Ўзбекистон янгиликлари

Бутун дунё мусулмонлари Имом Бухорий ҳурмати ҳаққи ўзбеклар билан ҳамкорлик қилишга тайёр

Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган дўстона алоқалар кўп асрлик тарихга эга. Буюк саркарда Соҳибқирон Амир Темурнинг Карл VI га йўллаган мактубида “Биз сизнинг давлатингиз гуллаб-яшнашини дўстона тилаб қоламиз”, деган самимий истакларни ўқиш мумкин. Етти аср муқаддам битилган ушбу нома икки мамлакат ўртасидаги дўстлик нақадар мустаҳкам асосга эга эканини яққол намоён этади.

Куни кеча Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Францияга ташриф буюрди. Сафардан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон президенти ташаббуси билан юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ислом тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз, азиз авлиёларимизнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш, табаррук қадамжоларини обод этиш борасидаги ишларни халқаро ҳамжамиятга етказиш, манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашишдан иборат.

Франция Ислом фондида бўлиб ўтган учрашув самимий руҳда кечди. Унда Ўзбекистоннинг виждон эркинлигини таъминлашдаги бой тажрибаси, турли динларга эътиқод қилувчиларга ўз ибодатларини адо этишлари учун яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

“Глобаллашув жараёнлари шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги шароитда турли миллат ва дин вакилларининг бир-бирини тушуниши, қўллаб-қувватлаши, жамият тараққиёти йўлида ҳамкорлик қилиши ўта зарур”, - дейди Франция Ислом фонди президенти Жан Пьер Шевенман. - Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб бораяпмиз. Шубҳасиз, мамлакатингиз Марказий Осиё минтақасида ҳал қилувчи кучга эга. Биз Ўзбекистон билан маданий-маърифий соҳада ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз”.

Қайд этиш керакки, мазкур фонд 66 миллионлик Франция аҳолиси ичида 7 миллиондан зиёд мусулмонларнинг ўзига хос ўрни ва мавқеини сақлаш, уларнинг жамиятга ҳар томонлама интеграциялашувини таъминлашга қаратилган кенг қамровли фаолиятни амалга оширади. Фонд ходимлари Ўзбекистондаги ислом тадқиқотлари марказлари билан ҳамкорликда ислом динининг тинчликпарвар моҳиятини ўрганиш, биргаликда илмий лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканларини билдиришди.

Эътиборли жиҳати, Франция Ислом фонди 2021 йилда Франция маданият ишлари вазирлиги, Лувр музейи билан ҳамкорликда Париж шаҳрида “Буюк ипак йўли маданияти” мавзусидаги халқаро кўргазмани ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда. Франция томони ушбу кўргазма доирасида “Ўзбекистон – ислом цивилизацияси маркази” номли мамлакатимизнинг қадимий ва бой тарихига оид экспозицияларни тайёрлашда ҳамкорликка умид билдирди.

Томонлар ўзаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдиришди.

Манба: https://kun.uz

Read 2817 times

Янгиликлар

Top