muslim.uz

muslim.uz

Финландиялик ёш педагог қандай қилиб Исломни қабул қилгани ҳақида сўзлаб берди. Исломни янги қабул қилган ва ўзига Ризо номини олган мусулмон йигит аввал Исломга қизиқмасди ва динини ўзгартириш ҳақида ўйламасди.

«Мен Исломни жуда юзаки тушунардим, у ҳақида кам нарса билардим, – дейди у. – Касбим ўқитувчи ва ўқувчиларим орасида турли дин вакллари бор. Мактабимдаги диний ранг-баранглик Исломни тушунишимга йўл очиб берди. Аввалига бу динга алоҳида муҳаббат қўймадим, аммо унинг асослари билан танишганимдан сўнг қизиқиш туфайли барча саволларимга жавоб топиш истагида уни ўрганишни бошладим».

Ризонинг сўзларига кўра, у Қуръоннинг ўз она тилига ўгирилганини ўқиганида, руҳий кашфиётнинг теранлигидан лол қолди, деб хабар беради IslamNews сайти Abna24 га таяниб.

«Энди жуда хотиржам ва сокинман, дин ҳақида янада кўпроқ нарсалар ўрганишга ҳаракат қиламан, китоблар ва мақолалар ўқияпман, атоқли мусулмон раҳнамоларининг таълимотлари билан танишмоқдаман».

Ризо ватандошларига ҳам Ислом ҳақида кўп нарсаларни айтиб бериш ниятида.

ЎМИ Матбуот хизмати

П'ятниця, 29 декабрь 2017 00:00

Оролни қутқариш мумкин…ми?

Кўп йиллардан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида раҳбар лавозимларда фаолият юритиб келган давлат арбоби, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессори Мақсуд Ибрагимовни халқимиз Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланиб келаётган олим сифатида яхши танийди.

Етмиш ёшни қаршилаган эл оқсоқоли – тиниб-тинчимас одам. У жуда банд инсон бўлишига қарамасдан, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси билан илмий янгиликларини бўлишишга рози бўлди.

Мақсуд Юлдашевич, Орол фожиаси натижасида биринчи навбатда халқимиз, сўнгра бутун дунё жабрланаётгани бот-бот такрорланиб келинмоқда. Унинг оқибатларини енгиллаштириш мақсадида бир қанча чора-тадбирлар олиб борилди. Хўш, аҳвол ўзгардими?

– Биринчидан, Орол денгизининг суви тортилиб, қуриган қисмида янги тупроқ қатламининг пайдо бўлиш жараёни кетмоқда. Табиий тарзда ўт-ўланлар ўсиб чиқмоқда. Демак, қуриб қолган майдонлар заҳарли чанг-тўзонлардан тозаланиб, бу ердаги тупроқ ҳосилдорлиги ортмоқда. Иккинчидан, ҳозирги пайтда сувсизланиб қолган майдонларда юз минглаб гектар ерларга ўрмон хўжаликлари томонидан ўсимликлар (саксовул, қандим ва ҳоказо) экилиб, ўрмонлар барпо этилмоқда. Орол денгизининг 5,5 миллион гектар майдонидаги қуриб қолган ерларнинг камида 3,5 миллион гектар ерида табиатнинг кучи билан ўт-ўланлар ўсиб кетса, бу ерларда улкан яйлов майдонлари пайдо бўлиши мумкин.

Ҳозирги пайтда экологик вазиятлар сабабли Қизилқум ва Устюрт яйловларининг табиий ҳосилдорлиги камайиб бормоқда. Шу сабабли денгизнинг сувсиз майдонларини чорвачилик учун яйлов сифатида фойдаланиш келажакда долзарб муаммога ечим бўла олар эди. Бу чоралар узлуксиз амалга оширилса, ҳудуддаги экологик аҳвол ҳам яхшиланиши кутилмоқда.

Ўт-ўлан ўсмайдиган ерларда чанг-тўзон ҳали ҳам кўтарилишда давом этмоқдами?
– Бунинг ҳам чораси топилди. Яқинда Қорақалпоқ давлат университетининг Экология ва тупроқшунослик кафедраси докторанти Маҳмуд Алламуратов илмий янгилик – денгизнинг ўсимлик ўсмайдиган қумли ерларида қумларнинг кўчишини тўхтатиш учун сепиладиган (пуркаладиган) кимёвий бирикмани ихтиро қилди. «Аму 1», «Аму 2» номи берилган ушбу бирикмалар қумнинг юзасини 8 миллиметр қалинликда қотириб ташлайди. Ҳар ёмғир ёғиши бирикманинг мустаҳкамланишига замин яратади. 

  Орол денгизига сув олиб келишнинг имкони бор экан. Сиз яқинда ўтказилган илмий-амалий конференцияда шу масалани кўтарган эдингиз. Демак, денгизни тўлдириш мумкин, шундайми?

– Жиззахда катта кўллар тизими бор. 1969 йили Сирдарё сувининг тўлиб, 21 куб километр сувнинг қирғоқларидан чиқиб кетиши натижасида пайдо бўлган ушбу Айдар-Арнасай кўллар тизими ҳозир Қизилқумни ботқоқликка айлантирмоқда. Чунки, 1993 йилдан буён бир неча бор Сирдарёнинг ортиқча суви шу кўлларга қуйилиб, кўллар тизимининг майдони йилдан-йилга катталашиб бормоқда. Унинг сувини бекорга чўлга оқизиб юборилгандан кўра, Орол денгизига қуйишнинг чораси кўрилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бундан, албатта, денгиз тўлиб қолмайди, лекин унинг минераллашув (туз кўламининг ортиши) даражасининг пасайишига хизмат қилади.

– Нима сабабдан Сирдарёнинг суви ҳали ҳам бу кўллар тизимига келиб қуйилмоқда?
– Сирдарёнинг суви Қозоғистон томондаги дамбадан тўлиқ ўтмайди. Дамбадан сувнинг ҳаммаси ўтиб кетиши ҳисобга олинмаган. 1969 йили бу кўлларнинг умумий майдони 2 минг 175 квадрат километрни ташкил қилган бўлса, ҳозир 4 минг квадрат километрдан ортиб кетди. Сўнгги маълумотларга қараганда, 200 минг гектар яйловлар сув остида қолган, сув қудуқлари, балиқчиларнинг яшаш жойлари ювилиб кетган, Қизилқум чўлини ботқоқлик эгаллаб бормоқда. Ҳозир бу кўллардаги сув юзага келган вақтдагидан 3 баробар кўпайиб кетди. Бундан ташқари, ер ости сувларининг, коллектор-дренаж сувларининг ҳам шу ерга тўпланиши кўллар тизимининг тузланиш даражасини янада орттирмоқда.

– Айдар-Арнасай кўллар тизими Орол денгизи томон йўналтирилди ҳам дейлик. Кейин шу ерда балиқчилик билан кун кечираётган халқнинг аҳволи қандай бўлади, шунингдек, кўллардаги балиқлар, тирик жонзотларга нима бўлади? Бу жараён шу ҳудуддаги иқлимнинг ўзгариб кетишига олиб келмайдими?
– Илгари ҳам айтганимдек, кўлларнинг майдони ортгани сари кўплаб яйловлар, қамишзорлар ва ўрмонларни сув босиб бормоқда. “Ўзгидромет”нинг, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги балиқчилик марказининг ўтказган тадқиқотлари шуни кўрсатдики, сув остига чўккан қамишлар билан дарахтлар кўлларнинг тубида чириб, сероводород қатламини пайдо қилмоқда. Бу қатлам кўллардаги барча жонзотларнинг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлади. Маълумотларга қараганда, 3 метр чуқурликда заҳарли аммоний азоти борлиги, айрим жойларида умуман кислороднинг йўқлиги аниқланган.

Нима бўлганда ҳам, сув cатҳининг бундан ҳам кўтарилиши (ҳозир максимал кўрсаткичга етган – денгиз сатҳидан 275,5 метр баланд) Марказий Осиёнинг қоқ марказида экологик фалокатнинг юз беришига олиб келади. Чунки кўллардаги тузларнинг кўтарилиши ва Тянь-Шань музликларига тушиши натижасида улар жадал тарзда эришни бошлайди. Шу кўлларга яқин масофада жойлашган заҳарли кимёвий моддалар сақланиб келаётган жойлар, қум барханлари сув тагида қолиши эҳтимолдан холи эмас. Сувнинг кўтарилиб-қайтиши электр узатиш линияларининг кўпчилигини сув остида қолдирмоқда. Шунинг учун кўпчилик ферма ва аҳоли яшаш пунктлари электрсиз қолмоқда.

Айдар-Арнасай кўллари акваториясининг кўпчилик бўлаги балиқ овлаш учун фойдаланилмайди. Давлат бионазорат томонидан тайёрланган ҳисоботда кўлларни ижарага олган Жиззах вилоятининг фермерлари томонидан кўллар тизимининг фақатгина 41,1 фоизи фойдаланилаётгани айтилган. Ижарачи-фермерларнинг кўпчилиги овланган балиқ соҳага сарфланаётган харажатни қопламаслигини айтиб, фаолиятини тўхтатмоқда. Тадқиқотлар ҳар бири 50 метрлик 30 тўрга 20-25 килограмм балиқ тушишини кўрсатди.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг «Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳитнинг ва табиий ресурслардан фойдаланишнинг аҳволи тўғрисида»ги миллий баённомасида айтилишича, агар Айдар-Арнасай кўллар тизимига ҳар йили тоза сув келиб қуйилмаса, минераллашув даражаси кўтарилиб боради ва сув ҳавзаси иккинчи Оролга айланиб қолади.


Профессорнинг фикрича, жанубий Оролбуйи ҳудудларидаги экотизимда юз бераётган ҳодисаларни, экобиологик жараёнларни мукаммал ўрганадиган вақт келган. 

 

М.Пирназарова,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимчи ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини қўчириш тўғрисида”ги фармони давлат байрамлари даврида, қонунчиликда белгиланган дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида фуқароларга тўлиқ ва фойдали дам олиш учун қўшимча шароитларнинг яратилишини таъминлашга қаратилган.

 

Шу мақсадда 2018 йилда Янги йил, Наврўз ва Мустақиллик байрамларига тўғри келган қўшимча ишланмайдиган кунлар қонунчиликда белгиланмоқда, шунингдек, айрим дам олиш кунлари ушбу байрам саналарига яқин бўлган иш кунларига кўчирилиши амалга оширилмоқда.

 

Бундан ташқари, халқимизнинг маънавий ҳаётида олижаноблик, миннатдорчилик, эзгулик, раҳмдиллик, ҳамжиҳатлик фазилатлари белгиланишида муқаддас Қурбон ҳайит ва Рамазон ҳайит байрамларининг муҳимлиги ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, миллий-маънавий қадриятларимизни юксалтириш ва сақлаб қолиш мақсадида 2018 йилдан бошлаб айрим дам олиш кунларини байрам кунларига яқин бўлган иш кунларига қўчириш ҳисобига узлуксиз уч кунлик дам олиш кунлари белгиланиши кўзда тутилмоқда. ЎзА берган хабарда ҳайит кунларининг аниқ санаси айтиб ўтилмаган. Бироқ Президент фармонида 2018 йилда қуйидаги дам олиш кунлари кўчирилиши белгиланган.  Улар:

 

25 август – шанба 23 август – пайшанбага;

 

26 август – якшанба 24 август – жумага кўчирилади.

 

Маълумот учун, 2018 йилда Рамазон ҳайити 15 июнь санасига тўғри келса, Қурбон ҳайити эса 22 август саналарига тўғри келиши айтилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 28 декабрь куни кимё саноати корхоналарининг молиявий-иқтисодий ҳолати ва соҳани ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

 

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ 2017 йил кимё саноати соҳасида қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 апрелдаги “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқарув тузилмасини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мазкур акциядорлик жамияти бошқаруви аъзолари тўлиқ янгидан тайинланиб, кимё саноати тармоқлари ва бошқарув аппарати тузилмалари қайтадан шакллантирилди.

 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 августдаги қарори асосида 2017-2021 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури қабул қилинди. Унда умумий қиймати 3,1 миллиард долларга тенг 43 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, саноат маҳсулотлари ҳажмини 2,4 марта, экспортни 2,7 баробар ошириш, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар улушини 42,5 фоизга етказиш ҳамда 43 та янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, 3,2 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Тармоқнинг экспорт-импорт фаолиятини тартибга солиш, ташқи савдо жараёнлари шаффофлигини таъминлаш, энг асосийси, ташқи бозорларда кимё маҳсулотларини сотиш ҳажмини ва географиясини кенгайтириш, рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини янада оширишни таъминлаш мақсадида “Ўзкимёимпэкс” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди.

 

Албатта, амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар кимё саноатида ҳам ижобий натижалар бермоқда. Лекин тармоқда узоқ йиллар давомида сақланиб келган тизимли муаммолар ҳанузгача ўз ечимини топгани йўқ. Масалан, минерал ўғит ишлаб чиқарувчи саноат корхоналари оғир молиявий аҳволга тушиб қолган.

 

Қишлоқ хўжалигини молиялаштиришга умуман эътибор берилмагани ёки масалага юзаки ёндашилгани ушбу соҳадаги ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида нуқсонлар юзага келишига сабаб бўлмоқда, деди Президентимиз.

 

Қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган минерал ўғитлар билан боғлиқ харажатлар қопланмаяпти. Оқибатда кимё корхоналарининг ишлаб чиқаришга сарфланган табиий газ, электр энергияси, фосфорит хомашёси, олтингугурт кислотаси ва бошқа турдаги товарлар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш борасидаги имкониятлари чекланиб, кредитор қарздорлик ўсиб кетмоқда.

 

Шу боис 2018 йилдан бошлаб, истеъмолчиларга минерал ўғит етказиб бериш “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳузурида ташкил қилинадиган “Ягона агент” воситачилигида биржа савдолари орқали амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

 

Айни пайтда ишлаб чиқарилаётган минерал ўғитларнинг таннархини пасайтириш ва тармоқ корхоналарининг рентабеллик даражасини ошириш борасида ҳам камчиликлар мавжуд. Хусусан, азотли ўғитлар таннархининг 67 фоизини энергия ресурслари ташкил этади. 2017 йилда “Фарғонаазот” корхонаси, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Қўқон суперфосфат заводи, “Аммофос-Максам” ва “Максам-Чирчиқ” бирлашмаларида ишлаб чиқариш паст рентабелли бўлган, “Навоийазот” корхонаси эса йилни зарар билан якунлаши кутилмоқда. Бундай шароитда корхоналарнинг ўз айланма маблағларини шакллантириш имконияти бутунлай чекланиб, улар муаммоларни 16-18 фоизли кредитлар жалб қилиш орқали ҳал этиб келмоқда.

 

Шу сабабли “Ўзкимёсаноат” АЖга тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018-2019 йилларда кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва рақобатбардошлигини оширишнинг аниқ чора-тадбирлари дастурини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

 

Эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир муаммо – асосий технологик ускуналарнинг эскирганидир. Бунинг оқибатида ишлаб чиқаришнинг технологик тартиблари издан чиқмоқда, маблағ етишмаслиги сабабли ускуналар жорий ва капитал таъмирдан ўтмаяпти.

 

Давлатимиз раҳбари жорий ва капитал таъмир ишларини амалга ошириш юзасидан тармоқ режасини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

 

Қишлоқ хўжалигини фосфорли ўғитлар билан илмий асосланган даражада таъминлаш масаласи муҳокама қилинар экан¸ бу борадаги эҳтиёж 639,6 минг тонна бўлиб, бугунги кунда унинг 25 фоизигина қопланаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан мавжуд қувватларни модернизация қилиш орқали 2019 йилга бориб ишлаб чиқариш ҳажмини 177 минг тоннага, 2021 йилда янги фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш мажмуасини барпо этиш ҳисобига 550 минг тоннага етказиш кўзда тутилмоқда.

 

Йиғилишда илмий-тадқиқот, малака ошириш ва диагностика марказлари ҳамда лойиҳа институтлари фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Кимё соҳасини ривожлантириш ва жаҳон бозорларида рақобатбардошликни таъминлаш, тармоқни тубдан диверсификациялаш кўп жиҳатдан илмий-тадқиқот, лойиҳалаш, инжиниринг, диагностика марказлари ва, асосийси, малакали кадрлар салоҳияти билан бевосита боғлиқдир. Аммо бу йўналишдаги аҳвол ҳам ҳозирча қониқарсиз ҳолатда. Шундан келиб чиққан ҳолда, “Ўзкимёсаноат” АЖга тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, Жанубий Корея кимёвий технологиялар тадқиқотлари институти билан биргаликда “Ўзкимёсаноатлойиҳа” лойиҳалаш институти ва Тошкент кимёвий технологиялар илмий-тадқиқот институти негизида илмий-тадқиқот, инжиниринг ва лойиҳалаш, диагностика ҳамда ходимлар малакасини ошириш йўналишларини ўзида мужассам қилган ягона марказни яратиш вазифаси топширилди.

 

Муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Россия мусулмонлари диний жамияти йиғилиши қарорига кўра, Москва вилояти мусулмонлари Москва вилояти Муҳтасиблиги билан бирлаштирилди, деб хабар беради Islam Today нашри.

Янги таркибга 21 та маҳаллий диний ташкилотлар киради. Россия мусулмонлари диний жамияти раҳбари Альбир Крганов бўлиб ўтган йиғилиш якунлари бўйича ТАСС ахборот агентлигига берган интервьюсида янги ташкилотнинг мақсадлари мусулмон жамоаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, бошқа динлар билан алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, таълим муассасалари, масжидлар қурилиши бўйича давлат тузилмалари билан ҳамкорлик қилиш эканини билдирди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top