Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: Хай-тек услубида қайта бунёд этилган “Ҳасанхон қори” масжиди иш бошлади

Муборак Рамазон ойининг бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Шу боис республикамизнинг барча гўшаларида Раҳмат ойини муносиб кутиб олиш ишлари айни авж палласида. Бундай шукуҳли дамларда қайта бунёд этилиб, янги ва замонавий қиёфа акс этаётган масжидларнинг очилаётгани ҳар бир мўмин қалбига қувонч олиб кираётган бўлса ажаб эмас. Айниқса, ана шундай замонавий масжидларга эга бўлаётган намозхонларнинг хурсандчилиги чексиз бўлиши тайин.

Бугун пешин намози аввалида Тошкент шаҳар Учтепа тумани Қатортол маҳалласида хай-тек услубида бунёд этилган “Ҳасанхон қори” масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов ҳамда диний соҳа ходимлари қатори нуроний отахонлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Қуръони карим тиловатлари ва хайрли дуолар билан бошланган тадбирда Абдуқаҳҳор домла Юнусов барча иштирокчиларни Рамазони шариф ва янги масжид билан муборакбод этиб, ушбу масжидни бунёд этишда сахийлик ва жонбозлик кўрсатган юртдошларимиз ҳаққига хайрли дуолар қилди.

Масжиднинг олдинги биноси 1993 йилда 10 сотох ерга қурилган эди. Вақт ўтиши билан у эскириб, намозхонлар учун торлик қила бошлади. Кейинчалик хайрия пуллари ёрдамида масжид ёнидаги ерлар сотиб олиниб, умумий ҳудуди 30 сотихга етказилди. Мана шу ер майдонидан унумли фойдаланиш мақсадида уч ярим йил ичида масжид хай-тек услубида бунёд этилди. Масжид ярим ертўла, биринчи ва иккинчи қаватлардан иборат ва у 4000–4500 намозхонни сиғдира олади. Бундан ташқари, 100 ўринли таҳоратхона, кутубхона, маъмурият хоналари бор. Уларнинг барчаси иситиш ва совутиш тизимларига эга.

Масжидни барпо этишда хизмат қилган барча саховотпешаларни Аллоҳнинг Ўзи мукофотласин.

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким қушнинг инича ёки ундан кичикроқ бўлса-да, Аллоҳ учун масжид бино қилса, Аллоҳ таоло у учун бир байт(уй)ни бино қилади”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Read 971 times

Янгиликлар

Top