Бугун, 3 август куни Мир Араб олий мадрасасида кундузги таълим йўналиши бўйича кириш имтиҳонининг Ақоид-фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовлари бўлиб ўтди. Уни олий мадраса ректори Ҳайдархон домла Йўлдошхўжаев кириш сўзи билан очиб берди.
Дастлаб, абитуриентлар карантин чора-тадбирларига мувофиқ, олий мадраса ҳовлисидаги имтиҳон ўтказиладиган парталарга жойлаштирилди. Кириш имтиҳони қорининг Қуръон карим тиловати ва устозларнинг хайрли дуолар билан асосий тадбирлар бошланди.
Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов, қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида тест саволлар китоби ва жавоблар варақаси солиниб, муҳрланган махсус қоплар очилди.
Кейин тест материаллари абитуриентларга тарқатилиб, Ақоид-фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тестларни ечиш учун 2 соат вақт ажратилди, варақаларни тўлдириш ва бўяшга 10 дақиқа вақт қўшиб берилди.
Тест синовларини Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва қабул ҳайъати аъзолари кузатиб, назорат қилди.
Маълумот учун, 2021-2022 ўқув йили учун кундузги таълим бўйича Мир Араб олий мадрасасига 114 нафар йигит ва 25 нафар аёл-қиз абитуриент ҳужжат топширган.
Эслатиб ўтамиз, мандат натижалари 4 август куни эълон қилинади.
Ижодий имтиҳон жараёнларини https://www.facebook.com/mirarab.uz саҳифаси орқали онлайн узатилди.
Мир Араб олий мадрасасига кириш имтиҳони натижалари (мандат), муассасадаги таълим жараёнлари ва соҳадаги сўнги янгилик, мутахассисларнинг ўткир мақолаларини mirarab.uz сайтидан билиб олишингиз мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати