўла хурмо тутган ҳолда қарши олдилар. Елкаларига хушбўй атирлар сепиб, бошлари узра анвойи гуллар сочдилар. Махсус гуруҳ томонидан эса ҳар бир юртдошимизга мобил алоқа воситалари учун сим-карталар туҳфа қилинди. Бу жорий ҳаж мавсумида хизмат кўрсатиш дастурининг бир қисми бўлиб, Саудия Арабистони томонидан жами бир миллионта интернетдан фойдаланиш имконини берадиган сим-карта текинга тарқатилиши кўзда тутилган.
— Республикамиз Ишчи гуруҳи саъй-ҳаракати туфайли зиёратчиларга яратиб берилаётган бу каби қулайликлар нафақат бизга, балки яқинларини муборак сафарга кузатган оила аъзоларимизга хотиржамлик бағишламоқда, — дейди тошкентлик отахон Суюндик Мустафоев. — Аэропортда чоғимиздаёқ фарзандларимиз билан телефон орқали гаплашдик. Парвоз кўнгилдагидек ўтгани, бизни иззат-икром билан кутиб олишгани ҳақида тўлқинланиб гапириб бердим...
Чиндан ҳам, бу йилги ҳаж мавсумига пухта тайёргарлик кўрилгани дастлабки ташкилий ишлардаёқ кўзга ташлана бошлади. Гап шундаки, зиёратчиларнинг юкларини қабул қилиб олиш, уларни ташиш, меҳмонхоналарга олиб келиш каби бир қарашда оддий туюладиган, аммо йўловчининг вақтини ўғрилайдиган ишлар ҳам хизмат кўрсатувчи ширкатлари томонидан бажарилмоқда. Зиёратчилар эса замонавий автобусларга ўтириб, меҳмонхона томон йўл олдилар.
— Юртимиз ҳожилари тартиб, одоб жиҳатидан кўпчиликка ибрат бўлиб, дунёдаги юқори ўринни эгаллаб келаётган мамлакатлар қаторига чиқиб олдилар, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари. — Кейинги пайтда Саудия Арабистони ҳаж вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг яхши тақдимномаларига эришиб келинаётгани бунга мисол бўла олади. ИншаАллоҳ бу йил ҳам ҳажни тўла-тўкис адо этиб, биринчилар қаторида эътироф этиламиз, деган умиддамиз.
Шундан сўнг, Тошкент — Мадина йўналишида амалга оширилган иккита, Фарғона — Мадина йўналиши бўйича битта рейс орқали табаррук шаҳарга келган 700 нафардан зиёд юртдошларимиз “Пуллман замзам” меҳмонхонасида жойлашдилар. Ушбу меҳмонхона бежиз танлангани йўқ. У нафақат замонавий хизматлари, балки қулай жойлашувига кўра, шаҳардаги энг машҳур маскан саналади. Негаки, у билан муқаддас “Масжид ан-Набавий” масжиди орасидаги масофа атиги 50 метр бўлиб, деразаларидан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг равзалари кафтдек кўзга ташланиб туради.
— Бу ердаги шароит кутганимиздан ҳам ортиқ экан, — дейди тошкентлик яна бир зиёратчи Вазира Иноғомова. — Тўғри, биз дам олгани ёки ҳордиқ чиқаргани келганимиз йўқ. Мақсадимиз — нисбатан иссиқ келган жорий йилги мавсумда ташкилий ишларнинг юқори даражада эканлиги ҳаж амалларини тўлиқ бажаришга руҳлантиряпти. Ҳозир шундай хурсандманки, буни сўз билан таърифлаб беролмайман...
Зиёратчилар ибодатнинг биринчи кунида беш вақт намозни Ҳарами шарифда адо этдилар ва Пайғамбар алайҳиссалом қабрларини зиёрат қилиб, Расули Акрамга салом бердилар. Шунингдек, саҳобалари бўлмиш Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва Ҳазрати Умар розияллоҳи анҳуларнинг қабрларини ҳам зиёрат қилдилар.

Саид РАҲМОНОВ

Read 1877 times

Янгиликлар

Top