Ўзбекистон янгиликлари

Уч авлод учрашуви

Тарихга назар солмасдан, келажакка боқиб бўлмайди. Бинобарин, инсонни инсон этиб тарбиялашда энг яхши восита бу тарих деб бежизга айтилмаган. Кексаларимиз эса тирик тарихимиздир. Чунки улар улуғ ёшда яшаб ҳаёт йўлидаги мураккаб тўсиқларни енгиб ўтиш сир-асрорлари ҳамда  ўзларидан аввалгилар ҳақидаги хабарларни ҳам сўзлаб берадилар.

Қарияларимиз бизнинг бойлигимиздир. Зеро, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Агар орангизда мункиллаб юрган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келарди” дея марҳамат қилганлар. Ҳақиқатан ҳам исломда сочи оқарган кексаларнинг даражаси Аллоҳ таолонинг наздида юқоридир. Шу туфайли ҳам уларнинг дуолари ижобат бўлишга яқиндир. Динимизда қарияларни қадрлаш, уларга ҳурмат кўрсатиш ҳамда дуоларини  олишбуюрилган ишлардандир.

Шу сабабли 6 - май куни биз ўз курсдош талабалар мураббий Алишер домла бошчилигида ўз куч-қувватини халқ, ватан, дин йўлида сарф этиб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган фахрий устозимиз Абдуқаюм домланинг зиёратларига бордик. Устоз бутун умрларини шу юрт равнақи учун сарфлаган ҳақиқий ватанпарвар инсонлардандир. Ўз илмий фаолиятлари давомида бизнинг олийгоҳимиз бўлмиш Тошкент ислом институтида ректорлик вазифасида ҳам бир неча йил фаолият кўрсатганлар.

Устоз билан суҳбатимиз жуда мароқли бўлди. Ўзларининг ёшлик чоғлари, илмий фаолиятлари, хусусан, олий маъҳадда кўрсатган фаолиятлари ҳақида сўзлаб ҳозирги пайтда биз ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар билан олдинги ҳолат ўртасида жуда катта тафовут бор эканлигини сўзлаб бердилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг неъматларни завол бўлишидан олдин унумли фойдаланиб, уларнинг шукрини қилиб қолиш ҳақидаги кўрсатмаларига биноан ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиш, вақтни қадрига етиш лозимлигини айтиб ўтдилар.

Суҳбатимиз сўнгида устозимиз бизнинг ҳаққимизга дуои хайрлар қилдилар. Биз талабалар ушбу учрашувдан жуда катта таассуротлар олдик. Аллоҳ таолодан устозимизга тинчлик-хотиржамлик, биз шогирдларининг бахтига соғ-омон бўлишларини сўраб қоламиз.

 

Нодиров Ҳумоюн,

1-курс талабаси

Read 7390 times

Янгиликлар

Top