Ўзбекистон янгиликлари

Саудия Арабистонидаги ўзбек ватандошлар билан учрашув ўтказилди

Ўзбекистоннинг Ар-Риёддаги элчихонасида Саудия Арабистонидаги ўзбек диаспораси – ватандошлар жамияти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири. Унда Ар-Риёд шаҳридан Қори Нусратулло, Жиддадан Муҳаммад Соли ал-Обидий, Муҳаммад Сабур, Мусо Муҳаммад Соли, Макка шаҳридан Абдул Ҳамид сингари ватандошларимиз вакиллари иштирок этишди.

Учрашувда ўзбек диаспораси вакилларига сўнгги йилларда Ўзбекистон ижтимоий ва иқтисодий ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳамда мамлакатимиздаги бағрикенглик, тинчлик, ёшларга, жумладан, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларга кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Ватандошлар Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик кўлами кундан-кунга кенгайиб бораётгани, хорижий сармоядорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш сиёсати туфайли турли соҳаларда Саудия сармояларининг ҳажми ортиб бораётганини мамнуният билан қайд этилди.

Ўзбекистон элчихонаси айни пайтда ватандошлар ўртасида «Ўзбек заминидан етишиб чиққан олимлардан кимни биласиз?» мавзусидаги мусобақани ўтказишга тайёргарлик кўраётгани, унда нафақат ўзбек диаспораси вакиллари, балки мамлакатда вақтинча истиқомат қилаётган ватандошлар, саудиялик ёшлар ҳам иштирок этиши ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Ар-Риёд шаҳри вакили Қори Нусратулло ватандошлар номидан Ўзбекистонга бўлган юксак ҳурмат ва муҳаббат туйғулари сўнмаслиги ва ота-боболари туғилиб ўсган қадрдон диёр ҳамиша қалбларда ардоқланишини алоҳида қайд этди.

Унинг таъкидлашича, Саудия Арабистонидаги ўзбеклар ижтимоий аҳволлари жиҳатидан турли поғоналарни эгаллашган. Юртдошларимиз орасида вазирлар, генераллар, элчилар, диний ва дунёвий илмларнинг билимдонлари, профессорлар, инженер, учувчи ва тиббиёт докторлари ҳам бор. Ватандошларнинг аксарияти ишбилармонлар бўлиб, асосан, мамлакатнинг марказий шаҳарлари ҳисобланган Мадина, Макка, Тоиф, Ар-Риёд шаҳарларида яшашади. Ўзбек ватандошлар Мадинаи
Мунаввара шаҳрида ўзларининг ҳисобларидан «Андижон боғчаси», «Чуст такяси» деб аталадиган мусофирхоналарга асос солишган.

Ўзбекистонда яратилаётган барча қулай имкониятлардан фойдаланган ҳолда мамлакатимизнинг Саудия Арабистон билан барча йўналишларда тобора кенгайиб бораётган алоқаларини янада чуқурлаштиришга ўзбек ватандошлари ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликлари маълум қилинди.
Жиддалик ватандош Муҳаммад Соли ал-Обидий Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган очиқлик, бағрикенглик ва дўстлик сиёсатини юқори баҳолади.

Ватандошнинг айтишича, Саудия Арабистонидаги ўзбек ватандошларимиз араб имлосида ўқиб, фаолият олиб боришади. Улар ва фарзандлари мактаб ва олий ўқув юртларида араб тилида таҳсил олишади, лекин оилада ва ўзбек жамоаларида ўзбекча сўзлашадилар.

М.ал-Обидий фарзандларига Ўзбекистоннинг тарихи ва бугунги куни, дунё тан олган машҳур ўзбек уламолари, кўп мамлакатларда ўзбеклар томонидан барпо этилган машҳур иншоотлар, жумладан, Мисрдаги «Миқёс ан-Нил», Ҳиндистондаги Тож Маҳал, Покистондаги Шалимар боғи ҳақида бераётган маълумотлари уларда Ватанга меҳр уйғотаётганини таъкидлади.

М.ал-Обидийнинг маълум қилишича, ҳозирги пайтда Саудия Арабистонида яшаётган ватандошлар «Улуғ ўзбеклар» номли гуруҳ доирасида жамоат тадбирларини биргаликда уюштиришмоқда.

Ушбу гуруҳ бундан буён элчихона билан алоқаларни янада ривожлантиришга тайёр эканлиги билдирилди.

Макка шаҳридан келган ватандош Абдул Ҳамид Саудия заминида туғилиб, улғаяётган авлодни ўзбек тилидаги бадиий ва ўқув адабиётлар ҳамда бошқа зарур материаллар билан таъминлашда кўмак берилишини сўради.
Шу билан бирга, элчихона томонидан уюштирилиши режалаштирилаётган тадбирларда, хусусан, Саудия Арабистонида «Ўзбек маданият маркази»ни очиш,

«Ўзбекистон маданияти кунлари» ва бошқа тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказишда ўзбек диаспораси жамоалари ва вакиллари яқиндан кўмак кўрсатишга тайёр эканлиги маълум қилинди.

Жиддалик ватандош Муҳаммад Сабур Ўзбекистон ва Саудия Арабистони улкан экспорт салоҳиятига эга эканлиги хусусида атрофлича тўхталди. У Ўзбекистонда етиштирилган ҳўл ва қуритилган мева-сабзавотлар, тўқимачилик ва чарм-пойафзал маҳсулотлари, чинни, сополдан ишланган буюмларни импорт билан шуғулланувчи ватандошларимиз Саудия Арабистонига олиб киришга катта қизиқиш билдираётганини айтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 923 times

Янгиликлар

Top