Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари марказ илмий ходимлари билан мулоқот қилдилар

Куни кеча, 1 июнь куни Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ташриф буюрдилар. Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар домла Сайфуддинов, Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов, Имом Термизий маркази директори Шукрулло Умаров ҳамроҳлик қилди.
Ташриф давомида Марказ ҳамда таълим муассасаси фаолияти билан яқиндан танишиб, илмий ходимлар, педагог-ўқитувчилар ҳамда ислом таълим муассасаси талабалари билан мазмунли суҳбат ўтказдилар.
Суҳбат давомида Марказда олиб борилаётган ишлар билан, хусусан Марказ илмий ходимлари томонидан нашр этилган китоб ва рисолалар билан яқиндан танишиб, олиб борилаётган ишларни янада ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди. Жумладан, Марказ илмий ходимлари томонидан нашрга тайёрланган Имом Термизий ва термизий алломалар меросига оид Ҳаким Термизийнинг Қуръон тафсирига бағишланган “Китаб фийҳи тафсиру суротил Фатиҳа ва аятин мин суротил Бақара” қўлёзма тафсирининг таҳқиқи, Абу Жаъфар Термизийнинг “Тафсири Яҳё ибн Ямон Нофиъ ибн Абу Нуъайм Муслим ибн Холид Занжий Ато Хуросоний” асарларининг тадқиқ этилиши ва “Сунани Термизий” асарининг ҳанафийлик йўналишида 10 жилдлик таржима ва шарҳини аввалги 3 жилди тайёрланганлиги муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига катта қизиқиш уйғотди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Термиз шаҳрида халқаро илмий тадқиқот маркази ҳамда таълим муассасаси ташкил этилиши бежизга эмаслигини таъкидлаб, бу илм масканларидан буюк термизий алломалар каби етук уламолар давомчилари етишиб чиқишига ишонч билдирилди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов томонидан қуйидаги таклифлар берилди:
Хорижда Имом Термизий ва термизлик алломалар мероси билан шуғулланаётган олимлар билан яқиндан алоқа ўрнатиш, уларни Термизга таклиф қилиш ҳамда улар билан илмий семинарлар ўтказиш;
Марказ кутубхона фондини хорижий манбалар ва юртимиздан етишиб чиққан буюк аждодларимиз мероси, хусусан, термизий алломаларнинг маънавий мероси билан бойитиб бориш;
Марокаш давлатида Имом Термизий ва Термизий алломалар мероси билан шуғулланувчи олимлар билан ҳамкорлик қилиш;
Марказ илмий ходимлари томонидан нашрга тайёрланган “Сунани Термизий”нинг таржима ва шарҳини дастлабки нусхааларини тайёрлаб тез фурсатда ЎМИга тақдим этиш;
Ҳаким Термизий ва Имом Термизийнинг ўзаро илмий алоқалари ҳамда учрашганларига доир маълумотларни аниқлашлаш ва кенг жаҳон афкор оммосига маълум қилиш;
Марказнинг Халқаро алоқалар бўлими мутахассис Ж.Мирзаевга “Султон Саадат” зиёратгоҳи ҳақида аниқ илмий далилларга асосланган китоб ва рисола тайёрлаш;
Афғонистондаги Жавзжон университети ва бошқа илмий марказ ҳамда таълим даргоҳлари билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, илмий семинар ва давра суҳбатлари ташкил этиш;
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига ташриф буюрган Афғонистон, Эрон, Покистон мамлакатларидан делегация ва меҳмонлар ташриф буюрган вақтда Марказнинг “Манбашунослик” бўлими бошлиғи Каромиддин Жамаҳматовни таржимон ўлароқ жалб қилиш;
Марказ илмий ходимлари томонидан нашрга тайёрланган китоб-рисолалар ва “Сунани Термизий”нинг таржима ва шарҳини нашр этилишига маблағ ажратиш;
Марказ фаолиятини Республика ва хорижда кенг тарғиб этиш ҳамда илмий ходимлар салоҳиятини ошириб бориш;
Марказ илмий ходимларининг илмий савиясини ошириш ва докторлик диссертацияси ҳимоялари сонини кўпайтириш.

Шукрулло УМАРОВ,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори

Read 1530 times

Янгиликлар

Top