muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Середа, 16 августь 2023 00:00

Мазҳабларга эргашиш

Середа, 16 августь 2023 00:00

Соғлом эътиқод

Тадқиқот

IX-X асрларда ёзилган асарларда кўтарилган мавзулар асосан Aбу Ҳанифанинг ақидавий қарашлари асосида ёритилган. Бу даврда ёзилган энг машҳур асар сифатида Ҳаким Самарқандийнинг “Китоб ас-савод ал-аъзам” асарини таъкидлаш лозим.Асар халқ тилида “Савод ал-аъзам” номи билан машҳур.

Ҳаким Самарқандий рисолада ақоид муаммоларининг деярли барчасини айтиб ўтган. Жумладан, кейинги даврда ёзилган Aқоидга доир рисолаларининг ёзилишига замин яратиб берган, рисолада ашёнинг (нарсалар) ҳақиқати, маълумот олиш йўллари ва оламнинг моҳияти каби каломий мавзуларга ўрин берилмаган, мавзуларни белгиланган бир тартибда тузмаган, мавзуга оид барча масалалар бир хил ерда баҳс қилинмаган, турли ерларда фарқли ҳажмлар билан баён қилинган. Рисола мотуридия калом мактабининг мутақаддим давридаги асосий манбаларидан бири ҳисобланади. Рисолада бошқа кўплаб ақидавий манбаларда ўрин олмаган баъзи фиқҳий масалалар ҳам очиб берилган.

Аллома қаламига мансуб яна бир асар “Рисола фи ал-иман”. Рисола атиги икки саҳифадан иборат бўлиб, 1872 йили “Китоб ас-савод ал-аъзам” асарининг нашрига илова қилиниб чоп этилган. Ушбу рисоланинг нодир тошбосма нусхаси Aнқара университети Илоҳиёт факультети манбалар фондида 237.4 рақами остида сақланади.

Рисолада имоннинг қалб билан тасдиқ ва тил билан иқрор бўлишининг шарти, амаллар имоннинг жузи эмаслиги ҳамда имоннинг камаймаслиги ва кўпаймаслиги ҳақидаги масалалар баён этилган. Шу йўсинда хорижий[1] ва муътазилийларга[2] ҳамда Имом Шофеъийнинг имон масаласидаги қарашларига раддия берилган. Кўриниб турибдики, ушбу рисола ҳам мазмун-моҳияти жиҳатидан ҳанафий ва мотуридий ақидасини ифодалаб беришга бағишланган.

Муаллиф ушбу асарида имон масаласида қуйидаги хулосани келтириб ўтган: “Кимки (шаҳодат калимасига) гувоҳлик берса, амал ва эътиқод қилса, у ҳақиқий мухлисдир (тақводор мўмин). Кимки (шаҳодат калимасига) гувоҳлик берса, амал қилса-ю лекин барчасига эътиқод қилмаса (имон келтирмаса), у мунофиқдир. Кимки (шаҳодат калимасига) гувоҳлик берса-ю, лекин амал қилмасдан эътиқод қилса, у фосиқдир[3].

Шунингдек, асарда имон билан ислом бир нарса экани ҳақида сўз боради. Олим ушбу фикрига Қуръондан далил келтирган:

Кимки исломдан ўзга динни истаса (ихтиёр этса), ундан (у дин) сира қабул қилинмагай ва у охиратда зиён кўрувчилардандир” (“Оли Имрон” сураси, 85-оят).

Бас, Биз у жойдаги мўминлардан бўлмиш кишиларни чиқариб юбордик. У жойда (Лут хонадонидан) ўзга мусулмонларни топмадик” (Зориёт сураси 35-36-оятлар).

Ҳажм жиҳатидан мўъжазгина бўлган ушбу рисолага Aбу Муин Насафийдек олим мурожаат қилган. Демак, уни ҳам тўлиқ ҳанафия-мотуридия ақидасига мувофиқ тарзда ёзилган манба деб эътироф этиш мумкин.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, IX асрнинг иккинчи ярми, X асрнинг биринчи чорагида Мовароуннаҳр ҳудудида шаклланган сиёсий-ижтимоий ва маданий муҳитда алломанинг дунёвий қарашлари ва илмий салоҳияти салмоқли ўрин тутган.

Ҳаким Самарқандий яшаган давр Мовароуннаҳр ижтимоий-сиёсий ҳаётида кескин ўзгаришлар юз берган вақтга тўғри келди. Олимликнинг асосий белгиларидан бири уни ўз даври ва кейинги асрда яшаган олимлар томонидан эътироф этилишидир. Бу белгини Ҳаким Самарқандийнинг шахсий ахлоқий сифатлари, илм ва уламолар наздида тутган ўрни ҳақидаги кўп олимларнинг эътирофида ҳам кўриш мумкин.

Муҳаммаджон АБДУҲАМИДОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти

 

[1] Сагдиев Х. “Протеворечивойе вероученийе заблудних групп”. Ин Сборники конференсий НИС Сосиосфера (Но. 12, пп. 86-91). Ведеcко вйдавателске cентрум Соcиосфера-CЗ сро. – Б. 88-90.

[2] Оқилов С. “Калом (Aқоид)”. Ўқув қўлланма. –Тошкент: “Ҳилол-Нашр”, 2019. – Б. 35-52.

[3] Ҳаким Самарқандий. “Рисала фи ал-иман”. Тошбосма. Aнкара университети, Илоҳиёт факултети фонди. Инв. №: 237.4. – Б. 39.

Ривоятлар чашмаси


Жаҳонгир Юлдошев томонидан ўқилди

Янгиликлар

Top