Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон якка сайёҳлар учун энг хавфсиз давлатлар қаторидан жой олди

Саёҳатлар учун мўлжалланган Wegoplace онлайн-сервиси 2019 йилда якка сайёҳлар учун энг хавфсиз ҳисобланган давлатлар рейтинги Solo Travel Safety Report 2019’ни эълон қилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди. Эътиборлиси, Ўзбекистон ушбу рейтингнинг етакчи бешталигидан жой олди.

Ҳисобот 142 та давлат вакилларидан бир неча мезон бўйича сўровнома асосида тузилган. Уларга тунги шаҳар бўйлаб сайр вақтида ўзларини қанчалик хавфсиз ҳис қилишлари, маҳаллий полицияга қанчалик ишонишлари ва бирор ҳужум ёки талончиликка учраганлари ҳақида саволлар берилган.

Натижалар эса энг юқори хавфсизлик индексига Сингапур (97 бирлик) эгалигини кўрсатган. Ундан кейинги ўринларни Норвегия, Исландия ва Финляндия эгаллаган, улардан ҳар бирининг хавфсизлик индекси 93 бирликни ташкил қилган. 5-ўринни эса 91 бирлик билан Ўзбекистон эгаллаган.

Ундан кейинги ўринларни Ҳонгконг (91), Швейцария (91), Канада (90), Индонезия (89) ва Дания (88) эгаллаган.

Давлатлар ҳисоботда 4 даражали хавфсизлик схемаси бўйича баҳоланган: 1-гуруҳга сафар уюштириш энг хавфсиз бўлган, 4-гуруҳга эса бориш қатъиян тавсия қилинмайдиган давлатлар киритилган.

Ўзбекистон 1-гуруҳга, яъни якка сайёҳлар ўзларини хавфсиз ҳис қиладиган давлатлар қаторига киритилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1947 times

Янгиликлар

Top