Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистоннинг Британия кутубхоналари билан илмий ҳамкорлиги ривожланмоқда

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида Бирмингем университети қошидаги Cadbury Research Library ва Британия кутубхонаси вакиллари билан онлайн учрашувлар ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги мухбири.
Британия томонига Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг илмий фаолияти, шунингдек, Ўзбекистон кутубхона тўпламларида сақланаётган 100 мингдан ортиқ нодир қўлёзмаларни сақлаб қолиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.


Суҳбатдошлар Беруний, Абу Али Ибн Сино, Хоразмий ва бошқа Шарқ Уйғониш даври олимларининг илм-фан ривожига қўшган муҳим ҳиссасини алоҳида таъкидладилар. Ўзбекистон ҳукуматининг олимларнинг илмий асарларини сақлаш ва оммалаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланиб, ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлиги билдирилди.
Британия кутубхоналари ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси тадқиқотчилари ўртасида, жумладан, Британия кутубхонаси ва «Cadbury» кутубхонасида сақланаётган нодир қўлёзмаларни ўрганиш соҳасидаги илмий тадқиқотлар орқали илмий алоқаларни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. Бирмингем университетида ўзбек мутахассисларининг илмий-тадқиқот стажировкаларини ташкил этиш, қўлёзмаларни сақлаш, тиклаш, каталоглаштириш ва рақамлаштириш соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.


Томонлар ўзаро ташрифлар чоғида қўшимча асосли музокараларни, хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегациясининг 2022 йил февраль ойида Буюк Британияга ташрифини ўтказишга келишиб олди.
British Library каталоглаштирилган буюмлар сони бўйича (200 миллионга яқин), жумладан, тарихий китоблар, хариталар, қўлёзмалар ва бошқалар бўйича дунёдаги энг йирик миллий кутубхона ҳисобланади. Кутубхонага ҳар йили 1,6 миллионга яқин ўқувчи ташриф буюради. «Cadbury» - Бирмингем университети қошидаги тадқиқот кутубхонаси ҳисобланади. Унда 20 тилдаги катта қўлёзмалар тўплами (3 мингдан ортиқ) мавжуд. Кутубхонанинг энг машҳур экспонати VII асрда ёзилган Қуръон қўлёзмаси (The Birmingham Qur’an Manuscript) ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 1552 times

Янгиликлар

Top