Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон делегацияси Озарбайжонга етиб борди

Аввал хабар берилганидек, Озарбайжонга хизмат сафарига жўнаб кетган Ўзбекистон делегацияси Боку шаҳрига етиб борди.

Боку халқаро аэропортида вакилларимизни Озарбайжон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раиси Қурбонали Мубориз ва Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайх-ул-Ислом Оллоҳшукур Пошшозода кутиб олди.

Сафар аввалида вакилларимиз Озарбайжоннинг марҳум Президенти Гайдар Алиев қабрини зиёрат қилдилар ва унинг хотирасига Қуръон тиловат қилинди.

Шундан сўнг, делегациямизни Озарбайжон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Қ.Мубориз қабул қилди. Учрашувда О.Юсупов самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, бу ташриф диний соҳада икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга умид билдирди.

Учрашувда Қ.Мубориз сўз олиб, О.Юсупов ва муфтий ҳазратларини Озарбайжонга ташрифи билан яна бир бор қутлади. У сўзида давом этиб - Ўзбекистон қадим қадимдан илм бешиги бўлгани, Озарбайжоннинг кўплаб аҳли илмлари, хусусан, Оллоҳшукур Пошшозода каби алломаларнинг  Ўзбекистондаги диний мадрасаларда илм олганини алоҳида таъкидлади ва Ўзбекистонда диний соҳаларда қилинган ишлар ва амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Қ.Мубориз ўз сўзида давом этиб, Озарбайжон бошқа соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш тарафдори, хусусан, дунё ҳамжамиятини ташвишга солиб келаётган экстремизм ва терроризмга қарши курашда икки давлат ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини билдирди.    

Учрашув сўнгида томонлар ўзаро ҳамкорлик учун миннатдорчилик изҳор қилиб, эсдалик совғалари алмашдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими 

Read 6313 times

Янгиликлар

Top