Ўзбекистон янгиликлари

Имомлар қироати доимий назоратда

Ўтган йил 18 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг йиғилишида масжидларда меҳнат қилаётган имом-хатиб ва имом ноибларнинг Қуръони карим тиловатларини тажвид қоидаларига мувофиқ бўлишини доимий назорат қилиб бориш ҳақида қарор қилинган эди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар вакилликларида имом-хатиб ва имом ноиблар қироатини доимий назорат қилиб бориш, янада сайқаллаш ва барча тажвид қоидаларига мукаммал амал қилинишини таъминловчи махсус ҳайъатлар тузилди.
Маълумки, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Қуръонни қандай тиловат қилишни баён этган: “Қуръонни “тартил” билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!”. Тафсир уламолари ушбу оятни: “Ҳарфларни очиқ билдириб, тўхташларга риоя қилиб, ҳаракатларни маромига етказиб ўқи”, мазмунида тафсир қилишган.
Ушбу масаланинг долзарблиги шундаки, тажвид қоидаларига амал қилмаслик айрим ўринларда Қуръони карим маъносига мутлақо зид маънога олиб келиши мумкин. Шунинг учун уламолар ҳалол ва ҳаром ҳақидаги илмни қай даражада жидду жаҳд билан ўрганилса, тажвид қоидаларини ҳам худди шундай таълим олишни таъкидлашади.
Демак, Қуръон тиловат қилинганда ояти карималарнинг ҳар бир ҳарфларини махражидан чиқариб, ҳаракатларини тўлиқ талаффуз қилиш, сўзларни бир-бирига қориштириб ташламаслик жуда ҳам зарурдир.
Шу кабиларни инобатга олган ҳолда айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги томонидан тузилган ҳайъат имом-хатиблар ва имом ноибларнинг Қуръони карим тиловатларини кўрикдан ўтказиш ва қироатларини янада яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар бошлаб юборилгани ҳақида хабар бермоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3756 times

Янгиликлар

Top