muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Киши ўз ортида қолдирган нарса луғатда “тарика” дейилади. Фароиз илми уламолари истилоҳида эса тарика, вафот этган кишидан қолган мол-мулк ва шаръий ҳуқуқлардир.

Яъни марҳумга тегишли барча турдаги кўчар ва кўчмас мулклар ҳамда ҳаётлигида бошлаган ва ўлимидан сўнг фойдага кирган ишлардан келган мол-мулклар.

Марҳумнинг мол-мулкига боғлиқ ҳуқуқлари ҳам тарикага киради. Ушбу ҳуқуқлар вафот этган инсон қолдирган мол-мулкнинг айни ўзига боғлиқ бўлади. Масалан, маййит бирор нарсани гаровга олиш орқали қарз берган бўлса, қарздор қарзини узмагунича гаров меросхўрлар қўлида туради.

Марҳумнинг ўлими сабаб хун вожиб бўлса, хун учун олинадиган мол ҳам тарика ҳисобланади.

Тарика маййитнинг дафн харажатларига, маййитнинг қарзларини узишга, маййитнинг васиятларини амалга оширишга сарифлангач, қолгани ворисларга Қуръон ва суннатга мувофиқ тақсимланади.

МАРҲУМНИ ДАФН ЭТИШ ХАРАЖАТЛАРИ

Маййит дафн қилиш чиқимлари исрофгарлик ёки зиқналикка йўл қўймасдан, шаръиатга мувофиқ бўлиши лозим. Агар маййит дафн харажатларга етадиган қолдирмаган бўлса, ҳаётлигида унга нафақа бериши лозим бўлган киши дафн харажатларни кўтаради.

МАРҲУМНИНГ ҚАРЗЛАРИНИ УЗИШ

Қарзлар икки турли: 1. Соғломликда олинган қарз. 2. Беморликда олинган қарз. Аввалгиси ҳужжат ила ёки иқрор бўлиш орқали исбот топган қарз бўлиб, унга насия маҳр, насия савдо ва бировга етказилган зарарни тўлаб бериш кабилар киради. Кейинги турдаги қарзга мерос қолдирувчининг – ўлим касаллиги вақтида иқрор бўлганидан бошқа ҳеч қандай исботи бўлмаган қарздир.

Маййитдан қолган мол-мулк дафн харажатларидан ортиб қолса, биринчи бўлиб саломатлигида олган қарзлари узилади. Ундан ортса, беморликда олган қарзлари тўланади. Агар тарика саломатлигида олгани қарзларини ҳаммасини тўлашга тўлиқ етмаса, қарз берганларнинг ҳар бирининг ҳақига муносиб равишда тақсимланади. Қарз тури бир хил бўлган қарз эгаларининг бирини бошқасидан устун қўйиш жоиз эмас.

Бу ўринда қарз ҳақида гапирилганда инсонлардан олинган қарзлар назарда тутилди. Мазҳабимизда қарзларни адо қилишда ҳам асосан шу турдаги қарзлар назарда тутилади. Шофеъий мазҳабида эса, Аллоҳ таоло олдидаги қарзлар биринчи адо қилинади. Улар: закот, ҳаж, назр, рўзанинг фидяси ва ушр каби молиявий ибодатлардир. Агар маййит уларни адо қилишни васият қилса, тариканинг учдан бири ҳисобидан ўташ меросхўрлар учун вожиб бўлади. Агар васият қилмаган бўлса, инсонлардан олинган қарзи ўталганидан сўнг, Аллоҳ таоло олдидаги қарзларни ҳам адо этиб қўйиш яхшидир.

Саиджамол МАСАЙИТОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази бош мутахассиси

Понеділок, 09 октябрь 2023 00:00

70 мингта фаришта сизни дуо қилишади

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тонг отганда уч марта “Аъуузу биллаҳис самийъил аълийм минаш шайтонир рожийм” деса, сўнгра Ҳашр сурасининг охирги уч оятини ўқиса, Аллоҳ унга етмиш минг фариштани вакил қилади. Фаришталар унинг ҳаққига кечгача салавот айтадилар. Агар у ўша куни вафот этса, шаҳид (мақомида) кетади. Кимки кеч кирганда ўқиса, худди ўша мартабага эришади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) яширин ва ошкора нарсаларни билувчидир. У Меҳрибон ва Раҳмлидир.
У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Подшоҳ, (барча айб-нуқсонлардан) Пок, (бандаларига) тинчлик бахш этувчи, Омонлик берувчи, Кузатиб турувчи, Қудрат соҳиби, Бўйин сундирувчи ва кибр эгасидир. Аллоҳ (мушриклар) келтираётган ширкдан покдир.
У – Яратувчи, (йўқдан) Бор қилувчи, (барча нарсага) Сурат (ва шакл) берувчи Аллоҳдир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Унга тасбеҳ айтур. У Қудратли ва Ҳикматли (зот)дир” (Ҳашр сураси, 22-24 – оятлар).

Даврон НУРМУҲАММАД

Бугун, 6 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Тошкент шаҳридaги “Кўкча Оқтепа” жоме масжидида жума намозини жамоат билан адо этдилар.

Жума намози аввалида Муфтий ҳазратлари кексаларимизнинг борлиги биз учун улкан бахт-саодат экани, уларнинг қилган дуолари туфайли Аллоҳ таоло бизларни турли бало-офатлардан сақлаши ҳақида гўзал маъруза қилиб бердилар.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари манфаатли мавъиза давомида Ислом инсонларни бир-бирига яхшилик қилишга тарғиб этиши, бунда кексаларга янада кўпроқ эътибор қаратиш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар.

Шунингдек, ҳар бир инсон яхшилик ва солиҳ амаллар билан яшаб кексайишга ҳаракат қилиши кераклиги, зеро, ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ё Расулуллоҳ, одамларнинг яхшиси ким?” деган саволга: “Умри узун, амали гўзал бўлган одам” дея жавоб берганлари баён этилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

“Book Wоrld Egypt” нашри Қуръони каримнинг дунёдаги энг нодир ва қадимий нусхаларидан бирининг суратларини чоп этди.

“ИҚНA” сайтининг “ТРТ” телеканалига таяниб хабар беришича, Миср Миллий кутубхонаси ва архивида ҳижрий I асрнинг биринчи ярмига (деярли 1300 йил) тегишли бўлган Ҳижозий Қуръони карим нусхасини қайта тиклаш ишлари якунланиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Қуръони каримнинг ушбу нусхаси 32 саҳифадан иборат бўлиб, темир сиёҳ билан ёзилган. 16 тоқ ва 8 та жуфт варақдан иборат.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Дубайда икки йилда бир марта ўтказиладиган Ислом хаттотлик санъати кўргазмаси ислом давлатларидан 200 нафар хаттот иштирокида бошланди.

“ИҚНA” сайтининг “аш-Шарқ” матбуотига таяниб хабар беришича, Дубай маданият ва санъат департаменти дунёнинг турли бурчакларидан 200 га яқин хаттот ва рассомларни жамлаган ва Дубай бўйлаб 35 та жойда 19 та кўргазма ташкил этадиган “Дубай хаттотлик биенналеси” ўз фаолиятини бошлади.

Кўргазмага қўйилган асарлар орасида ислом хаттотлиги, анъанавий ва замонавий типография 8 тилда ўрин олган.

Ушбу биенналенинг очилиши 11-Дубай халқаро араб хаттотлиги кўргазмаси доирасида бўлиб ўтади ва шу йилнинг 31 октябригача давом этади.

Мазкур кўргазманинг очилишида Дубай Маданият бошқармаси раҳбари Шайха Латифа бинт Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум бундай деди: “Хаттотлик миллий ўзлигимизни англашдаги устунлардан бири саналиб, маҳаллий ҳамда араб маданияти ва меросимиз бойлигини ифодаловчи, илҳомлантирувчи воситадир”.

У қўшимча қилди: “Дубай ижодий иқтисодиётда сифатли ўзгаришларни амалга ошириш ва ижодий истеъдодларни қўллаб-қувватловчи барқарор бадиий муҳитни яратиш тарафдоридир. Дубай халқаро хаттотлик кўргазмаси Ислом санъатини асраб-авайлаш, араб маданиятининг эстетикаси ва бойлигини ёритиб, унинг ижодий мазмунини дунёга таратишга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшади”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Сторінка 79 з 305

Янгиликлар

Top