muslim.uz

muslim.uz

Вівторок, 28 март 2017 00:00

Тешик челак

Қадим замонда сув ташувчи бир йигит бўлган экан. У обкашининг икки четига илинган челакларда сув ташир экан. Челаклардан бирининг тагида тешик бўлиб, манзилга етгунча сувнинг ярми тўкилиб борар экан. Бутун челак ўз вазифасини тўла-тўкис бажараётганидан мағрурланар, тешик челак эса ишининг ярминигина бажара олаётганидан уялиб, хижолат чекар экан.

Бир куни тешик челак эгасига дебди: "Мен сендан узр сўрамоқчиман, олган сувингнинг ярминигина етказа оламан". Сув ташувчи йигит унга жавобан: "Сени кўтариб келадиган томонимдаги гулларни кўрганмисан? Мен уларни атайлаб шу томонга экканман. Ҳар сафар сув ташиганимда сен уларни суғориб кетасан. Мен неча марталаб аёлимга шу гуллардан гулдасталар совға қилганман. Бунинг учун сенга раҳмат айтаман", дебди.

Тадбиркор одам ҳатто тешик челакдан ҳам ўзи учун фойда ола билади.

 

Акбаршоҳ Расулов

Муқаддас китобларимизда ўзга инсонларнинг сирини сақлаш, айбини яширишнинг фазилатли хислатлардан экани баён қилинган. Жумладан, агар бир киши бошқа биродарининг айбини яширса, Аллоҳ таоло унинг айбини яшириши ҳақида кўплаб ояту ҳадислар борлиги барчамизга аён.

Аллоҳ таолонинг раҳмати буюклигини қарангки, ўзгаларнинг инсоний шаънини улуғлаган бандаларининг сирини сақлаши баробарида уни авлиёлик мақомига ҳам етказиб қўяр экан.  Ана шундай шарафли зотлардан бири Ҳотам ибни Унвон номи улуғ шайх Фаридуддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё” асари ва яна кўплаб мўътабар тазкираларда катта эҳтиром билан зикр этилган. Хусусан, ҳазрат Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат”ида у ҳақда бундай ёзилган:

Ҳотам Асамм қуддису сирриҳу аввалғи табақадиндур, кунияти Абу Абдураҳмон. Хуросон машойи­хининг қудамосидиндур. Шақиқ Балихий била суҳбат тутубдур ва Аҳмад Хузравайҳнинг устодидур. Таърих икки юз еттида Балх навоҳийсида олам­дин ўтти. Дерларки, асамм эмас эрди ва бир амре воқеъ бўлдики, ани Асамм дедилар. Машойих китобин ўқуған ул кайфиятни маълум қилур. Ул дебдурки, 

«Агар Худойингга осий бўлмоқчи бўлсанг, у сени кўрмайдиган жойда осий бўл, яъни Аллоҳга осий бўлмаки, ҳар ерда у сени кўради». Ва ҳам ул дебдурки, ҳар ким бу йўлға кирар, тўрт ўлумни ўзига тутмак керак: Мавти абяз – ва ул қорин очлиғидур ва мавти асвад ва ул халқ изосиға сабр қилмақдур ва мавти аҳмар – ва ул нафс мухолафатидур ва мавти ахзар – ва ул хирқаға юрунлар тикмакдур. Андин сўрдиларки, қайдин нима ерсен? Дедиким, 

«Ер ва осмон хазиналари  Аллоҳникидир.  Лекин   мунофиқлар     (буни)   англамаслар».

Навоий ҳазратларининг “Дерларки, асамм эмас эрди ва бир амре воқеъ бўлдики, ани Асамм дедилар”, дейиш билан кифояланиб қўя қолганига ажабланиб аслида нима воқеа юз берганини ўрганган киши у зотнинг одобининг чексизлигига яна бир бор таҳсин айтади.

Нақл қилишларича, бир киши Ҳотам ибни Унвон билан гаплашиб ўтирганида бехосдан ел чиқариб  қўйибди ва уялганидан қора терга ботиб кетибди. У зот суҳбатдошини уятли ҳолатдан чиқариш учун дарҳол қўлларини қулоқларига карнай қилиб: “Қаттиқроқ гапир, қулоқларим оғир, яхши эшитмайман”, дебди. Шундан сўнг у одам енгил тортибди. Ушбу воқеадан кейин ўша одам вафот этгунига қадар Ҳотам ибни Унвон ўзини карликка солиб юрган экан. Одамлар уни ростакам кар деб ўйлагани боис “Асом” деб атай бошлабди. “Асом” арабча сўз бўлиб, тилимизда “кар, сағир” маъноларини билдирар экан.

Буни қарангки, Ҳотам Асамм биродарининг айбини яшириш учун ўзини бир неча йил карликка солиб юрибди, ҳазрат Навоий ҳам ҳаёси йўл қўймагани боис андиша қилиб воқеани очиқ баён қилмабди.

Унда биз нега сирни очдик?!  Зинҳор бу ишимизни одобсизликка йўймаслигингизни илтимос қиламиз. Не бўлдики, бизнинг давримизга келиб ҳар нарсадан камчилик қидириш, ҳар кимнинг айби ёки нуқсони бўлса, уни кўпчиликнинг ўртасида муҳокама қилиш одатга айланиб қолди. Биз ҳам ҳуда-беҳуда жар солувчилар сафига кириб қолмайлик, ана шу воқеадан ибрат олайлик деган мақсадда воқеани баён этишга журъат этдик. Зеро, биз бировнинг сирини сақлар эканмиз, аслида ўзимизнинг сиримизни сақлаган бўламиз. Ҳотам Асамм айтганидек, “Аллоҳга осий бўлмоқни истасангиз, сизни кўрмайдиган бир жойга бориб исён қилинг”, мабодо топа олсангиз!..

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

“Тилла  асбобларингизни келинингиз олган.  5-10 кун ичида қариндошлари келгандир. Ўша қариндошига бериб юборган”. Фолбиннинг сўзларини эшитиб Раҳимахон довдираб қолди. Келини тушганига ҳали бир йил ҳам бўлгани йўқ. Келини бор деса бор дегудек. Ножўя ҳвракатини шу вақтгача сезмади. Аммо фолбиннинг  сўзларидан кейин кўнгилга гумон ин қуриб бўлган эди. Фолбиннинг олдидан бир аҳволда уйига етиб келди. Ҳовлисида  кутиб олган келини кўзига бошқача бўлиб кўриниб кетди. Ҳушламайроқ саломига алик олиб, хонасига кириб нима қилиш кераклигини режасини туза бошлади.

Ўша кундан бошлаб Раҳимахоннинг оиласидан хотиржамлик кўтарилди. Келинининг ҳар бир ҳаракати шубҳали кўриниб: “Шу вақтгача ичимда илон сақлаган эканман”, деган ўй бир зумга ҳам тарк этмади. Арзимаган нарса бўлиб кўринган нарсадан катта жанжал кўтариб, ахири “ўғри” деган ном билан келинини уйдан ҳайдади. Гапни нимадалигини билмоқчи бўлган ўғлини жеркиб ташлади. Онасининг важоҳатига қарши бора олмаган ўғил хотини билан ажрашишга мажбур бўлди.

Раҳимахон кўнглидагидек келин топгунига ҳам анча вақт ўтди. Бу орада уйдан ҳайдалган келин бошқа турмуш қуриб, ўғилчалик бўлди.

Кўнглига ёққанини топиб, тўй тараддудини бошлаган Раҳимахон уй жиҳозларини тозалашга уринди. Не кўз билан кўрсинки тутилмайдиган чиннилар ичида келинни ўғрига чиқаришига сабаб бўлган тилла асбоблари турарди. Оёқ-қўллари музлаб қолди. Бир оилани пароканда  бўлишига, гулдек келинига туҳмат қилишига сабаб бўлган фолбинни ҳам, унинг сўзига кирган ўзини ҳам ич-ичдан қарғади. Аммо ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмас эди.

Бир нарсасини йўқотган, бирор ишда шубҳага борган кимса, айниқса илмсиз, маърифатсиз аёл-қизлар ёки тушкунликка  тушган инсонларнинг аксарияти  муаммонинг ечимини  топиш учун фолбинларга боришади. Оилавий ажримларнинг келиб чиқиши, акани укадан ажратадиган, қудалар, қўшнилар, ҳамкасблар орасига совуқчилик туширадиган фолбинлар ўзларини ғайб илмини билишларини даъво қилишади. Фолбинларга борувчилар эса вақтлари, соғлиги, пули бекорга кетганлигини ҳисобини қилишмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Аллоҳни қўйиб, фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга илтижо қилманг! Агар қилсангиз, унда, албатта, Сиз золимлардандирсиз”.

“Агар Аллоҳ Сизга бирор зарар етказса, бас, Унинг Ўзидан бошқа уни кетказадиган (куч) йўқдир. Агар Сизга бирор яхшилик (етказиш)ни истаса, Унинг фазлини қайтарувчи (куч) ҳам йўқдир. Уни (фазлини) бандаларидан хоҳлаганига етказур. У Kечиримли ва Раҳмлидир” (Юнус сураси, 106-107 оятлар).

Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан коҳинлар ҳақида сўрадилар. Шунда у Зот: “Улар хеч нарсага арзимайдилар”, дедилар. “Эй  Аллоҳнинг Расули, баъзан улар бир нарсани айтса, ҳақ бўлиб чиқади-ку?” дейишди. У зот: “У ҳақдан бўлган бир калима бўлиб, жинлардан бири уни илиб олиб,”оғайниси”нинг қулоғига товуқнинг қақиллашига  ўхшатиб, илқо қилади. Улар эса унга юздан ортиқ ёлғонни аралаштириб юборадилар”дедилар” (Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар).

Бир киши жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида келиб, қўлига бир нарсани беркитиб бу нима деб сўради. Шунда Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам очиқдан очиқ фолбин эмасликларини айтиб, “фолчи-ромчилар дўзахийдир” – дедилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васаллам дедилар: “Ким фолбинга бориб, унинг гапига ишонса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсадан ажрабди. Ким унинг ҳузурига келса-ю, гапига ишонмаса, қирқ кеча намози қабул бўлмайди” (Тобароний ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васаллам дедилар:”Ким тугун тугиб, унга дам урса, сеҳр қилган бўлади. Ким сеҳр қилса, ширк келтирган бўлади”,  деб айтганлар (Имом Насоий ривоят қилган).

Демак, фолчи-ромчиларга бориш ва улардан ўз муаммоларини ечими йўлида ёрдам сўраш гуноҳи кабиралардан бири эканлигини билдик. Биз ҳар қандай ҳолда ҳам Аллоҳ таолодан мадад ва ёрдам сўрашимиз, Унинг Ўзигагина илтижо қилишимиз лозим.

Ҳаётимиз синовлардан иборат, ҳар биримиз  дуч келаётган синовларда  ақл билан фикр юритиб, оқибатини ўйлаб ҳар бир ишга оқилона ёндашишимиз зарур.  Атрофимиздагилар, яқинларимизга бирор мусибат етганда  фолбин, сеҳр қилувчиларнинг олдига бормасликни  қатъий тушунтиришимиз зарур. Фолбинлик, сеҳргарлик улкан гуноҳлардан бўлиб, Аллоҳ асрасин икки дунёда ҳам хорликка олиб келиши мумкин.

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

 

Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш ва уларнинг номларини абадийлаштириш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 14 февралда “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида бир қанча вазифалар белuилаб олинди.

Ушбу вазифаларни самарали  бажариш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент ислом университети, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Шарқшунослик институти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом институти олимлари, тадқиқотчилари ва мутахассислари томонидан маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, аждодларимизнинг маънавий меъросини чуқур ўрганиш ва улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялашга қаратилган  14 номланишдаги адабиётлар  ҳозирга қадар тадқиқ этилди ва чоп этилди.

1. Шамоили Муҳаммадия.

2. Сунани Термизий (1-жилд).

3. Сунани Термизий (2-жилд).

4. Буюк Термизийлар.

5. Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий.

6. Манозилул ибод минал ибода (Мўминларнинг ибодатдаги даражалари).

7. Ҳаж ва унинг сирлари.

8. Китабул илал (Ҳадис иллатлари ҳақида).

9. Маърифатул асрор (Сирлар маърифати).

10. Ал-акёс вал муғтаррун (Оқиллар ва алданганлар).

11. Икки улуғ донишманд.

12. Ҳаким Термизий асарларидан сайланма. Наводирул усул (Нодир асослар), Ал-амсол минал Китаб вас сунна (Қуръон ва суннатдаги мисоллар), Масоил аҳли Сарахс (Сарахс аҳли саволларига жавоблар), Ал-Масаоилул макнуна (Яширин масалалар), Баёнул фарқ (Фарқлар баёни), Илмул авлиё (Авлиёлар илми).

13. Дастур ал-мулук.

14. Муҳаммад Ҳаким Термизий рисолалари. Будувву шаън Абу Абдуллоҳ Термизий (Ҳаким Термизий йўлининг бошланиши), Адабун нафс (Нафс одоби), Риёзатун нафс (Нафс риёзати), Баёнул касб (Касб-тирикчилик баёни).

Шунингдек ижодий гуруҳ томонидан зарур дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаш ишлари доимий олиб борилмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати

Хабарингиз бор, республикамизнинг ҳар бир ҳудудида, олис қишлоқ ва маҳаллаларда меҳр-мурувват тадбирлари кенг миқёсда давом эттирилмоқда. Кўмакка муҳтож, кам таъминланган хонадонларга ташриф уюштирилиб, муаммолар ўрганилмоқда, одамларни ўйлантириб келаётган масалалар ўз вақтида ҳал этилиб, моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Жиззах вилояти ҳокимлигининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича котибияти, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги томонидан туман ва шаҳарлар марказидан олис ҳудудда истиқомат қилувчи хонадонлар бориб ўрганилди. Жиззах вилояти ҳокимлиги жойларда аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда ҳал этиш бўйича барча зарур чораларни кўрмоқда. Хусусан, Ғаллаорол ва Зарбдор туманидаги ана шундай хонадонларга замонавий тикув машиналари, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳадя қилинди.

«Энг муҳими, одамлар доимий эътиборда эканлигини ҳис этмоқда, эртанги кунга ишончи тобора ортиб бормоқда», дейди Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали Жабборов. «Саховат кўрсатиш, одамлар оғирини енгил қилиш муқаддас динимиз кўрсатмаси. Ким бу тартибни ҳаётининг шиори қилиб олса, Аллоҳ таолонинг ризолигини топади. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий (а.с.) шундай марҳамат қилганлар: «Ким бирор мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини аритса, Аллоҳ ундан охират машаққатларидан бирини аритади».

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати

Янгиликлар

Top