Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон-Индонезия: ҳамкорликнинг янги босқичи

Индонезиянинг Гунадарма ва Бухоро давлат университети ўртасида кенг кўламли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Мазкур ҳамкорлик доирасида Индонезиянинг 90 дан ортиқ университетлари ва институтларидан профессор-ўқитувчилар ҳамда ректорлар Бухорога ташриф буюрди.

Дастлаб, Тошкент ва Самарқанднинг тарихий обидалари билан танишиб чиққан хорижлик профессор-ўқитувчилар, Бухоро шаҳридаги маданий мерос объектлари бўлмиш Исмоил Сомоний, Чашмаи Аюб, Боло Ҳовуз бўйлаб саёҳат қилди.  

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Индонезиядаги Гунадарма университети ректори, Индонезия – Ўзбекистон дўстлик уюшмасини раҳбари, Ўзбекистоннинг Индонезиядаги туризм элчиси, профессор Эко Шри Маргианти бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.  

Учрашувда Бухоро вилояти делегациясининг Индонезияга, шунингдек, индонезияликларнинг Бухорога аввалги ташрифи доирасида икки томонлама манфаатли ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган ишларни жадаллаштириш, хусусан, таълим, маданият ва зиёрат туризми йўналишида зарур чора-тадбирларни белгилаш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.  

Профессор Маргианти ўз мамлакатидаги 30 дан ортиқ университет билан Ўзбекистондаги олий таълим даргоҳлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатишда ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшиб келмоқда.  



-Аввалги учрашувларда келишиб олганимиздек, ҳозир индонезияликларга Ўзбекистонни, айниқса, Бухорони кенг тарғиб қилиш бўйича фаол ҳаракатлар олиб боряпмиз, – деди Эко Шри Маргианти. - Бу гал Бухорога 93 кишилик делегация билан келганимиз бу борадаги амалий саъй-ҳаракатларимизнинг илк натижалари деб ўйлайман. Кеча биз юртдошларимиз билан Бухоро давлат университетида бўлдик. Бухоронинг тарихий жойларида саёҳат қилдик. Барчаси жуда ажойиб ва ҳайратланарли. Ана шу ҳайрат ва ҳавасга тўла шаҳар ҳақида ҳужжатли фильм олиш истагидамиз. Уни Индонезиядаги оммавий ахборот воситаларида намойиш этамиз. Ўйлайманки, бу Бухорога индонезиялик сайёҳларни жалб қилишга катта ёрдам беради. Келгусида юртимда яшовчи 265 миллион аҳолининг барчасини Ўзбекистонга, Бухорога жалб қилиш ниятим бор.  

Мулоқот давомида туризм соҳасида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, илм-фан ва инновацион лойиҳаларда олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчиларининг иштирокини таъминлаш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди. Ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада яхшилаш, таълим тизими ва туризмда алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.  

Хорижий меҳмонлар, Бухоро туманидаги Акмал Муҳиддинов ташкил этган “Баҳоуддин Нақшбанд” ҳунармандчилик марказида ҳам бўлди. Делегация аъзолари марказ фаолияти билан танишди. Маҳорат дарсларида иштирок этди.  

Хорижий делегация учун Бухоро вилояти Маданият ва туризм бошқармаси томонидан ташкил этилган маданий тадбир меҳмонларга кўтаринки кайфият бахш этди.  

Миллий рақс ва қўшиқларга улашиб кетган маданий тадбирда, Гунадарма университети гимни ҳам янгради.  

Тадбир сўнгида меҳмонларга миллий ўзбекона дўппиларимиз ва адрас рўмоллар совға қилинди.  

Президентимизнинг 2018 йил Бухоро вилоятига ташрифи чоғида мазкур давлат билан доимий ҳамкорлик қилиш топшириғидан сўнг икки томонлама қатор ишлар амалга оширилди.  

Бухоро давлат университетида Индонезиядан юртимизга ташриф буюрган нуфузли олий таълим муассасалари раҳбарлари, туризм соҳаси ходимлари ва бошқа соҳа вакиллари билан учрашув ташкил этилди.  

Мулоқотлар чоғида ҳам қатор манфаатли битимлар ва келишувларга эришилди.

Дастлаб, профессор Эко Шри Маргианти билан учрашган Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев Осиёдаги энг катта университетлардан бири билан ҳамкорлик қилиш икки томон учун манфаатли эканини билдирди.  

Мулоқотлар давомида туризм соҳасида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, илм-фан ва инновацион лойиҳаларда олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчиларининг иштирокини таъминлаш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди. Ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада яхшилаш, таълим тизими ва туризмда алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.  

Учрашув якунида Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев Гунадарма, Мега Буана Палопо, Муҳаммадияҳ Раппанг, Паджаджаран университетлари ва LLDIKTI ташкилоти билан ҳам ҳамкорлик меморандуми имзолади.  

Зариф Комилов, ЎзА

Read 837 times

Янгиликлар

Top