Ўзбекистон янгиликлари

Хайрли ишга кўмаклашганларга миннатдорлик билдирилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси «Zo‘r» TV телеканали билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, ушбу телеканалда эфирга узатилаётган “Мени кечир” кўрсатувида Диний идора ходимлари, имом-хатиблар эксперт сифатида қатнашмоқда.

Куни кеча «Zo‘r» TV телеканали мутасаддилари ушбу кўрсатувга ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари: Шерзод Йўлдошев, Ҳикматулло Тоштемиров, Фазлиддин Мамадалиев ва Илҳомжон Мадалиевларга миннатдорликчилик тариқасида “Ташаккурнома” берди.

Маълумот учун, телеканалнинг “Мени кечир” кўрсатувида турли сабаб билан орасига совуқчилик тушган инсонлар муаммоси ўрганилиб, соҳа мутахасислари иштирокида кўрсатув қаҳрамонларига керакли тавсиялар берилади. Натижада кўплаб инсонлар ўртаси ислоҳ бўлиб, қариндошлик ва қадрдонлик муносабатлари тикланади.

Динимиз таълимотига кўра, эзгулик Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда буюрилган ва тарғиб қилинган амаллардир.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилинглар, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилманглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида ,2-оят).

Бу ҳақда Имом Замахшарий: “Оятда умуман эзгулик ва тақвонинг ҳар қандай кўринишини, гуноҳ ва душманликнинг барча турлари назарда тутилган, дейиш ҳам мумкин. Бу ҳолда ҳам ўзаро кечиримли бўлиш ва (яхшиликларда) ёрдамлашиш маъноси англашилади”, дейди.

Демак, мусулмон киши инсонлар орасини ислоҳ қилиш ишларида ҳам ҳамкор бўлиши керак экан. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ана шундай хайрли ишларда доимо ҳамкор ва ёрдамчи бўлишга тайёр.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1537 times

Янгиликлар

Top