muslim.uz

muslim.uz

Куни кеча Тошкентдаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида “Ҳаж-2017” мавсумида зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи гуруҳ раҳбарлари учун йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходимлари М.Йўлдошев, ЎМИ Матбуот котиби Ж.Нуриддинов, ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими мудири М-А.Шакиров ва гуруҳ раҳбарлари иштирок этишди.

Тадбирда гуруҳ раҳбарлари томонидан риоя этиладиган қонун-қоидалар, уларнинг бурч ва масъулиятлари, ҳаж ибодати рукнлари, сафарга жўнаб кетиш ҳамда Саудия Арабистонидаги ташкилий ишларнинг гуруҳ раҳбарларига тааллуқли бўлган жиҳатлари атрофлича ёритилди.

Шунингдек, сафарга доир ҳужжат ишларида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ва гуруҳдаги зиёратчилар билан ишлаш давомида уларнинг паспорт ва бошқа ҳужжатларини юритиш қоидалари борасида ҳам гуруҳ раҳбарларига маълумот берилди.   

Тадбир якунида мутасаддилар гуруҳ раҳбарлари томонидан берилган барча саволларга батафсил жавоб бердилар.

Гуруҳ раҳбарлари учун йиғилишлар Республика ҳудудларида давом этмоқда 

 Халқаро алоқалар бўлими

Кўплаб жарроҳлик анжомлари: скальпел, тиббиёт арраси, қисқич, ингичка қайчиларни мусулмон жарроҳи ал-Заҳровий  (al-Zahrawi) ўйлаб топган. Майда жониворларнинг ичакларидан жарроҳлик амалиётидан кейин инсоннинг ички органларни тикишда қўлланадиган, бора-бора инсоннинг танасига сингиб кетадиган ипни (кетгут) ҳам айнан у ўйлаб топган эди. XIII асрда, Вильям Гарвий (William Harvey) туғилишидан 300 йил бурун мусулмон врачи Ибн Нафис (Ibn Nafis) қоннинг инсон танасида қандай айланишини тасвирлаб берган эди. Шунингдек, мусулмон олимлари мураккаб жарроҳлик амалиётидан олдин қўлланадиган анестизия ва катараткани қазиб оладиган ичи бўш игнани ҳам ихтиро қилган.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

Четвер, 20 июль 2017 00:00

Жазоирда йирик масжид

2017-йилнинг охирига келиб, Жазоирда катталиги бўйича Макка шаҳридаги Масжидул Харам ва Мадина шаҳридаги Масжидун Набавийдан кейинги ўринда турувчи масжид очилади. Масжиднинг қурилиши ва дизайни хитойлик қурувчиларга ишониб топширилган бўлиб, ушбу янги меъморй иншоот “Жазоир ва Хитой дўстлигининг рамзи” сифатида кўрилмоқда. 

Масжид қурилишини ўз бўйнига олган Хитой компанияси директори Чжоу Шеннинг сўзларига кўра, масжид биноси лойиҳаси узоқ йиллик вақт синовидан ўтган тажриба асосида лойиҳалаштирилган. 

Масжиднинг компютердаги лойиҳаси

“Ушбу масжид нафақат мусулмонларнинг намози ўқиши учун балки ислом ва маданиятлар ўртасида боғлиқликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Бундан ташқари, бинода энг замонавий кутубхона, 300 та талабаларга мўлжалланган мадраса ва хайрия фонди ҳам жойлашади” - дея маълумот бериб ўтди Жазоир Уй-жой ва коммунал хизматлар вазири ўринбосари ва масжид қурилишига масъул бўлган Аҳмад Маданий.

Середа, 19 июль 2017 00:00

Ошкоралик асосий мезон бўлди

Кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус билим юртларида кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди.

Абитурентлар “ўзбек тили ва адабиёти” фанидан диктант ёзишди, маънавият ва маърифат, чет тили ва тарих фанидан тест саволларини ечишди.

Имтиҳоннинг қанчалик адолатли ўтгани борасида шубҳа-гумонлар туғилмаслиги учун елимланган махсус қопларда келган имтиҳон мавзуларини ота-оналар ва бошқа кузатувчилар гувоҳлигида абитурентларнинг ўзлари очиб, мавзуни ҳам уларнинг ўзлари танлади.

Диктантларни абитурентларга таниқли тилшунос ва адабиётшунос олимлар ўқиб берди ва натижаларини ҳам уларнинг ўзлари текширишди.

Текширишнинг холислиги қуйидаги тартибда таъминланди. Ўқитувчилар ўзларига тайин этилган аудиторияда диктант ўқиб келишади. Кейин эса имтиҳон варағидаги абитурентнинг исми-шарифи, гуруҳи ёзилган қисми олиб қолинади ва  диктантларнинг ҳаммаси  бир жойга тўпланади. Бу ҳолда ўқитувчининг қўлида фақат диктант бўлади – абитурент исми-шарифи, гуруҳи ёки бошқаси, хуллас, абитурент шахсига дахлдор ҳеч нарса бўлмайди. Ўқитувчилар гуруҳи ҳамма диктантни текшириб бўлганларидан сўнг имтиҳон варағининг қобиғи, яъни абитурент исми-шарифи ёзилган қисми тарқатилади. Диктантлар унинг ичига жойлаб чиқилганидан сўнг қайси ўқитувчи қайси гуруҳдан диктант олган бўлса, ўзи диктант ёздирган абитурентларга тўғри баҳо қўйилганми, йўқми, яна бир бор устидан қараб чиқади. Бу ишни ниҳоясига етказганидан кейин эса қўйилган балларни баҳога айлантириб қабул ҳайъатига топширади.

Тест саволларининг жавоблари ҳам ана шунга монанд адолатли тарзда текшириб чиқилди.

Абитурентларни кўрган киши уларнинг ҳар бирининг имтиҳонларни аъло даражада топшириб олишини истайди. Чунки ёшларнинг қалбидаги эзгуликка интилиш, илмга ташналик юзига нур бўлиб балқиб турибди. Парвардигоримиз шундай ажойиб  ёшларимизнинг ҳаммасининг йўлини очиб, уларни ўзлари истаган таълим даргоҳининг талабаларидан қилсин деб дуога қўл очиб қолдик.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

Сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар тарихида, асосан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига эътибор берилса-да, яқин-яқингача бола ҳуқуқлари муаммоларига етарли аҳамият берилмас эди. Фақат XX асрнинг биринчи ярмидан бошлаб мазкур масалада халқаро ҳужжатлар қабул қилина бошланган. Жумладан, 1923 йилда англиялик Эглантайн Джебб томонидан асос солинган «Болаларни қутқаринг» Халқаро Кенгаши, кейинчалик «Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Декларация» (1959), «Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция» (1989) ва бошқа бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар фикримизнинг исботи бўла олади.

Шу нуқтаи назардан қаралганда, бир ҳолатни алоҳида фахр ва ифтихор билан қайд этиш лозим. Болалар ҳуқуқларига саккиз юз йил аввал Мовароуннаҳрда катта эътибор берилган. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича цивилизациялар тарихида жиззахлик фақиҳ Маждуддин ал-Уструшанийнинг 625/1228 йил 28 июлда ёзиб тугатган «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари мазкур йўналишдаги илк ҳуқуқий манба бўлган дейишимиз мумкин.

Мусулмон оламида Маждуддин ал-Уструшанийдан кейин болалар ҳақ-ҳуқуқларига тааллуқли фиқҳий асар деярли ёзилмади. Шу нуқтаи назардан қаралганда алломанинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари болаларнинг ҳуқуқлари хусусида ёзилган деярли ягона фиқҳий асар, деб хулоса қилишга ҳақлимиз.

Аммо болаларга тааллуқли ҳадислар тўплами мавжуд бўлиб, у имом Шамсуддин Муҳаммад ибн Аби Бакр ибн ал-Қаййим ал-Жавзия (691-751/1292-1350 й.)нинг «Туҳфат ал-мавдуд би аҳком ал-мавлуд» асаридир. Бу асар 17 бобдан иборат бўлиб, унда бола сўрашнинг мустаҳаблиги, қиз болалардан ғазабланишнинг макруҳлиги, фарзанд хушхабарини етказиш, чақалоқ қулоғига азон ва иқомат айтиш, боланинг танглайини кўтариш, ақиқа ва унинг ҳукмлари ва у ҳақидаги ихтилофлар, бола сочини олиш ва соч оғирлигича садақа бериш, исм қўйиш вақти ва мажбурийлиги, болани хатна қилиш ва унинг ҳукмлари, қулоқ тешиш ҳукми, болаларнинг овқат ейиш одоблари, эмизикли боланинг сўлагига доир ҳукмлар, болаларни ўпиш, уларга одоб ва илм бериш, болаларни тарбиялашдаги бошқа фойдали масалаларни ўз ичига олган мухтасар асардир[1].

«Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарида фиқҳга оид юздан ортиқ китобларда тарқоқ ҳолда берилган болаларга тааллуқли шаръий фатволар йиғиб, тизимлаштирилган ва батартиб жамланган. Бу асар дунёга келиши учун Маждуддин ал-Уструшаний ҳанафий мазҳабининг ўз давригача яшаб, ижод этган 120 дан ортиқ фақиҳларининг фикрларини мужассам қилган. Шу жиҳатлари билан бу мукаммал асар ҳозирги замон исломшунос ва ислом ҳуқуқи тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар учун муҳим манба ҳисобланиши билан бир қаторда замонавий ҳуқуқшунослик учун ҳам тарихий аҳамият касб этади.

«Жомиъ аҳком ас-сиғор» ислом ҳуқуқшунослигига оид қимматли манба бўлгани боис, унинг қўлёзма нусхалари дунёнинг турли мамлакатларига кенг тарқалган. Ушбу асар илк бора 1982 йил Ироқ Республикасида профессор Абдулҳамид Абдулхолиқ ал-Байзалий томонидан нашр қилинган. Нашрни амалга оширишда АҚШнинг Принстон университети (№1704), Ироқнинг Бағдод шаҳридаги «Ироқ миллий музейи» (№ 9626/1) ва Марказий вақфлар (№3741/1, №7460/1) ҳамда Мовсул шаҳридаги «ал-Аҳмадийя» марказий вақф (№9/7) кутубхоналарида сақланаётган 5 та қўлёзмадан фойдаланилган.

Ушбу асарнинг икки жилдга бўлинган иккинчи нашри Миср пойтахти Қоҳирада профессор Абу Мусъаб ал-Бадрий ҳамда «ал-Азҳар» университети ўқитувчиси Маҳмуд Абдурраҳмон Абдулмуним томонидан тайёрланган. Унда тадқиқотчилар асарнинг биринчи нашридан ва унга қўшимча ҳолда Мисрнинг «Дор ал-кутуб» кутубхонасида №901 рақамли қўлёзма ва №9334 рақам остида сақланаётган микрофильмдан ҳам фойдаланганлар.

«Жомиъ аҳком ас-сиғор»нинг ўн битта қўлёзма нусхаси мавжуд бўлиб, улардан чет эл кутубхоналарининг фондларида сақланувчи олти нусхаси илмий адабиётда яхши маълум. Аммо асарнинг Тошкентдаги №6245, 9634, 10409, 8955 ва 12723/II рақамлари остида сақланаётган беш нусхаси илмий жамоатчилик эътиборидан четда қолиб келган, аммо мазкур нусхаларнинг ҳам илмий аҳамияти юқоридир.

«Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарининг Миср нашри ҳақида хулоса қилиб айтиш мумкинки, асар жуда кўплаб хато ва камчиликлар билан нашр қилинган. Шу боис Тошкентдаги беш нусха ва Миср нашри асосида мазкур асарнинг учинчи нашри 2010 йил ва тўртинчи тўлдирилган матни эса 2013 йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва тарих фанлари номзоди Муслим Атаевлар томонидан нашр этилди.

Ислом ҳуқуқшунослиги асосида битилган ушбу асарда болалар ҳуқуқлари бўйича келиб чиқадиган муаммолар одилона ҳал қилиниб, ижтимоий ҳаётда болаларнинг хавфсизлиги ва асосий ҳуқуқларининг дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб саволлар муҳокама қилинган. Унда ушбу соҳада ҳуқуқ-тартибот маҳкамалари учун жуда кўп аниқ далиллар ва кўрсатмалар берилган. Асар ислом ҳуқуқининг энг муҳим ва мукаммал тизимларини ўзида мужассам этиб, салкам саккиз асрдан бери ўзининг ҳаётийлигини исботлаб келаётган мўътабар манбалардан биридир. Уни ҳар томонлама чуқур ўрганиш бизга диёримиздаги диний ҳуқуқ тизимининг муҳим масалалари ҳақида қимматли маълумотлар беради.

Бугунги кунда халқаро майдонда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар, хусусан, ҳомиланинг қачондан бошлаб инсон ҳисобланиши кенг мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда. Асарда «Тирик мавжудотнинг ҳаёти қачон бошланади?», «Бола қачондан бола ҳисобланади?» каби ҳозирда ҳам долзарб бўлиб қолаётган саволларга тўлиқ жавоб берилган. Асарда бола туғилмасидан аввал ҳам, туғилгандан кейин ҳам бола ҳисобланиши, болалар жисмонан, ақлан ва ижтимоий жиҳатдан вояга тўлиқ етмагунга ва мустақил бўлмагунга қадар алоҳида ғамхўрлик ва ҳимояга муҳтожлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Хулоса қилиб айтганда, «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарида ҳаётнинг асосий манбаи бўлган оила, унинг энг ширин меваси бўлмиш фарзандлар тарбияси, уларнинг оиладаги, жамиятдаги ҳақ-ҳуқуқлари аниқ ва тўлиқ баён этилган. Энг муҳими, ислом динининг болалар ҳуқуқлари хусусидаги қарашлари бу соҳадаги замонавий қарашлар билан ҳамоҳангдир.

Мазкур асар 1289 фатводан иборат бўлиб, уларни шартли равишда, ибодат, ахлоқ, ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий масалаларга бағишланган қисмларга ажратиш мумкин.

Асарнинг ибодат масалаларига бағишланган қисми покланиш, намоз, закот, рўза, ҳаж, жонлиқ сўйиш ва қурбонлик каби олтита масалани ўз ичига олиб, 92 та фатводан иборат.

Амалий ибодат масалалари асосан тоат-ибодат мавзулари, яъни Аллоҳ ва бандаси ўртасидаги муносабатларни ўз ичига олади. Ибодатларни бажаришда ҳар бир оқил ва болиғ кишининг ўзи масъул бўлиб, Аллоҳнинг олдида жавобгар ҳисобланади.

Олтита масалани ўз ичига олган ахлоқий қисм эса 120 та фатводан иборат бўлиб, улар қасам ичиш, диндан қайтиш, қочган қулнинг ҳақи, сулҳ, гувоҳлик, қозининг бурч ва вазифалари каби масалалардан иборат.

Аллома асарнинг катта қисмини ижтимоий масалаларга бағишлаган. Бу қисмда 516 та фатво бўлиб, улар норасидаларнинг берган хабарлари, никоҳ, талоқ, мерос, шафелик, ташландиқ бола каби масалаларга бўлинган.

Иқтисодий ва молиявий қисм 346 та фатводан иборат бўлиб, улар омонат қўйиш шартлари, совға-салом бериш, савдо-сотиқ олиб бориш қоидалари, ижара, улушни бўлиш, қўшма тижорат ва деҳқончилик, ҳуқуқи чекланган қул, даъвони рад қилиш, вақф, васийлар, вакиллик, кафиллик каби масалалардан иборат.

Асарда ўн тўртта масалани ўз ичига олган фуқаролик процессуал ҳуқуқи билан боғлиқ қисм 215 та фатводан иборат бўлиб, улар қулни озод қилиш, жазо ҳадлари, ўғрилик, макруҳ нарсаларга доир масалалар, талон-торож қилиш, гаровга қўйиш, даъво қилиш, иқрор қилиш, мажбурлаш, жиноятлар, бошқа кишини жиноят қилишга буюриш, изн берилган қул, даъво ҳужжатлари, ҳуқуқларни чегаралаш масалаларидан иборат.

Биз қуйида мазкур фиқҳий асардан таржима қилиб олинган баъзи бир фатволарни ҳукмингизга хавола қиламиз.

Болалар нафақаси.

Болаларнинг нафақаси уларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар-жой билан таъминлаш отанинг бурчидир. Фақир ёш боланинг нафақаси отасига вожиб бўлади. Бу ҳукмнинг далили Қуръони каримдан олинган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Уларни меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг зиммасидадир» (Бақара, 233). Боланинг сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлишида ҳеч шубҳа қолмайди. Боланинг нафақаси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади. Унга бу нафақада ҳеч ким шерик бўлмайди. Болани эмизиш нафақадир. Нафақа эса отага вожибдир.

«Жомиъу-р-румуз»да шундай дейилган: Ёш боланинг нафақаси касб қиладирган вақтгача отасининг гарданига вожибдир. Ул вақтда, яъни касб қилишга қудрати етадиган бўлганда болани отаси иш ўрганишга топширгай ва ул бола қилган касбидан нафақа бергай. Бас, ишни яхши қилишдан илгари у болага отаси ўз молидан нафақа бергай. Боланинг нафақасини беришда ҳеч ким отага шерик бўлмагай, яъни ёлғиз ўзига болани боқиш ва нафақа бериш вожибдир. Онаси ва хотинининг нафақасини беришда ҳеч ким отага шерик бўлмагай, яъни отанинг ёлғиз ўзига болани боқиш вожибдир, бу ота-онаси ва хотинининг нафақасини берганида ҳеч ким шерик бўлмаганига ўхшаш.

Балоғатга етган қизнинг эри бўлмаса, нафақаси отасига вожиб бўлади. Кўзи ожиз, ақли йўқ, толиби илм бўлган ўғиллар камбағал бўлсалар, уларнинг нафақаси ҳам отага вожиб бўлади. Турмуши бузилиб, қайтиб келган қизнинг нафақаси ҳам отага вожиб бўлади. Бунга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қуйидаги ҳадислари далил. Суроқа ибн Жуъшумдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Эй Суроқа, сенга энг улуғ садақанинг ёки садақадан ҳам улуғроқ нарсанинг далолатини берайми? — дедилар. Ҳа, ё Расулуллоҳ, деди. Уйингга қайтиб келган ва сендан бошқа таъминотчиси бўлмаган аёл зотига икром кўрсатмоғинг», — дедилар.

Нафақа миқдорини белгилаш.

Имом Муҳаммад таъминот миқдорини белгилаб, шундай дейди: Ёш боланинг нафақаси ва кийими бой кишига бир дирҳамдир. Бу мажбурий, ўзгармас миқдор эмас, балки эҳтиёжни қоплайдиган даража эътиборга олинади. Агар камбағал бўлса, қозининг белгилашига қараб (аёллар таъминотидек), болаларга таъминот пули ва кийимни етарли қилиб бериш буюрилади.

Нафақани онага бериш.

Агар бир кишининг ёш болалари бўлиб, баъзилари эмизикли, баъзилари сутдан чиққан бўлса ва уларнинг онаси хотини бўлса ҳамда болаларнинг шахсий маблағи бўлмаса, онаси уларнинг таъминоти бўйича даъволашса, модомики болалари ёш экан, қози уларнинг таъминотини ота зиммасига юклайди. Агар она болаларининг таъминотида эрнинг тазйиқи ва зиқналигидан шикоят қилса, қози унинг шикоятини эшитиб, болаларнинг моддий таъминотининг бир қисмини онага бериши лозим. Агар ота: «У мендан пулни олиб, болаларга бермайди», деса унинг онага қарши даъвоси қабул қилинмайди. Чунки она дахлсиз кишидир. Дахлсиз кишига қарши хиёнат даъвоси далилсиз инобатга олинмайди. Эр қозидан хотиннинг қўшниларидан сўраб кўришни сўраса, эҳтиёт юзасидан сўрайди. Бунда фақат борди-келди қиладиган қўшнилардан сўрайди. Чунки шундай қўшнилар онанинг аҳволини яхшироқ билишади. Агар ҳолат эр айтгандек бўлса, қози онага танбеҳ бериб, бу ишидан қайтаради.

Баъзи машойихлар шундай дейишган: Агар бу борада низога бориладиган бўлса, қози истаса таъминот пулини ишончли кишига топшириб, у эрталаб ва кечаси уни онага бериб туради. Пулни бирданига бермайди. Истаса болаларга таъминот пулини беришни бошқага буюради.

Аёлнинг эри билан болаларнинг нафақаси бўйича сулҳ қилиши.

Агар хотин эри билан (у хоҳ қийин аҳволда бўлсин, хоҳ шароити яхши бўлсин) ёш болаларининг нафақаси бўйича сулҳ қилиши мумкин. Бундай сулҳ жоизлигини билиш учун «Захира»[2]нинг «Таъминот» бобига қаралади: Агар сулҳ қилинган миқдор одамларни ҳавасини келтирадиган даражада уларнинг таъминот пулидан кўп бўлса, аммо уларга етадиган миқдорни белгилаб берувчилар ўлчовига кирса, кечиримли. Чунки бу одатий ҳолат. Агар миқдорни белгилаб берувчиларнинг ўлчовига кирмаса, ортиқчаси олиб ташланади. Чунки ота уларга етадиган даражада нафақа беришга мажбур. Болаларга таъминот пули бериш билан яқинларга нафақа бериш ўртасини фарқла. Қийин ҳолатдаги киши яқин кишиси билан нафақа борасида сулҳ қилиши мумкин эмас. Чунки яқинларнинг нафақаси фақат иқтисодий ҳолати яхши бўлган кишиларга юклатилган. Бу сулҳ яқини ҳақли бўлмаган нарса бўйича бўлса, бу тўғри эмас. Болалар нафақаси эса отага юклатилган мажбуриятдир. Агар ота қийналган ҳолатда бўлса, сулҳ болалар ҳақи миқдори ичида бўлса, бу жоиздир.

Ота боласига бериладиган нафақа юзасидан ҳибс қилиниши мумкин.

Агар ота ишлаб, пул топиб, болаларига нафақа беришдан бош тортса, у бунга мажбур қилиниб, ҳибсга олинади. Бошқа қарзлар эса бундай эмас. Чунки ота-оналар болаларининг қарзлари туфайли қамалмайди. Фарқи «Захира»да ёритилган.

Болаларнинг нафақаси қачон байтулмол[3]дан берилади?

Агар ота қарилиги сабабли меҳнатга лаёқатсиз бўлса ёки ўтириб қолган бўлса, тиламчилик қилиб, болаларига нафақа беради. Хассоф[4]нинг «Нафақот»ида шундай дейилган. Кейинги давр олимларидан баъзилари шундай дейишган: Бу ҳолатда болаларнинг нафақаси байтулмолдан берилади. Чунки бу ҳолатга тушиб қолган ота бўлса, унинг нафақаси ҳам байтулмолдан бўлади. Ёш болаларининг нафақалари ҳам худди шундай.

Изоҳ: Ислом дини янги фарзанд туғилган оилага нафақа – пул бериш қонунини жорий қилди. Туғилган чақалоқ ҳоким ёки ҳукумат ходими, оддий ишчи ёки оддий одам фарзанди бўладими, барибир.

Абу Убайд «Ал-Амвал» китобида ҳазрат Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади. У киши ҳар туғилган фарзанд отасига 100 дирҳам миқдорида ҳадя ажратди. Фарзанд улғайгани сайин ҳадяни зиёда қилди. Бу тартиб сўнг Усмон (розияллоҳу анҳу), Али (розияллоҳу анҳу) ва бошқалар даврларида жорий бўлиб турди. Бу ислом дини мусулмонлар қалбига, ҳис-туйғуларининг туб-тубига, виждонининг ич-ичига илдиз отган маънавий тарбия ҳисобланади. Бундай тарбия жамиятни бир-бирига ёрдам бериш ва ўзаро бирдамликка, имон, рағбат билан ихтиёрийлик ва чин кўнгилдан яхшилик қилишга ундайди. Мусулмон жамиятдаги ўзаро бирдамлик, меҳрибонлик ва ўзаро ёрдам беришнинг тарихий намуналари бунга катта далилдир.

Болалар одамлардан тиламчилик қилиб кун кўрса, ота нафақа мажбуриятидан озод бўлади.

Отага болаларни таъминлаш юклатилгандан сўнг хотин қарз олмаган бўлса, лекин болалар тиламчилик қилиб кун кўришса, ота ҳеч нарса беришга мажбур бўлмайди. Чунки улар тиламчилик қилиб, одамлар уларга бирон нарса беришса, бу уларнинг шахсий мулки бўлиб, улар муҳтож бўлишмайди, эҳтиёж йўқолади ва ота мажбуриятдан озод бўлади. Агар болаларга етарли бўладиган миқдорнинг ярмини беришса, ота нафақанинг ярмидан озод бўлади. Бундан сўнг қолган ярми бўйича қарз олгани маъқул бўлади. Буни қиёсга биноан тушунинг.

Бу айнан болалар нафақасига тегишли бўлмай, балки барча маҳрамлар нафақасига ҳам бу татбиқ этилади. Агар тиламчилик қилиб кун кўришса, нафақа бериш мажбуриятини юкланган кишидан талаб қила олишмайди.

Болалар билан маҳрамлар нафақаси ўртасидаги фарқ.

Масаланинг негизи: Яқин кишилар таъминоти қозининг ҳукми билан қарз бўлиб қолмайди. Балки муддат ўтиши билан озод бўлади. Хотинларнинг нафақаси эса бундай эмас. Буларнинг барчаси «Захира»нинг «Таъминот» бобидан кўриш мумкин. Унда шундай дейилган: «Ал-Ҳовий фи-л-фатово»[5] китобида ушбу масала ҳамда боланинг ва бошқа маҳрамларнинг нафақаси ўртасидаги фарқ зикр қилиниб, шундай дейилган: Боланинг нафақаси ота зиммасига қозининг ҳукми билан қарз бўлиб тушади. Бошқа қариндошларнинг нафақаси эса қозининг ҳукми билан қарз бўлмайди.

Онанинг ота боласига нафақа бермаганлиги тўғрисидаги даъвоси.

Аёл эрига қарши ёш боласига нафақа бермаганини даъво қилса, уламолар шундай дейишган: Агар қози унга нафақа беришни ёки унинг зиммасига ўзи нафақа беришни юклаган бўлса, аёл бироз вақт ўтгандан сўнг ушбу даъво билан чиқиб, эри буни инкор этса, қасам ичади. Агар бундай бўлмаса, қасам ичмайди.

Изоҳ: Қасам уч хилдир: 1. Кишининг ўтган нарсани қилгани ёки тарк этганига қасддан ёлғон қасам ичиши ғамусдир. У билан гуноҳкор бўлади. «Ғамус» сўзи луғатда, «чўмилиш», «кўмилиш» маъноларини англатади. Чунки бундай ботил қасам ўз эгасининг жаҳаннам оловига чўмилишига, кўмилишига сабаб бўлади. 2. Инсон ўзи ҳақ эканини гумон қилса-ю, иш зиддича бўлса, қасам беҳудадир. Унда афв этилиши умид қилинади. Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари бўйича, киши бир нарсани тўғри деб гумон қилиб қасам ичса-ю, нотўғри чиқиб қолса, унинг айтганлари «беҳуда қасам» бўлади. Бу ҳолатда унга на гуноҳ ва на каффорат бўлмайди. 3. Инсон агар келажак нарсага қасам ичса, қасам ҳосил бўлади. Мана шу қасамдагина, қасамхўр бўлса, каффорат тўлайди. Агар қасамни ёки қасамхўрликни унутиб ёки мажбурланиб қилган бўлса ҳам. Одатда оддий қасам худди шу қасам ҳисобланади. Бундоқ қасам ичган одам қасамига содиқ қолиши лозим. Агар қасамида турмаса, қасамхўр бўлади ва гуноҳ содир этган ҳисобланиб, каффорат бериши вожиб бўлади

Ота камбағал бўлса, бобо нафақа беради.

Боланинг камбағал отаси бўлиб, бобоси (отасининг отаси) бой бўлса ва боланинг маблағи бўлмаса, бобо нафақа бериши лозим. Бу унинг кейинчалик отадан оладиган қарзи бўлади. Ота буни боланинг маблағидан олади. Агар отанинг шахсий маблағи бўлмаса, бу ота зиммасидаги қарз бўлади. Агар ота меҳнатга яроқсиз бўлса ҳамда боланинг ҳам шахсий маблағи бўлмаса, нафақа бобонинг зиммасига юклатилади. Бобо кейин буни бошқа кишидан талаб қила олмайди.

Ота камбағал бўлса, нафақа она ва буви зиммасида бўлади.

Агар боланинг бой онаси ёки бувиси бўлиб, отаси камбағал бўлса, она ва буви болага нафақа беришга буюрилади. Агар ота меҳнатга яроқсиз бўлмаса, бу ота зиммасида қарз бўлади. Агар меҳнатга яроқсиз бўлса, унга ҳеч қандай мажбурият юклатилмайди. Буларнинг барчаси Қози Фахруддиннинг «Фатово»сида зикр қилинган.

Боланинг нафақаси (у гарчи ғайридин бўлса ҳам) ота зиммасида.

«Қудурий»[6]да шундай дейилган: Боланинг нафақаси у бошқа динда бўлса ҳам, ота зиммасидаги мажбуриятдир. Аёлнинг нафақаси ҳам худди шундай, у бошқа динда бўлса ҳам эрнинг зиммасидадир.

Камбағал фақат тўрт кишининг нафақасини беришга мажбур.

Қозихоннинг «Фатово»сида шундай дейилган: Камбағал киши фақат қуйидаги тўрт кишига нафақа беришга мажбур қилинади: ёш бола, турмуш қурмаган ёки ажрашган балоғатга етган қизлар, хотин ва қул.

«Захира»да шундай дейилган: Агар камбағал кишининг ёш болалари бўлиб, бува бой бўлса, нафақа бериш бува зиммасига юкланмайди. Чунки ота турганда бувани нафақа беришга буюрилмайди. Лекин бува зурриётни асраш мақсадида (набирасига) нафақа бериши лозим. Агар болаларнинг отаси ундан шуни сўраган бўлса, бу зиммасидаги қарз бўлади. Қудурийда шундай зикр қилинган, ота камбағал бўлган пайтда нафақа бобо зиммасига тушмайди. Мазҳабда тўғри фикр шуки, камбағал ота бободан нафақа олиш ҳуқуқида ўлик кабидир. Қудурий келтирган фикр бу Ҳасан ибн Солиҳ[7]нинг фикридир. Хассофнинг «Адаб ал-қозий» асарида шундай дейилган. У айтади: Агар ота меҳнатга яроқсиз бўлса, болаларни таъминлаш бувага тушади ва якдил фикрга кўра бува буни ҳеч кимдан талаб қила олмайди. Чунки бу ҳолатда отани таъминлаш бува зиммасидадир. Шунингдек, болаларнинг нафақаси ҳам худи шундай.

Атаев Муслим

Тарих фанлари номзоди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

 

[1] Шамсуддин Муҳаммад ибн Абий Бакр ибн ал-Қаййим ал-Жавзия. Туҳфат ал-мавдуд би аҳком ал-мавлуд. – Қоҳира. Мактабат ал-қаййима, 1398 ҳ.й. – 248 б.

 [2] Захират ал-фатово — Бурҳонуддин Маҳмуд ибн Тожиддин Аҳмад ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза Бухорий 551/1156 йили Марғилонда туғилиб, 616/1220 йили Бухорода вафот этган. «Соҳиб ал-муҳит» номи билан машҳур. Унинг отаси Садруссаид Тожуддин Аҳмад ибн Абдулазиз ва амакиси Садрушшаҳид Ҳусомуддин ҳам ҳанафий мазҳабининг энг машҳур фақиҳларидан эди.

[3]Байтулмол – Давлат бюджети маъносида тушунилиши мумкин.

[4]Хассоф – Аҳмад ибн Умар ибн Муҳайр Абу Бакр Шайбоний. У ал­Хассоф номи билан маълум ва машҳур. Баъзи бир манбаларда унинг исми шарифи қуйидагича: Аҳмад ибн Амр ибн Миҳрвон Абу Бакр ал-Хассоф Шайбоний. Ал­-Хассоф 261/875 йили вафот этган. Унинг «Адаб ал-қодий ли-л-Хассоф», «Китоб ал-ҳайл», «ас- Сижжилот», «Шарҳ адаб ал-қодий ало мазҳаб Абий Ҳанифа», «Нафақот ал-Хассоф», «Шарҳ нафақот ал-Хассоф» ва «Шурут ал-Хассоф» каби асарлари бор. (Ал-Фиҳрист. – Б. 304; ал-Фавоид ал-баҳия. – Б.29; Кашф аз-зунун. – Ж. 1. – Б. 46-47, 695, – Ж. 2. – Б. 1046).

 [5] Ал-Ҳови фи-л-фатово — Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Ануш Ҳусайрий Бухорийнинг фиқҳий асари. У 500/1106 йили баъзи бир манбаларда 505/1112 йили Бухорода вафот этган, дейилади. Уструшаний алломанинг «Ҳови ал-Ҳусайрий» асарига «ал-Ҳовий фи-л-фатово» деб мурожаат қилган. (Кашф аз-зунун. – Ж. 1. – Б.624).

 [6]Қудурий – Абулҳусайн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Жаъфар ибн Ҳамадон ибн Абу Бакр Қудурий Бағдодий 362/973 йили Бағдодда туғилиб, шу ерда 428/1037 йили вафот этган. (Кашф аз-зунун. – Ж. 2. – Б.1233; ал-Фавоид ал-баҳия. – Б. 202).

[7] Ҳасан ибн Солиҳ – Ҳасан ибн Солиҳ ибн Ҳай Ҳамадоний Куфий 100/718 йилда туғилиб, 167/783 йили вафот этган . (Ал-Фиҳрист. – Ж. 1. – Б. 178; ал-Фарқ байна ал-фироқ. – Б.24; Таҳзиб ат-таҳзиб. – Ж. 2. – Б. 285; ал-Жавоҳир ал-мудия. – Ж. 2. – Б.61.).

 

Янгиликлар

Top