Ўзбекистон янгиликлари

Муносабат: импорт дориларни қадоқлаш ўрнига ўша дориларни яратиш вақти келди

Аҳоли саломатлигини сақлаш давлат аҳамиятига эга муҳим масала ҳисобланади. Зотан, соғлом ва бақувват мусулмоннинг Аллоҳ таолога заиф ва ночор мусулмондан севимлироқ бўлганининг сабаби, унинг ибодати гўзал бўлгани туфайлидир. Шунингдек, соғлом ва бақувват аҳоли ҳам давлатга заиф ва ночор оломондан кўп фойда келтиради.

Аммо инсонлар турли сабабларга кўра, турли дардларга чалинади. Уларнинг соғлигини тиклаш учун эса сифатли дори-дармонлар зарур.

Об-ҳаво ўзгариши, экология ёмонлашуви, озиқ-овқат сифати бузилиши ва бошқа юзлаб ёки минглаб омиллар турли-туман касалликлар келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳам фармацевтика соҳаси ходимлари тинимсиз изланишда бўлиб ҳар доим ўз устида ишламоғи, билимларини янги манбалар билан бойитиб бормоғи талаб этилади.

Кечагина Президент иштирокидаги фармацевтика соҳасини ривожлантириш масаласига бағишланган йиғилишда ушбу соҳа олдида турган муаммолар жиддий муҳокама қилинди.

Унда давлатимиз раҳбари фармацевтика корхоналарининг аксариятида замонавий технологиялар қўлланилмаётгани, дори субстанциялари ишлаб чиқаришга эътибор йўқлиги, корхоналар тўлиқ циклда маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш ўрнига, ҳали ҳам асосан хориждан тайёр маҳсулотларни олиб келиб, қадоқлаш билан шуғулланаётганини танқид қилди.

Президентимизнинг ушбу танқидидан қуйидаги хулосалар келиб чиқади. Биринчидан, бу билан фармацевтика ходимлари хориждан дорилар келишига ўрганиб қолгани сабабли ўзлари янги дори-дармонлар яратиш устида бош қотирмайдилар. Иккинчидан, бу иш кимларнингдир бизнесига айланиб кетади. Шу боисдан аҳоли саломатлиги эмас, дориларнинг харидоргир бўлиши олдинги ўринга чиқиб олади. Ҳатто суҳбатларда шундай гаплар қулоққа чалинадики, шифохонада ишлайдиган дўхтирлар хориждан дори олиб келиб сотадиган фирмалардан ҳам маош олар экан. Бунда унинг вазифаси – беморларга улар олиб келган дориларни тавсия қилишдан иборат бўлар экан. Учинчидан, Европада, АҚШда ёки Ҳиндистонда ишлаб чиқарилиб, уларнинг аҳолисига яхши фойда берган дорилар бизнинг иқлимда деярли фойда бермаслиги мумкин.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда мавжуд 94та корхонадан 12тасигина маҳсулотининг бошқа давлатларда тан олинишини таъминлайдиган GMP – «яхши ишлаб чиқариш амалиёти» халқаро сертификатига эгалигини, буни кенгайтириш бўйича тармоқ раҳбариятида ташаббус етишмаётганини айтаркан, йиллар давомида қизилмия илдизини қайта ишлашга умуман эътибор берилмагани, ўтган йил охирида Қорақалпоғистонга ташрифи давомида топшириқ берганидан кейингина Қизилмия етиштирувчилар ва қайта ишловчилар уюшмаси тузилганини таъкидлади.

Бундан аён бўладики, фармацевтика соҳаси мутасаддилари янги дорилар ишлаб чиқариш, уларни халқаро стандартларга жавоб берадиган даражада сифатли тайёрлаш масалалари у ёқда турсин, ҳатто бир неча йилдан бери хорижликлар дори тайёрлаш учун юртимиздан олиб кетаётган қизилмиянинг хусусиятларини жиддий ўрганиш, ундан дори-дармон тайёрлаш масаласига қизиқмаган ҳам.

Аҳоли эса қизилмияни териб сотиб ётибди. Уни маданийлаштириш, қизилмия плантациялари ташкил этиш, илдизни чуқур қайта ишлаб, дори субстанциялари ва воситалари ишлаб чиқариш масаласини президент айтмагунча ҳеч ким ўйламаган. Яхши ҳамки, унинг бутунлай йўқолиб кетишининг олди олинди. Йўқса, бундан республикамиз экотизими ҳам жиддий зарар кўрар эди ҳамда қимматбаҳо бир доривор гиёҳдан маҳрум бўлар эдик.

Дори-дармонлар четдан олиб келинаётгани боис аҳолига етгунча камида саккизта қўлдан ўтади ва нархи сунъий равишда кўтарилиб кетади. Бундай нобоп ишларнинг олдини олиш, халқ саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлаш президентнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Ўтган йили бу масалаларга бағишлаб бир неча йиғилиш ўтказилди. Давлат раҳбари мамлакат ҳудудларига ташрифи чоғида соҳадаги аҳвол билан бевосита танишди. Тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган 30га яқин фармон ва қарор қабул қилинди. Хусусан, Президентнинг 2017 йил 7 ноябрдаги «Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

Аммо ҳали ҳам хориждан келтириладиган дориларнинг 50 фоизини ўзимизда ишлаб чиқариш мумкин бўла туриб, атиги уларнинг атиги 27 фоизи ишлаб чиқарилмоқда. Айниқса, аҳолининг энг кўп эҳтиёжи бўладиган стоматология, гинекология, онкологияда ишлатиладиган дорилар тўлиқ хориждан келтирилмоқда. 

Шунча кўп фармон ва қарорлар қабул қилинганига қарамасдан ҳали аҳоли бу ислоҳотлар самарасини сезгани йўқлиги ҳам йиғилишда афсус билан қайд этилди. Янада аянчлиси, қайси дорига қайси вақтда қанчалик эҳтиёж бўлиши масаласига доир прогнозлар мутлақо қилинмаяпти.

Йиғилиш якунида соҳада яратилаётган ишланмаларни амалиётга жорий этишни жадаллаштириш мақсадида Тошкент фармацевтика институтида ўқув-илмий лаборатория ва тажриба-ишлаб чиқариш комплексини ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда фармацевтиканинг тор йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш, соҳа ходимларини хорижий фармацевтика корхоналарида малака оширишини ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Моҳиятига кўра, фармацевтика – бутун бошли ишлаб чиқариш соҳаси. Қанчалик ҳаракат қилинмасин, керакли дори-дармонларнинг ҳаммасини бир мамлакатда ишлаб чиқаришнинг имкони йўқ. Лекин импортни экспорт билан ёпиш, керак бўлса, экспортни импортдан ошириб юбориш бугуннинг долзарб вазифасидир. Ана шунга эришилса аҳоли арзон дори-дармон билан таъминланади ҳамда республика бюджетига хорижий валютанинг тушуми ошади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Read 4464 times
Tagged under

Янгиликлар

Top