Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари намозхонларни янги масжид билан қутладилар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида янги очилаётган “Менгтўра ҳожи бобо” жоме масжиди билан маҳаллий аҳоли вакилларини қутладилар.
Аллоҳга шукрки, юртимиздаги икки мингдан зиёд масжидлар кундан-кунга обод бўлмоқда. Янгидан-янги масжидлар очилмоқда, мавжудлари қайтадан таъмирланиб, чиройли ҳолатга келтирилмоқда.
Мана шундай масжидлардан бири Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани “Офтобмакон” маҳалласида янги очилаётган “Менгтўра ҳожи бобо” жоме масжиди қурилиши ҳам маҳаллий аҳоли саъй-ҳаракатлари билан 2019 йилда бошланиб, 2020 йил февраль ойида якунланди.
Саховатпеша инсонлар кўмаги ва ҳашар йўли билан бунёд этилган жоме масжид сиғими 700 нафар намозхонга мўлжалланган. Масжид иситиш қурилмалари, иссиқ пол, сунъий иқлим ҳосил қилувчи анжомлар билан жиҳозланган.
Ўттиз уч метрли минора масжидга ўзгача файз бағишлаб турибди. Масжид ҳовлисида маъмурият хоналари, имом-хатиб, имом ноиби ва қоровулхона кабилар мавжуд.
Янги жоме масжиди барпо этилишига жуда катта ҳисса қўшган инсонлар, қурувчи-муҳандислар, саховатпеша кишилар ва масжид қуриш учун жой ажратиб берган инсонларнинг ҳақларига ва уларнинг ўтган марҳумларининг руҳи покига Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, муфтий ҳазратлари томонларидан кўпдан-кўп дуолар қилинди.
Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидни халқимизга муборак айлашини насиб этсин!

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2590 times

Янгиликлар

Top