Ўзбекистон янгиликлари

"Токио" масжидида ватандошлар билан учрашув ўтказилди

Мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти Яҳёхўжа Абдуроҳманов иштирокида "Токио" жоме масжидида ватандошлар учун маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашув давомида Токиода вақтинча ишлаётган ва таҳсил олаётган ватандош талабаларга Ҳадис ва Қуръон оятларидан мисоллар келтирган ҳолда фарзанд тарбияси, оила муқаддаслиги, қон-қариндошлик ришталари, ота-онага ҳамда яқинларига муносабат, шунингдек, ҳаётда юзага келадиган бошқа ҳолатлар тўғрисида маъруза қилинди.

Яҳёхўжа Абдуроҳманов ўз нутқида хориждаги ватандошлар, улар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, ўзликни англаш ва миллий қадриятларимиз, маданиятимизни кенг тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистонда фуқароларнинг диний амалларини адо этишлари учун яратилган имкониятлар алоҳида таъкидланди. Ўзбекистонда маънавий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда амалга оширилаётган ўзгаришлар, ватандошлар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар урғуланди.

Бўлиб ўтган учрашувда ватандошлар Ўзбекистонда 9 июль куни бўлиб ўтадиган муддатидан илгари Президент сайловларида фаол иштирок этишга даъват этилди.
Мулоқот давомида иштирокчилар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди. Шунингдек, ватандошлар билан келгусида долзарб мувзуларда учрашув ва тадбирларни ҳамкорликда ташкил этишга келишиб олинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 838 times

Янгиликлар

Top