Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Қозоғистондаги йирик жомеда 10 минглаб намозхонга мавъиза қилдилар

Қозоғистон сафари асносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бугунги жума намозини Нур-Султон шаҳрида бир неча ўн минглаб жамоат тўпланган “Ҳазрати Султон” жоме масжидида адо этиш учун ташриф буюрдилар. Жума намози аввалида Қозоғистон бош муфтийси Наврўзбай ҳожи мавъиза қилиб, сўнг сўзни Муфтий Нуриддин домла ҳазратларига берди

Муфтий ҳазратлари қардош халқ мўмин-мусулмонларига Қуръони каримнинг Нисо сурасидаги: “Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир” мазмунидаги ояти каримани айтиб, уни тафсир қилиб бердилар.

Шунингдек, инсонлар бир-бирига дўст-қардош бўлиши лозимлиги ҳақидаги ҳадиси шарифлардан айтиб, шарҳлаб бердилар.

Маъруза давомида Муфтий ҳазратлари Қозоғистонда ўтган “Мустақил Қозоғистон ва Ислом қадриятлари” номли халқаро анжуман муваффақиятли бўлгани, нуфузли тадбир, учрашувлар, умуман яхшилик йўлидаги ҳамкорлик алоқалари қардош халқлар дўстлигига катта ҳисса қўшганини алоҳида қайд этдилар.

Икки давлат президентларининг саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқиб, жадал ривожланиб бораётганини таъкидладилар.

Жума намози давомида Муфтий ҳазратларидан дуо талабида бўлган ўн минглаб намозхонлар, хусусан турли сабаблар ила ушбу шаҳарда бўлиб турган ватандошларимиз ҳаққига жамоат билан бирга хайрли дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1396 times

Янгиликлар

Top