Ўзбекистон янгиликлари

Рамазон ҳайити табриги

Ўзбекистон – бағрикенг диёр. Бу сатрлар қисқа бўлишига қарамай, уларда оламжаҳон маъно бор. Юртимизда ўн олти хил диний конфессияга тааллуқли бўлган 136 дан ортиқ миллат ва элатлар бир тан – бир жон бўлиб яшаб келадилар. Бунинг энг эътиборли ва қадрли жиҳати шундаки, қайси бир диний йўналишга тегишли бўлмасин, қайси бир миллат вакили бўлмасин, юртдошларимиз доимо ўзаро тотувлик ва ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирадилар.

Мана бугун юртимизда муборак Рамазон ойи ниҳоясига етиб, ўттиз кунлик рўза тутишдан сўнг ўзбекистонликлар ҳайит байрамини кутиб олиш тараддудида. Байрам фақат мусулмонларнинггина эмас, балки бошқа дин вакилларининг ҳам диққат-эътиборида.

Бунинг ёрқин ифодаси сифатида республикамизда фаолият юритиб келаётган диний конфессиялар раҳбарларининг Ўзбекистон мусулмонлари идораси, муҳтарам муфтий ҳазратлари номига ўз табрикномаларини йўллаганларида кўришимиз мумкин.

Ўз табрик хатларида дин пешволари муфтий Усмонхон Алимов ва у орқали мамлакатимизнинг бутун мусулмон аҳлини кириб келаётган муборак байрам билан қутладилар. Конфессиялар раҳбарлари қисқа сатрларда Ўзбекистон халқига тинчлик ва омонлик, юртимиз осмонининг доимо мусаффо бўлишлигини изҳор этганлар.

Диний конфессиялар раҳбарларининг табрикларига қўшилган ҳолда, Ўзбекистонда динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг доимо бардавом бўлишлигини тилаб қоламиз. 

 

Табрик йўллаганлар: 

Митрополит Викентий - Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари;

Епископ Ежи Мацулевич - Рим-католик черкови раҳбари;

Арамаис Григорян - Арман апостоллик черкови раҳбари;

Аркадий Исахаров - яҳудийлар диний жамоаси раиси;

Холматжон Аширов - Ўзбекистон Библия жамияти директори. 

Read 2516 times

Янгиликлар

Top