Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент ислом институтида фавқулодда вазиятларга тайёргарлик бўйича амалий машғулот бўлиб ўтди

Тошкент ислом институтида “Аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш” мавзусида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғин хавфсизлиги ва авария-қутқарув хизмати ходимлари томонидан амалий машғулотлар бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи, ТИИ профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва талабалари иштирок этдилар.
Фавқулодда вазиятлар жабрланган одамларнинг сонига, кўламига ва етказилган моддий зарарнинг миқдорига қараб локал, маҳаллий, республика миқёсида ҳамда трансчегаравий бўлиши мумкин.
Табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар қуйидагилардир: муайян ҳудудда одамлар қурбон бўлишига, одамларнинг соғлиғига ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотларга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий офат ёхуд бошқа офат натижасида, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши натижасида юзага келган вазиятлар.
Фавқулодда вазиятлар рўй берганда ўтказиладиган ҳамда одамларнинг ҳаётини асраб қолишга ва соғлиғини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорларини камайтиришга, шунингдек фавқулодда вазиятлар зоналарининг кенгайишига йўл қўймасликка ҳамда хавфли омиллар таъсирини тугатишга қаратилган қутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган ишлар мажмуи, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш деб аталади.
Фавқулодда вазият манбаи юзага келганлиги оқибатида одамлар қурбон бўлиши, уларнинг соғлиғига ёки атроф табиий муҳитга зарар етиши хавфи мавжуд бўлган ва (ёки) унинг таъсирида жиддий моддий талафотлар кўрилган, шунингдек одамларнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилган ҳудуд фавқулодда вазият зонаси ҳисобланади.
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш деганда, олдиндан ўтказиладиган ҳамда фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфини имкон қадар камайтиришга, бундай вазиятлар рўй берган тақдирда эса одамларнинг ҳаётини асраб қолишга ва соғлиғини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорларини камайтиришга қаратилган тадбирлар мажмуи тушунилади.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда Вазиятлар Вазирлиги Махсус вазифалар буйича Республика қутқарув маркази Қидирув-қутқарув отряд командири катта лейтенант Пардаев Бобурмирзо фавқулодда вазиятларда қўлланиладиган техникалар ва асбоб-ускуналари тўғрисида маълумот берди. Амалий машғулот сифатида аврия-қутқарув мутахассислари 4 қаватли талабалар турар жойидан “фалокат ҳолатидаги шахс”ни қутқариб, пастга олиб тушдилар.

Билим юрти матбуот хизмати

Read 992 times

Янгиликлар

Top