Ўзбекистон янгиликлари

Сиз ҳам дарахт экдингизми?

Хайриҳоҳлик

 

Табиатга эҳтиром, боғ яратиш, кўчат экиш қон-қонимизга сингиб кетган, ота-боболаримиздан, момоларимиздан мерос қолган анъаналардан бири. Болалик чоғларимизданоқ, табиат онага қиёсланиб, уни асраб-авайлаш уқтирилади. Гар шўхлик қилиб бирор гул ёки ниҳолни синдириб қўйсак “қара, йиғлаяпти-ку, сендан хафа бўлади энди” деган онамизнинг танбеҳларини эшитганмиз.

Аллоҳ таоло бизга беҳисоб неъматлар берган. Қуръони каримда айтилганки: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига етолмайсиз” (Наҳл сураси, 18-оят). “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга (ерга) сизни ободлиги учун қўйди” (Ҳуд сураси, 61-оят). Шукур қилувчи бандалар ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррар. Унинг ҳар бир қарич еридан самарали фойдаланиш, “Яшил шаҳар”ни барпо этишга кўмаклашиши лозим.

Айниқса, ҳозирги глобаллашув даврида табиат муҳофазасини теран англамоқ даркор. Теварак-атрофда рўй бераётган ўзгаришлар инсон ҳаётига ҳар жиҳатдан таъсир қилаётир. Маиший чиқиндиларнинг кўпайиши, ҳавонинг булғаниши сингари муаммолар ўткир хавфга айланяпти. Уларнинг оқибатларини кўряпмизу, олдини олиш масаласига келганда лоқайдлик, бепарволик, ҳафсаласизлик қилинаётганлар ҳам йўқ эмас.

Бугун давлат раҳбари раҳнамолигида дарахт экиш тадбирлари кенг кўламда олиб борилмоқда. “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида йил якунига қадар 75 миллион дона кўчат экиш режалаштирилди. Юртимиздаги ҳар бир корхона, ташкилот, муассасаларда жараён қизғин. Хўш, сиз ҳам дарахт экдингизми?

Ҳар биримиз ҳаётимизни янада фаровон бўлиши йўлида амалга оширилаётган ишларнинг узвий қаноти сифатида атроф-муҳит мусаффолигига эришишни теран англамоғимиз шарт.

Ҳадису шарифларда айтиладики: “Қайси бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, ундан қуш, инсон ёки ҳайвон еса, у учун садақа бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, ҳусусан, кўчат экишга тарғиб қила туриб бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас уни экиб олсин” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).

Демаки, кўчат экиш савобли амаллардан. У киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилганидан сўнг ҳам ҳаққига муттасил савоб бориб туришига сабаб бўларкан. Шу боис ҳам ота-боболаримиз яхшидан боғ қолар деб бежиз айтишмаган.

Ғайрат БОЗОРОВ,
Қашқадарё вилоятидаги
“Оқработ ота” жоме масжиди имом-хатиби

Read 693 times

Янгиликлар

Top