Ўзбекистон янгиликлари

“Шарҳи Мулло” китобидан 30 нафар талабага ижоза берилди

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида “Январь – Араб тили ва Балоғат фан ойлиги” муносабати билан 3-курс талабалари ўқиб тугатган “Шарҳи Мулло” китобининг “Хатмул кутуб” тадбири ўтказилди.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент Ислом институти ректори Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Диний идора Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори, устоз-мураббийлар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Илмий-маърифий маросимда сўзга чиққан нотиқлар олийгоҳда халқ орасида “Шарҳи Мулла” номи билан машҳур бўлган китоб бўйича ҳам талабаларга шаҳодатнома бериш анъанаси йўлга қўйилгани, мазкур асар Ислом илмларини ўрганишда араб тилига оид таянч манба экани, Ибн Ҳожибнинг Кофия китоби матнига ёзилган шарҳлардан бири Абдураҳмон Жомийнинг “Фаваидуз зияиййа” китоби Тиллар кафедраси Араб тили ўқитувчиси Улуғбек Ҳасанов устозлигида 3-курс талабаларига 2 йил мобайнида ўқиб хатм қилинганига алоҳида эътибор қаратишди.

Тадбир давомида 3-курс талабалари “Шарҳи Мулла”нинг охирги саҳифаларини ўқиб хатмни якунлади. Сўнг 30 нафар толиби илмга ижоза шаҳодатномалари топширилди.

Шундан сўнг Муҳаммадолим домла талабаларга илм беришдаги меҳнатларини қадрлаб, институтда хатми кутуб ривожига қўшган ҳиссаси учун Тиллар кафедраси ўқитувчиларига ҳомийларнинг 1,5 миллион сўмлик ваучерларни ҳадя қилди. Шу билан бирга, “Шарҳи Мулла” китобини хатм қилишда фаоллик кўрсатган 16 нафар талабага эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирга мазмунли маърузаси билан файз бахш этган Шайх Алижон қорига ташаккурнома тақдим қилинди.

Якунда устозлар хатми кутуб борасида фикр-мулоҳазаларини билдириш асносида Ҳақ таолодан талабаларнинг илм йўлидаги ҳимматларига баракалар сўраб хайрли дуолар қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 468 times

Янгиликлар

Top