muslim.uz

muslim.uz

Середа, 15 ноябрь 2017 00:00

Балки сиз эшитмаётгандирсиз

Бир киши рафиқасини яхши эшитмаяпти деган фикрга борибди. Унга эшитиш мосламаси сотиб олмоқни ҳам ният қилибди. Аммо кўнгил нозик, аёлига бу гапни дарҳол айтиб ранжитиб қўймаслик учун аввал дўхтир билан маслаҳатлашиб олмоқчи бўлибди. Дўхтир бу кишининг аёлининг эшитиши қай даражада эканини аниқлаб олмоқ учун бундай маслаҳат берибди:  “Жуфтингиздан 40 қадам масофада туриб одатдаги ҳолатда унга гап қотинг, агар эшитмаса, айни гапингизни 30 одим  масофага келиб, ўша оҳангда қайтаринг; унда ҳам эшитмаса, 20 қадамда туриб ўша оҳангда, ўша гапингизни сўзланг; жавоб олганга қадар яқинлашаверинг ва шу гапни қайтараверинг”.
Ўша куни хотини ошхонада кечки таомга уринаётганда у  40 одим узоқликда туриб одатдаги гаплашиш оҳангида:

– Азизам, нима овқат пиширяпсан? – деб сўрабди.

Хотини жавоб бермабди.

Ошхонага бир оз яқинлашиб келибди, 30 қадам қолганини чамалаб олибди-да яна:

– Азизам, нима овқат пиширяпсан? – дебди.

Яна жавоб бўлмабди.

Ошхонанинг эшигига келибди, орадаги масофа хийла қисқарибди. У яна ўша саволини қайтарибди:

– Азизам, нима овқат пиширяпсан?

Яна жавоб ололмабди. Бу сафар аёлига жуда ҳам яқинлашиб келибди ва айни саволни, айни оҳангда сўрабди:

– Азизам, нима овқат пиширяпсан?

– Азизим, тўртинчи марта айтяпман, шавла, – деб жавоб берибди хотини.

Қиссадан ҳисса: балки шунга ўхшаш масалалардаги муаммолар ҳар доим қаршимиздаги кишиларда бўлавермас, муаммонинг сабабини аҳён-аҳён эса-да, ўзимиздан ҳам қидириб кўрсак, фойдадан холи бўлмас, тўғрими?

Дамин ЖУМАҚУЛ таржимаси

Шу йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Доғистоннинг Махачкала шаҳрида “Россия мусулмонларининг анъанавий диний меросини қайта тиклаш: Дунё глобаллашув шароитида мусулмон шахсиятини сақлаб қолиш муаммолари” мавзусида Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.   Тадбирда  Россия ва хорижнинг йирик диний арбоблари, вакиллари ва академик жамият аъзоларининг иштирок этишлари кутилмоқда.

Доғистон Республикаси Муфтияти, Россия мусулмонлари идораси,  Доғистон Республикаси Виждон эркинлиги, Диний ташкилотлар билан ишлаш қўмитаси, Доғистон Республикаси  Маъмурияти бошлиғи, Россия Федерацияси жамоат палатаси, Ислом маданияти, Илм-фан ва таълимни қўллаб қувватлаш фонди ва миллатлар ишлари бўйича федерал агентлик каби ташкилотлар тадбирнинг ташкилотчилари ҳисобланади.

Конференцияда бир қатор илмий-амалий муаммоларни муҳокама қилиш, турли кўринишдаги диний экстремизм мафкурасини профилактика қилиш, ёшларнинг тўлиқ  шахсий ва психологик ривожланишида маънавий тарбияни асосий таянч қилиб олишни оммалаштириш  кўзда тутилган.

Мазкур конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили сифатида иштирок этиши учун  Халқаро алоқалар бўлими мудири М-А.Шокиров Махачкалага жўнаб кетди.

 

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Вівторок, 14 ноябрь 2017 00:00

Тинчликни асрайлик

Тинчликнинг энг катта неъматлардан экани ҳаммамизга маълум. Унинг қадрига етиш, уни асраб авайлаш бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Бу барча пайғамбарларнинг суннатидир. Қуръони каримда Иброҳим (алайҳиссалом)нинг Макка шаҳрига тинчлик ва унинг аҳлига ризқ сўраганликлари зикр қилинган. «Ибрoҳим алайҳиссалом: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли)мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин» (Бақара сураси, 126-оят).

Ўша пайтда ҳам Макка шаҳри тинч эди. Тинч бўлиб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш тинчлик бардавом бўлишини ифодалайди. Демак, тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш мақсадга мувофиқ амаллардан экан. Шу билан бирга оятда аввал тинчлик, сўнгра ризқ сўралганидан тинчликнинг ризқдан-да муҳимроқ, улуғроқ неъмат эканлиги маълум бўлади.  Чунки тинчлиги бор юрт саҳро бўлиб, ундан гиёҳ унуб чиқиши қийин бўлса ҳам, у ерда истиқомат қилаётганларга ўзининг тинч ватани хотиржам ҳаёт кечириши учун энг қулай маскан ҳисобланади. Ҳар бир жон, у ким бўлишидан қатъи назар, қайси касб, қандай мартаба ёки обрўга эга бўлмасин, тинчликда ҳаёт кечиришга муҳтождир.

Зеро, хавфсираган киши хотиржам тунамайди, тонг оттирмайди, яшамайди. Доим қалби қалқиб, безовта бўлади. Ўз моли, жони, оиласи ва касбида хавфсираб юради.

Тинчлик бўлса инсонларнинг ҳаёти фаровон бўлади, хотиржамликда ибодат қиладилар. Донишмандлардан бири “Неъмат нима?”, деб сўралганда, У: “Тинчлик, чунки мен хавфсираган кишининг ҳаётдан манфаатланганини кўрмадим”, деб жавоб берган. Неъматларга шукр қилиш ҳам тинчликни сақловчи омиллардандир.

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай деганлар: “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”.

Пайғамбаримиз  (соллаллоҳу алайҳи васаллам) биз учун энг муҳим бўлган уч нарсани зикр қиляптилар. Тинчлик, саломатлик ва моддий таъминот. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, бугун бу неъматларнинг барчасига эришмоқдамиз. Бардавом бўлиши учун уни сақлашимиз, қалб, тил ва аъзолар билан шукр қилишимиз лозим бўлади.

Абутолиб ИСАҚОВ

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани

“Оқ масжид” жоме масжиди имом-хатиби

 

Кечагина маҳаллада тенгқурлари билан бирга маҳаллани бошига кўтариб, кўрган кўзни қувнатадиган ёш болалар бугун ўспирин ёки балоғат ёшини қарши олиб улгурди. Вақт ўтиши билан болалик деган беғубор онлар, беғам кунлар аста секин бегоналашиб бораётган, ҳаётнинг навбатдаги босқичлари кутиб турган онларда, ҳар ким ҳам келажакда ким бўлишга қизиқади ва бунга интилади. Кимгадир тақлид қилади ёки ўзи учун кимнидир “қаҳрамон” қилиб олади. Масалан, футболни ёқтирадиган болалар ўзлари қизиқадиган жамоаларининг либосини кийиб юришади, ёқтирган футболчисининг исми, шарифини ёзиб олишади, ҳаттоки, соч турмагини ҳам ўхшатишга тақлид қилишади.

Демак, болалар айнан ўспирин ёшидан бошлаб, ўзининг келажаги учун қайғура бошлайди. Интернет ва бошқа шунга ўхшаш воситаларни аввалги пайтларга нисбатан кўпроқ ишлатадиган бўлиб қолади. Натижада ундаги ҳолатларга мослашиб, ўрганиб боради. Кўз ўрганувчан жисм ҳисобланади. Биринчи марта кўрганида ҳайратланиш иккинчи марта кўрган ва ундан кейингиларидан тубдан фарқ қилади. Сабаби, биринчи марта кўрган нарсасига кўз ўрганиб, оддий қабул қиладиган даражага келиб улгуради.

Айни пайтда оммавий маданиятнинг салбий оқибатлари, интернет оламида кенг тарқалиб бораётган турли хил хуруж ва боланинг онгига нисбатан хавфли омилларни билмайдиган ёки инкор этадиган киши бўлмаса керак. Интернет орқали кимларнидир ёлғон гапларига, ваъдаларига ва таклифларига ўспирин болани ишонмаслиги, унга қизиқмаслиги борасида ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Келинг шу ўринда жорий йилда Айдарбек Тулепов томонидан тайёрланган ва кўпчиликнинг олқишига сабаб бўлган “ИШИД ФИТНАСИ” номли китобида  “Адашган йигит изтироби” сарлавҳаси остида чоп этилган воқеа ҳам кўп масалага ойдинлик киритиб берганди. Мақоладаги қаҳрамон ўзининг гулдек оиласини, Аллоҳ таоло берган чиройли касбини, онадек муқаддас бўлган ВАТАНини ташлаб, чет элдан мўмай даромад топиб илинчида бўлади. Аммо у истагандек даромад ўрнида, уни аччиқ қисмат кутиб турганди. Интернет ва бировларнинг алдови натижасида шундайин бир самимий ва содда бола Суриядаги жангарилар сафига қандай қилиб бориб қолганлиги-ю, кимларга ишониб қўйганлиги ва кимлар билан ҳамтовоқ, улфат бўлиб юргангига ҳали тушуниб улгурмасидан турли хил ёвузликлар, ғайриинсоний фаолиятларни кўзи кўриб, қулоғи эшитди. Ачинарлиси, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, кўз кўриб ўрганиб қолади. Бола ҳам бу манзарани кўравериб, ўрганиб қолди ва у ишларни ислом динининг кўрсатмалари сифатида қабул қилиб бажара бошлади. Ғаламислар тоифасига шу қадар киришиб кетдики, аълалоқибат унга юртга қайтиш таклифини беришди. Бу таклиф шунчаки мамнуният ва самимийлик билан эмас, шартнома билан эди. “Юртингга қайтиб, уердагиларни ИШИДга чорлайсан, агар уларни сафимизга қўшишга эришсанг, қўмондонликни қўлга киритасан”, – дея уни Россия орқали Ўзбекистонга жўнатиб юборишади.

Бахтимизга юртимизни қалқонлари, ватаннинг фидоий ўғлонлари, унинг учун жон фидо қилишдан ҳам қайтмайдиган мард ва жасур қўриқчмлари бор. Юқоридаги “қаҳрамонимиз”нинг юртимизга қайтиб келиши, у ва улар истаганидек амалга ошмади. Аеропортдаги махсус текширувдан сўнг, унинг қўл телефонида турли тоифали тарғиботга далолат қилувчи файллар топилиб, вақтида катта хатарнинг умрига нуқта қўйилди[1].

Каминани бир савол қийнайверади, қийнайверади. Нима, одамлар шу қадар гўл бўлиб кетганми ёки билмадим... Оддийгина ақл тарозуси кўтара олмаган мудҳишликларни қандай қилиб дин кўтарсин. Аниқроқ қилиб айтганда, оддий бир инсоннинг ақли ва таъби кўтара олмаган ғайриинсоний фаолиятларни қандай қилиб диний кўрсатма сифатида қабул қиладилар. Юу ўринда фақат ислом дини назарда тутилмаяпти, барча динлар ҳам тинчликка ва яхшиликка чорловчи бўлиб ҳисобланади-ку. Наҳотки буни ўз Ватанидан чет эл мамлакатларига чиқиш ва улар билан тил топиша олишдек машаққатни енгишга ҳаракат қиладиган кишининг ҳаёл осмонидан бир бора учиб ўтмаса...

Мухтарам Ўқувчи! Мазкур ҳолатларни сиз ва бизнинг келажагимиз, эртанги кунимиз ва биздан кейин бизнинг хонадонимиз чироғини ёқиб ўтирадиган фарзандларимиз тушиб қолмаслиги учун, албатта уларнинг кундалик фаолиятлари билан қизиқайлик ва уларни маълум бир фойдали соҳа билан машғул бўлишига ундайлик. Ана шунда улар ўзларининг келажаклари ҳақида ҳам теран ўйлашга, эртанги кунда халқ олдида юзи ёруғ бўлиши учун қайғурадилар, ҳаракат қилиб яшайдилар.

Мақоламни, мухтарам юртбошимизнинг сўзлари билан якунлашни лозим топдим. Зеро, Президентимиз: “Бугунги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларидаавж олаётган қарама-қаршилик, жумладан, яқин Шарқда, Ироқ ва Сурия мамлакатларида бўлаётган қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган ўзаро низо ва зиддиядлар, бегуноҳ одамларни қурбон бўлаётгани барчамизни ташвиш ва ҳавотирга солмасдан қўймайди.

Диний қадриятларнинг, эзгуликнинг, инсониятнинг душмани бўлган ёт ғояларнинг асл моҳиятини очиб бериш, бузғунчи оқимларни жиловлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, мана шундай тинч, мусаффо осмон остида бунёдкорлик меҳнати билан банд бўлиб, шукрона келтириб яшаётган олижаноб халқимизнинг тинч ҳаётини ҳар қандай бало-қазолардан асрашга ўз ҳиссамизни қўшиш – бугунги кундаги энг долзарб вазифамиз бўлиши керак”[2], – дея ҳақиқатда долзарб ва ечими кутаётган масалага урғу бериб ўтдилар.

 

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани

«ОҚ МАСЖИД» масжиди имом-хатиби

Абутолиб Исақов мақоласи

 

[1]“Ишид фитнаси” /Айдарбек Тулепов. – Тошкент: Мовароуннаҳр 2015-йил 52-53-бетлар

[2]“Ишид фитнаси” /Айдарбек Тулепов. – Тошкент: Мовароуннаҳр 2015-йил

Бутунжаҳон ҳалол саммити ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг бешинчи Ҳалол кўргазмаси Истанбул шаҳрида бўлиб ўтади. Ушбу кўргазма 23 ноябрь куни ўз ишини бошлайди.

Кўргазмада 57 мамлакат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Ислом туризми, Ислом молияси, ҳалол кимё, косметика, тиббиёт ва фармацевтика кампаниялари ўз маҳсулотларини намойиш этадилар. Кўргазмада 80 мамлакатнинг 150 дан ортиқ брендларини кўриш мумкин бўлади.

Сомали, Покистон ва Малайзия сингари мамлакатлар раҳбарлари, халқаро ташкилотларнинг вакиллари саммитда иштирок этадилар.

Анжуман Ислом молияси, Ҳалол озиқ-овқат саноати, Ислом туризми, Ҳаж ва умра, Ҳалол тиббиёт, фармацевтика ва кимё, Исломий ҳаёт ва ҳалол текстил йўналишларида ўтказилади.

Анжуман ва кўргазма 23 ноябрдан 25 ноябрга қадар давом этиши режалаштирилган.

ЎМИ ахборот хизмати

Янгиликлар

Top