Ўзбекистон янгиликлари

Испания нашри ўқувчиларни Ўзбекистонга сайёҳатга чорлади

Испаниянинг «Informe Oriente Medio» нашрида «Ўзбекистон: Лотин Америкаси аҳолиси учун тарихий ва маданий туризм» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Ушбу мақола Ўзбекистон сайёҳлик бренди элчиси Софи Иббоцоннинг Лотин Америкаси ва Ўртаер денгизи ҳудудидаги етакчи испан тилидаги «Informe Oriente Medio» ахборот агентлигига берган интервьюси асосида тайёрланган.

«Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди Европа, Хитой ва Ҳиндистон ярим оролини боғловчи Буюк Ипак йўлининг қоқ маркази бўлган. Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар илм-фан, маданият марказлари сифатида шуҳрат қозонган. Уларнинг номи Марказий Осиё чегараларидан ташқарида ҳам машҳур бўлган», дея Софи Иббоцоннинг фикрларидан иқтибос келтиради нашр.

Материал Ўзбекистонда ўнлаб этник ва лингвистик гуруҳлар, жумладан, ўзбеклар, тожиклар, қорақалпоқлар, руслар, Бухоро яҳудийлари, татарлар, корейс ва бошқа миллатлар вакиллари ёнма-ён, тинч-осуда фаровон ҳаёт кечираётгани алоҳида таъкидланган.

“Қаерга борманг, масжидлар, православ ва католик черковлари, буддавийлар ибодатхоналари ва ҳатто зардуштийларнинг минорасигача бўлган турли эътиқод масканларини кўрасиз”, деб ёзади нашр.

Софи Ибботсон муштарийларга Буюк Ипак йўли тарихига оид «Дунёнинг янги тарихи» (Питер Франкопан), «Қизил қумлар» (Кэролин Иден), «Учар гиламда Хивага саёҳат» (Кристофер Аслан Александр) асарлар билан танишишни тавсия қилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1069 times

Янгиликлар

Top