Ўзбекистон янгиликлари

Афв этилган маҳкумлар Рамазон ҳайитини оиласи бағрида нишонлаш бахтига муяссар бўлди

Муборак Рамазон ҳайити арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига асосан Пискент туманида жойлашган Тошкент вилояти ИИББ ЖИЭБ 50-сонли манзил колониясида содир этган жинояти учун жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 4 нафар фуқаро афв этилди. 5 нафар маҳкумнинг эса жазо муддати қисқартирилди.

—Бу йилги муборак Рамазон ҳайитини оилам ва яқинларим бағрида нишонлаш бахтига эришдим. Оиладагиларим бу кунни интиқлик билан кутишаётганди, — дейди, Афв Фармони билан жазо муддатини тўлиқ ўташдан 1 йил олдин озодликка чиққан, Фарғона вилояти, Данғара туманида истиқомат қилган Султонали Холиқов. – Баъзан инсон ҳаётда хато йўлга кириб қоларкан. Ўйламай босилган ана шу биргина ноўрин қадам унинг оиласи ва яқинлари юзини ерга қаратади. Мен қилган ишимдан афсусдаман! Хатоларимни тузатишга сидқидилдан киришишга тайёрман. Надоматдаги илтижоларимни қабул қилган Аллоҳга шукрлар айтган ҳолда, пушаймонлигимни инобатга олган Президентимиздан бутун оиламиз номидан бир умр миннатдорман!

Ушбу маҳкум хато йўлда эканлиги туфайли Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159, 244-моддалари билан 10 йилу 2 ой озодликдан маҳрум қилинганди. Эни у муддатидан олдин оиласи бағрига қайтди. Шунингдек, ушбу манзил колониядан оиласи бағрига қайтиб, фарзанди ва яқинларини бағрига босган Андижон шаҳрида туғилган Дилшод Абдураҳмонов, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида яшаган Даврон Қўзибоев, Фарғона вилояти Бешариқ туманидан жазони ўташга юборилган Баҳодир Қамбаровлар қилмишидан пушаймонлигини изҳор этишди.

Афв тўғрисидаги Фармон туфайли Тошкент вилоятидаги манзил колониялардан улар каби тузалиш йўлига ўтган маҳкумлар озод этилди. Улар Рамазон ҳайити байрамни ўз яқинлари бағрида нишонлаш бахтига мушарраф бўлишди. Шу боис озодликка чиққан маҳкумлар қалбида мамлакатимиз раҳбариятига миннатдорлик туйғулари, хайрли дуолари мужассам эди.

 

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

(Халқ сўзи)

Манба: xs.uz

 

Read 1938 times

Янгиликлар

Top