Ўзбекистон янгиликлари

Муборак ой олдидан муносиб туҳфа

Масжидлар Аллоҳ таолонинг байти, ер юзидаги энг покиза ва тоза маконлардир. Уларнинг минораларидан муаззинларнинг овозлари янграйди, у жойга фаришталар тушишади, раҳматлар ёғилади, масжид аҳлининг устига баракалар ёғилади. Масжидларда мусулмонлар бир-бирлари билан танишадилар, улфат бўладилар, бир-бирларига ёрдам бериб, ҳамжиҳат бўладилар, бир-бирларини зиёрат қилиб, бир-бирларига раҳм-шафқат кўрсатадилар. Бунинг натижасида ораларида боғланиш, дўстлик, меҳрибонлик кучаяди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар…” (Тавба сураси, 18-оят) деган.

Охирги йилларда диёримизда диний-маърифий соҳада кўплаб хайрли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Айниқса, масжидларни обод этиш, ибодатга келувчилар учун энг олий даражадаги қулайликлар муҳайё қилинмоқда.

«Учкўприк» жомесининг янги биноси муборак ой олдидан учкўприкликлар учун муносиб туҳфа бўлди. Миллий ва замонавий уйғунликни ўзида мужассам қилган Байтуллоҳда илк жума намози адо этилди. Унда вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Низомовлар иштирок этишди.

Убайдуллоҳ домла Абдуллаев юртдошларимизни кириб келаётган Рамазон ойи билан муборакбод этиб, масжидларни обод этилишида, аввало, юртимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор, қолаверса, саховатпеша ва ҳимматли халқимизнинг саъй-ҳаракатлари катта экани таъкидладилар.

Жамоат билан жума намози адо этилиб, якунда юрт равнақи, халқ фаровонлиги, динимиз ривожи ҳамда Рамазон ойи барокатли бўлишини сўраб дуо қилинди.

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Read 859 times

Янгиликлар

Top