Ўзбекистон янгиликлари

Соҳа раҳбарлари ва Жиззах имом ноиблари мулоқоти

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Диний идора бўлим мудири Исломиддин Зуҳриддинов ва Идора Масжидлар билан ишлаш бўлими масъул ходими Дилмурод Раҳимов ҳамда Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали домла Жабборовлар вилоятда фаолият юритаётган имом ноиблар билан учрашув ўтказди.

Ўзаро мулоқотда Ўзбекистонда диний соҳадаги ислоҳотлар, дунёдаги гиосиёсий жараёнлар, ёт оқимлар хатари, имомлар масъулияти, илмнинг фазилати, имомлик шарафи юзасидан сўз юритилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов Жиззах вилоятида охирги йилларда диний соҳада кўплаб натижаларга эришилгани баробарида ҳали тизимда кўплаб қилиниши лозим бўлган ишлар борлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, мазкур жараёнда баъзи имом-ноиблар фаолиятида камчиликлар кузатилаётганини ҳам айтиб ўтилди.

Учрашувда Жиззах вилоятида фаолият юритиб келаётган имом ноибларнинг билим ва малакаларини ошириш, халқимиз ўртасида маънавий-маърифий соҳадаги ҳиссасини юқори савияга етказиш, соҳа вакиллари фаолияти давомида дуч келаётган муаммо ва камчиликларни биргаликда бартараф этиш масалалари кўрилди.

Шу билан бирга, яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойига пухта тайёргарлик кўриш, масжидлардаги ободончилик ишларига эътибор қаратиш бўйича масъулларга топшириқ берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 762 times

Янгиликлар

Top