Ўзбекистон янгиликлари

Шарқ цивилизацияси ва ёшлар

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида талаба-ёшларга диний маърифатнинг асл моҳиятини тушунтириш мақсадида турли соҳалар вакиллари, етук мутахассис ва олимлар иштирокида турли мавзуларда учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Бунда ёшларимиз таълим-тарбия, маънавий-маърифий ҳамда илмий-педагогик соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бирга миллий анъана ва удумларнинг халқимиз ўзлигини намоён этишидаги аҳамияти, уни авайлаб-асрашнинг зарурати хусусидаги билим ва амалий кўникмаларга эга бўлмоқда.

Академиянинг ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси ҳузуридаги “Тафаккур майдони” илмий-маърифат жамоатчилик маркази томонидан “Шарқ цивилизацияси: ёшлар ва янгича дунёқараш” мавзусида талаба-ёшлар учун илмий-маърифий баҳс ва мунозара ташкил этилди. Учрашувда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Жумаев иштирок этди.

– Бугунги мавзу жуда долзарбдир, – деди Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров. – Шарқда шаклланган ислом цивилизацияси нафақат ислом олами, балки бутун башарият, инсоният тараққиётига таъсир қилди, дейиш мумкин. Ислом цивилизациясининг асосий ўзак ғояларидан бири – илм эгаллашга бўлган ҳурматдир. Аммо, минг афсуски, бугунги кунда мусулмон дунёси нега бу нарсадан узоқлашиб боряпти? Нега бойлик, ҳашаматга ружу қўймоқда? Нега илмий салоҳият, айниқса, аҳолининг саводхонлик даражаси бўйича мусулмон дунёси бошқалардан орқада қолмоқда? Бунинг сабабини пухта ўйлаб кўриш керак.

“Бешикдан қабргача илм изла” деб айтилади Ҳадису шарифларда. Бу яхши. Аммо инсон ўзи олган билимларини ҳаётга татбиқ эта олиши муҳим. Шу боис диний билимларимиз инсон маънавий оламини бойитишга хизмат қилиб, унинг ўзлигини англашга ва эл-юрт корига яраш учун дунё илмларини эгаллашига қувват бермоғи зарур.

– Тарихга юзланадиган бўлсак, дунёнинг деярли барча қитъаларида ўзига хос цивилизациялар бўлган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н.Жумаев. – Қувонарлиси, ушбу цивилизациялар она Ватанимизда ҳам юз бериб, улуғ бобокалонларимиз дунё илм-фани тараққиётига муносиб ҳисса қўшган. Шу нуқтаи назардан, бугуни кунда ҳам давлатимиз раҳбари таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратмоқда. Мисол учун, Президентимиз ташаббуси билан жорий йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилди. Юртбошимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида асосий урғу таълим соҳасига қаратилди. Чунки таълимсиз ривожланиш бўлмайди. Вазиятга реал баҳо берадиган бўлсак, бугун ривожланган мамлакатлар тараққиёти замирида илмга бўлган инвестицияни кўрамиз. Бизда ҳам шу йўлдан боришга интилиш кучли. Шу боис давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан ёшлар учун кўплаб шароитлар яратиляпти. Бир неча йил аввал ёшларни олий таълимга жалб қилиш кўрсаткичи анча паст бўлиб, ҳар 100 нафар ёш 9 нафарининг олий таълим олишга имконияти мавжуд эди. Ўтган йили бу кўрсаткич 25 фоизга чиқди. Яқин йилларда бу кўрсаткич янада ошади. Зеро, таълимга бўлган эътиборни кучайтирмасдан туриб тараққиётга эришиб бўлмайди.

Баҳс-мунозаралар давомида Шарқ цивилизациясининг ривожида юртимиз алломаларининг тутган ўрни, улар қолдирган бебаҳо маънавий мероснинг аҳамияти, дунё сиёсат майдонида содир бўлаётган ўзгаришлар, ёшларни қийнаётган муаммолар ҳақида сўз юритилди.

Талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича маърузачиларга мурожаат қилди. Қизғин ўтган учрашув йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати

Read 1539 times

Янгиликлар

Top