Ўзбекистон янгиликлари

Қўрқув, хўрлигу ҳақоратлар ортда қолгани рост бўлсин!

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан Яқин Шарқдаги уруш ўчоқларидан 64 нафар ўзбекистонлик бола она-Ватанимизга олиб келингани жуда катта хайрли иш бўлди.
Ушбу мурғак болаларнинг ҳеч қандай айби йўқ. Улар ота-отаси туфайли мана шундай заҳмату машаққатларни бошидан кечирди. Энди биз уларга меҳр кўрсатишимиз, қалбларига ёруғлик олиб киришимиз ва бағримизни кенг очишимиз чин мўминлик сифатидир.
Бинобарин, Аллоҳ таоло: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас, сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ - содиқ дўст каби бўлиб қолур” (Фуссилат, 34), деб марҳамат қилган.
Махсус ҳаво лайнери Ўзбекистон заминига етиб келгач, уларнинг юзида мамнунлик барқ урди. Мусофирчилик азоблари, қўрқув, даҳшат, хўрлигу ҳақоратлар ортда қолди! Чунки уларнинг тақдири Ўзбекистон деган муаззам мамлакатнинг халқпарвар Раҳбари эътиборидадир. Ушбу Раҳбарнинг шиори эса одамлар қалбига эзгулик, меҳр-шафқат уруғини қадашдан иборатдир.
Ачинарлиси, бизнинг Тошкент шаҳридан ҳам 10 нафар боланинг ўша ерларда хору зор бўлиб юргани мени қаттиқ дилимни оғритди. Азизлар, қаерга қараяпмиз, нега бефарқмиз, кўзимизни очайлик, ахир! Нобакор ота-оналарнинг қилмиши туфайли, улар қанча азоб чекканини бир норасидани ўзидан эшитиб кўзимга ёш келди, ахир Аллоҳ бизга болажонларни омонат қилиб берган-ку, эрта қиёматда улардан сўралишимизни унутмайлик. Шундай экан, ҳар бир ота-она босаётган қадамига ҳушёр бўлиши керак, босган қадами нафақат ўзи, балки фарзандларининг ҳам келажагига таъсир қилишини эсдан чиқармаслиги лозим.


Нуриддин Холиқназаров,
Тошкент шаҳри бош имом-хатиби

Read 1938 times

Янгиликлар

Top