Ўзбекистон янгиликлари

Ҳаким Термизий зиёратгоҳи – сайёҳларни чорловчи муборак маскан

Маълумки, Сурхондарё вилоятига келган ҳар бир сайёҳ буюк аллома ва авлиёлар қадамжоларини ихлос билан зиёрат қилади.
Ҳозир нафақат Ўрта Осиё, балки ислом оламида машҳур бўлган Ал-Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳи X-XIV асрларга тегишли меъморий ёдгорлик мажмуаси ҳисобланади.

ЎзА хабарига кўра, Амударё бўйида жойлашган буюк мутафаккир зиёратгоҳи вилоятдаги энг обод, энг кўркам масканлардан бирига айланган. Бу муқаддас даргоҳга зиёратга келувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони ҳам йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

Бу ерга келган сайёҳлар буюк бобомиз қабрларини зиёрат қилиш билан бирга, парваришланаётган 39 мингта турли манзарали ва кўркам тропик дарахтлар, атрофга ўзгача чирой бахш этаётган гуллардан ҳам ўзгача завқ олади.

– Сўнгги пайтларда мазкур зиёратгоҳга келувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида бир қатор ишларни амалга оширдик, – дейди Ҳаким ат-Термизий ёдгорлик мажмуаси директори Абдураим Чориев. – Ўтган йили намозхонлар учун барча қулайликларга эга 29 ўринли таҳоратхона қурилди. Бундан ташқари, зиёратгоҳ ёнида вилоят ва туман ҳокимликлари билан келишилган ҳолда, маҳаллий тадбиркорларнинг маблағи ҳисобидан кўркам 10 та савдо растаси ҳам қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бунинг натижасида қўшимча иш жойи яратилди. Ҳунармандлар ўзлари қўл меҳнати билан ясаган кўзалар, тикилган чиройли сурхон кашталари, бойсун дўппиларини кўрсангиз кўзингиз қувнайди.

Маълумотларга кўра, Ҳаким ат-Термизий 400 дан ортиқ асарлар ёзган бўлиб, улар дунёвий ва диний илмларнинг турли соҳаларига бағишланган. Бобомиз асарларининг 50 дан ошиғи бугунги кунгача етиб келган.

Мажмуа ҳудудидаги Термиз ва термизийлар мероси тарихи музейида вилоятнинг тарихий ёдгорлик намуналари намойиш этилмоқда.
Музей бўлим мудири Умид Йўлдошевнинг таъкидлашича, бу ерда қадимги Термиз шаҳри қазишма ишларида топилган 300 га яқин турли ашёлар, тарихий қўлёзмалар, уй-рўзғор буюмлари ва ҳарбий қуроллар жамланган. Қадимги асрларга оид Буддавийлик, Ислом динларига оид эскпонатлар коллекциясини томоша қилганганингизда ўша даврлар ҳақида таассуротларга эга бўлиш мумкин.

Шунингдек, сайёҳларга қўшимча ахборот бериш мақсадида Термизий бобомиз ҳақида ҳужжатли фильмлар ҳам намойиш этилади.
Шу кунларда мазкур ёдгорлик мажмуаси зиёрат учун келган сайёҳлар билан гавжум. Президентимизнинг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан оилавий саёҳат қилувчилар, хусусан, ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва ёшлар билан биргаликда муқаддас қадамжоларга келиш учун барча зарур қулайлик яратиляпти.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1357 times

Янгиликлар

Top