Бугун, 2 август куни Мир Араб олий мадрасасида Араб тилидан ижодий имтиҳон бошланди. Уни олий мадраса ректори Ҳайдархон домла Йўлдошхўжаев кириш сўзи билан очиб берди. Сўнг қорининг Қуръон карим тиловати ва устозларнинг хайрли дуолар билан асосий тадбирлар бошланди.
Ижодий имтиҳон бошида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов Дин ишлари бўйича қўмита Диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов, қабул ҳайъати аъзолари иштирокида ижодий имтиҳонни ўтказиш тартиби, белгиланган қоидаларни тушунтирди. Кейин эса абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида имтиҳон билетлари солинган ва муҳрланган махсус қоплар очилди.
Шундан сўнг абитуриентлар карантин талаблари асосида олий мадрасаси биноси имтиҳон учун ажратилган айвон қисми жойга киритилиб, муҳрланган конвертлардан бирини танлаб, билет саволларига тайёрланиш учун парталардан жой олмоқда. Маълум вақтдан сўнг абитуриентлар имтиҳон олувчи ўқитувчилар олдида билет саволларига жавоб беришмоқда.
Имтиҳон жараёнларини Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, институт қабул ҳайъати аъзолари ва турдош ташкилот вакиллари кузатиб, назорат қилмоқда.
Маълумот учун, 2021-2022 ўқув йили учун кундузги таълим бўйича Мир Араб олий мадрасасига 114 нафар йигит ва 25 нафар аёл-қиз абитуриент ҳужжат топширган.
Эслатиб ўтамиз, эртага, 3 август куни Олий мадрасада Ақоид-фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синови бўлиб ўтади.
Мандат натижалари эса 4 август куни эълон қилинади.
Ижодий имтиҳон жараёнларини https://www.facebook.com/mirarab.uz саҳифаси орқали онлайн кузатиб боришингиз мумкин.
Мир Араб олий мадрасасидаги имтиҳон, муассасадаги таълим жараёнлари ва соҳадаги сўнги янгилик,
мутахассисларнинг ўткир мақолаларини mirarab.uz сайтидан билиб олишингиз мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати