Ўзбекистон янгиликлари

Саудия хайрия жамғармаси Ўзбекистонга беғараз ёрдам миқдорини оширади

Мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчиси Улуғбек Мақсудов “Alwaleed Philanthropies” хайрия жамғармаси бош котиби Ламия бинт Абдулмажид Ол Сауд билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мулоқот чоғида жамғарма томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган лойиҳаларга кўрсатилаётган беғараз молиявий ёрдамнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Суҳбат аввалида Ламия Ол Сауд Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётганидан мамнунлигини ва уни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини билдирди.

Жамғарма раҳбари шаҳзода Алвалид бин Талол томонидан муайян лойиҳалар учун жами 500 минг АҚШ доллари ажратишга розилик билдирилганини маълум қилди. Ушбу маблағларнинг 200 минг доллари Оролбўйи минтақаси инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст жамғармасига, 150 минг доллари эса “Ҳунарманд” уюшмасининг “Тупроққалъа туманида уй шароитида қўлда гилам тўқиш цехини барпо этиш” лойиҳасига тақдим этилганини қайд этди.

Бундан ташқари, Ламия Ол Сауд “Zamin” Халқаро жамоат фондининг “Эшитиш қобилияти қийин бўлган болалар таълимини ривожлантириш” дастурига 150 минг доллар ажратилиши юзасидан қисқа муддатларда шартнома имзоланишини тасдиқлади.

Суҳбатдош, шунингдек, Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида жамғарма делегациясининг мамлакатимизга амалий сафар билан келишга тайёрлигини билдирди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1105 times

Янгиликлар

Top