muslim.uz

muslim.uz

Туркия январь ойи бошида ўзининг биринчи космонавтини коинотга жўнатишни режалаштирди, деб ёзади “ТAСС” агентлиги республика саноат ва технологиялар вазири Фотиҳ Каджир баёнотига таяниб ҳолда.

Вазирлик ходими таъкидлаганидек, турк космонавти Aлпер Гезеравжи 9 январь куни ХКБ(Халқаро космик бекат)га жўнаб кетади.
Парвоз Туркиянинг илмий ва технологик салоҳиятини намойиш этишни мақсад қилган. Космосда ўндан ортиқ илмий тажрибалар ўтказиш режа қилинган.

Яқин келажакда миссия иштирокчиси парвоз олдидан карантин режимига ўтказилади.
Ёз фаслида Туркия коинотига маҳаллий зондли ракетани муваффақиятли учиришга муваффақ бўлинган эди.

Aввалроқ Эрон 2028 йилда коинотга биринчи космонавтни жўнатишни режалаштираётгани ҳақида маълум қилганди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Мадинаи Мунавварадаги Масжидун Набавийда ўтган ҳафтада мисли кўрилмаган 5 миллиондан ортиқ кишидан иборат намозхон зиёрат ва ибодатларни амалга оширганини қайд этди.

Масжидул Ҳаром ва Масжидун Набавий ишлари бўйича Бош бошқарма маъмурияти маълумотларига кўра, шу йил 8-15 декабрь кунлари бир ҳафта давомида масжидга 5 миллион 119 минг намозхон ва зиёратчи ташриф буюрган. Улардан 501 938 нафари Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам қабрини зиёрат қилишга муваффақ бўлди, деб ёзади “IslamNews” “GulfNews” матбуотига таяниб.

Мадинаи Мунавваранинг муқаддас масканларини зиёрат қилган мусулмонлар орасида 15 295 нафар кекса ва ногирон меҳмон бор эди.
Бир ҳафта давомида 87 мингдан ортиқ зиёратчи ўнлаб тиллардаги таржимонлар хизматидан фойдаланди.

Ҳафта давомида 13 584 киши Масжидун Набавий кутубхонасига ташриф буюрди. 4783 нафар киши эса буюк масжид ҳудудидаги музей ва кўргазмаларни томоша қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Четвер, 21 декабрь 2023 00:00

Гуноҳлар қаерга етаклайди?

Ҳазрат Саййид Амир Кулол дейдилар:

♦️ Чиройли хулқли бўлиш насл-насабнинг ёмон тарафларини беркитиб туради.

♦️ Ҳар доим, ҳамма вақт Расулуллоҳга эргашган кишини Аллоҳ таоло турли каромат, валийлик ва мақтовли хислатлар билан ораста қилур.

♦️ Бизда неки яхши ҳол бўлса, барчаси гумномлигимиз (яъни хилват дар анжуман қилиб, хоксор бўлмоқ) самарасидир.

♦️ Одам токи тақводор бўлмас экан, Аллоҳ таоло уни бу тариқда – хожагон машойихининг муборак йўлида юргизмас.

♦️ Зинҳор шариатга мухолиф иш қилманглар. Чунки гуноҳлар инсонни жаҳаннамга етаклайди. .

♦️ Эй ёронларим! Шуни яхши билингизким, ҳар кимки Худойи табарока ва таолодан ботинида ҳам, зоҳирида ҳам қўрқса, Худованд азза ва жалла барча нарсани у бандадан қўрқадиган қилиб қўяди.

♦️ Худойи таолонинг маърифатига ошно бўлганликнинг аломати киши зоҳирда ҳам, ботинда ҳам Аллоҳ таолодан қўрқмоғидир. Тақводор банда жаннатга киргуси. Чунончи, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло марҳамат қилдиким: ذلك لمن خشيى ربّه “Залика ли-ман хошийа Роббаҳ”, яъни: “Бу (жаннат) Парвардигоридан ҳақиқий қўрққан мўмин банда учундир”.

♦️ Аллоҳ табарока ва таолонинг хос бандалари шул кимсалардирки, улар жаноб Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломга мутобаат қилурлар, аҳли сунна вал жамоа ақидасига эътиқод қилиб яшайдилар. Шариатдан бир қадам ҳам четга чиқмайдилар, ўзларини Ҳақ субҳонаҳу ва таоло хизматига бахш этурлар. Дилларини ғафлат пардаси қопламаслиги учун ҳар доим ҳушёрдирлар, кундузлари ҳам, тунлари ҳам Каломуллоҳ тиловатида бардавомдирлар.

♦️ Агар тариқат кишиси дунёга берилса, дуоси ҳижобланур, яъни дуо-илтижолари қабул бўлмас.

Баҳриддин УМРЗОҚОВ
тўплади.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Билимдон диншунос” интеллектуал танлови бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда Академия ректори Уйғун Ғафуров, Дин ишлари бўйича қўмита бош мутахассиси Баҳодир Даминов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари – Акбаршоҳ Расулов ҳамда Исомиддин Аҳроров, кафедра профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этдилар.

“Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО” кафедраси томонидан ташкил этилган танловда Академиянинг турли таълим йўналишларидан жами 96 нафар талабадан иборат 24 та гуруҳ қатнашди.

Мусобақа 1-шарт (саралаш тести) бўлиб, бу шартда 6 та гуруҳ саралаб олинди. Шундан сўнг 2-шарт (блиц савол-жавоб), 3-шарт (атама ва расмларни шарҳлаш) ҳамда 4-шарт (ижодий иш) – Диншуносликка оид долзарб мавзуда икки дақиқалик видеоролик тақдимот қилинди.

Танлов якунида 3-ўринни “Туркистон” жамоаси қўлга киритган бўлса, 2-ўринга “Фурқон” жамоаси сазовор бўлди. Ғолиблик эса “Диншунослик” йўналиши 3-босқич талабаларининг “Шаҳристоний издошлари” жамоасига насиб этди.

Якунда ғолиб ва совриндорлар тақдирланди.

 

 

 

 

 

https://iiau.uz/oz/news/2773 

– Маҳмуд, либосларни текшириб бўлдик. Сафарга отланяпман. Қарздорлар рўйхатини сенга ташлаб кетаман. Ким қарзини сўраб келса, дарҳол пулини қайтар. Қарздорларга эса кенглик қил. Яна бир нарсани эсдан чиқарма: баъзи кийимларнинг сифати яхши эмас. Уларни сифатлиларига қўшиб сотма. Мижозга молнинг айбини айтиб, ярим нархига сот. Харидор кийимнинг айбини кўрмаслиги мумкин. Лекин Аллоҳ билади, У Зот ҳолимиздан хабардор. Тижоратимизда Парвардигорга осий бўлсак, баракадан маҳрум бўламиз.

* * *

– Менга айт-чи, бу кўйлакнинг нархи қанча?

– Икки минг дирҳам.

– Қиммат экан. Юртингизда меҳмонман. Карвоним Яманга қайтиш арафасида. Меҳмонни ҳурматлаб, уни менга минг дирҳамга берсанг.

– Меҳмон экансиз, кўйлакни сизга бир ярим минг дирҳамга бераман. Ундан камига сотсам, дўкон эгаси мени койийди.

Яҳудий кўйлакни олибоқ йўлга тушди. У кетганидан кейин Маҳмуд сифатсиз кўйлакни яхши кўйлак нархида адашиб сотиб юборганини пайқаб қолди. Ўзини койиркан, хўжайинга нима дейишини ўйлаб хавотирга тушди.

* * *

Сайфуддавла юртига қуруқ қўл билан қайтди.

“Энди келмаса керак”, деган важҳ билан унга аталган молни ўзга тижоратчига сотиб юборишганди. Кейинги савдогача ҳали олти ой бор эди. Сайфуддавлани бу ҳол қаттиқ ташвишга солди. Сабаби, дўконида фақат бир ойга етадиган моли қолган эди.

Сайфуддавла сафардан қайтиб, дўкондаги ишлар ҳақида сўради. Ишчисининг сифатсиз кўйлакни қиммат нархда сотиб юборганини билгач, харидор ҳақида суриштирди.

Маҳмуд кўйлакни яҳудийга сотгани, у мусофир бўлиб, карвони билан кеча Яманга қайтганини айтди. Сайфуддавла яҳудийни топиш учун карвон ортидан боришга тайёрлигини билдирганда, Маҳмуд ҳайратланиб: “Минг дирҳамни қайтариш учун ёлғиз ўзингиз саҳрода катта масофани босиб ўтасизми?” деди. Сайфуддавла: “Ҳа, гарданимда минг дирҳамдан қарз билан Аллоҳ таолога йўлиқолмайман”, деди.

Сайфуддавла карвонни топиш, пулни яҳудийга қайтариш учун йўлга чиқди. Ҳаво иссиқ, масофа олис эди. Сайфуддавла йўлда учратган ҳар бир карвондан яҳудий ҳақида суриштирди. Фақат сафарнинг учинчи куни яҳудийлар карвонига дуч келди. Улар орасида ўша яҳудийни топди ва унга бундай деди:

– Алҳамдулиллаҳ, ахийри сизни топдим. Сиз харид қилган кўйлак сифатсиз эди. Мана бу минг дирҳамни олиб қўйинг.

– Лекин мен кўйлакдан айб топа олмадим.

– Ёрдамчим ҳам хабарсиз ҳолда уни қиммат нархда сотиб юборибди.

– Минг дирҳам учун шунча машаққат чекиб юрибсизми?

– Ҳисоб кунида ушбу гуноҳни кўтариб туролмайман.

– Аллоҳга қасам, сиздек хулқли кишини ҳали кўрмадим. Ким сизни бундай қилишга ундади?

– Ислом дини. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Вайл бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга. Улар одамлардан нарса ўлчаб олcалар, тўлиқ оларлар. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар” (Мутоффифин сураси, 1–3-оятлар). Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бизни алдаган бизлардан эмас”, деб огоҳлантирганлар. Нега жим турибсиз, пулингизни олинг.

– Аллоҳга қасам, нима дейишни ҳам билмай қолдим. Мени бу гўзал хулқингиз ва сўзларингиз билан хижолат қилдингиз.

– Нима демоқчисиз?

– Мен кўйлак харид қилишда қалбаки пуллар бергандим. Шу боис аввал юкимни шай қилиб, дўкондорга дирҳамни берибоқ йўлга отландим. Шундай қилсам, сотувчи қалбаки пулларнинг фарқига бормайди, дедим. Сизни кўрганимдан кейин сохта пулларни бериб, кўйлакни қайтариб оласиз деб ўйладим ва дўстларим олдида шарманда бўлишдан қўрқдим.

– У ҳолда нима учун ҳозир пулларнинг сохта эканини эътироф этмоқдасиз?

– Сизнинг гўзал хулқингизни кўриб, ёмон хулқимдан уялдим.

Ислом динига кираман: “Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман!”

Шу тариқа яҳудий мусулмон бўлди ва карвонини ташлаб Сайфуддавла билан Шомга, янги динни ўрганиш учун кетди.

Ургут тумани бош имом-хатиби
Абдуғани ҲАСАНОВ
тайёрлади.

Янгиликлар

Top