muslim.uz

muslim.uz

Четвер, 23 ноябрь 2017 00:00

Сиза жон фидо, ё ҳаёт ан-Набий...

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга битта салавот айтса, Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади ва ундан ўнта хатони ўчириб, ўн даража кўтаради”, дедилар (Имом Насоий ривояти). 

         Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳар бир мусулмон учун ибрат ва ўрнакдир. Шунинг учун ҳам мусулмон уммати саҳобаи киромлардан тортиб, хозирги кунимизгача бу ишни шараф ила адо этиб келмоқада.

Мавлоно Ҳазиний “Тасаддуқ ё Расулуллоҳ” асарида бундай дейди:

Сиза жон фидо, ё ҳаёт ан-набий,

Қилай ман гадо, ё ҳаёт ан-набий.

Отингиз — Муҳаммад, расули худо

Ки, сиз Мустафо, ё ҳаёт ан-набий.

 

Ки, хайрул-башар, саййид ал-мурсалин,

Рисолатпано, ё ҳаёт ан-набий.

Мани осийни еткурур равзага

Қачон ул худо, ё ҳаёт ан-набий?

 

Тавоф айласам хонайи Каъбани,

Будур муддао, ё ҳаёт ан-набий.

Қолай «Жаннатул-Бақя» хокида ман

Ки, етса қазо, ё ҳаёт ан-набий.

 

Ҳама умматингиз умид айлашур

Ки, рўзи жазо, ё ҳаёт ан-набий.

Ҳазиний дуоси бўлурму қабул,

Бу ғарқи гуно, ё ҳаёт ан-набий?!

 

Абдуллоҳ  ПАРПИЕВ

тайёрлади

2017 йил 22 ноябрь куни Наманган вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳ. Маткаримов раислигида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят, шаҳар, туманлардаги вакиллари, вилоятда фаолият кўрсатаётган 186 та масжид имом-хатиблари, Республика Маънавият ва маърифат марказининг ҳудудий бўлимлари раҳбарлари, Олий таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорлари, ўрта махсус касб-ҳунар таълими ва халқ таълими бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят, туман(шаҳар) кенгашининг диний-маърифий масалалар бўйича раис ўринбосарлари иштирокида “Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳатлар: моҳият ва мақсадлар” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.


Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони масъул ходими Ш. Исломов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Раҳимберди Раҳмонов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Миллий ғоя ва мафкура тадқиқотларини ташкил қилиш бўлими бошлиғи Ш.Тўраевлар иштирок этди.
Йиғилишда нотиқлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Таашкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялари бўйича биринчи саммитида сўзлаган нутқларининг мазмун-моҳияти, жаҳон афгор оммасидаги ижтимоий-сиёсий вазиятлар, инқироз ва инқилоблар сабабидан келиб чиқаётган муаммолар, диний экстремизмнинг аянчли оқибатлари, ёшларни жисмонан соғлом, маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг онги ва дунёқарашини “оммавий маданият” каби салбий таъсирлардан ҳимоялашнинг муҳим йўналишлари тўғрисида кенг маълумотлар берилди.


Шунингдек, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, имом-хатибларнинг ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш, ёшлар тарбияси, жиноятчилик, хуқуқбузарликларни олдини олиш борасида тутган ўрни ва вазифалари юзасидан тегишли тавсия ҳамда кўрсатмалар берилди.


Тадбирда 18 октябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон-Озарбайжон мисолида” мавзуидаги халқаро конференция иштирокчиларининг юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенглик ҳақида билдирган фикр-мулоҳазалари намойиш этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакиллиги

Кеча, 21 ноябрь куни Нигерияда масжид портлатилиши оқибатида камида 50 нафар одам ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.

Сешанба куни содир бўлган портлаш террорчи-худкуш томонидан амалга оширилган бўлиб, портлаш Боко Ҳарам террорчи гуруҳи томонидан амалга оширилгани тан олинган.

Адамава штатидаги Муби масжидида содир бўлган портлаш, 2016 йилнинг декабрида Мадагали шаҳарчасида содир этилганига қараганда даҳшатлироқ бўлгани маълум қилинмоқда. Ўтган йилги бозордаги терактда 45 нафар одам ҳалок бўлган эди.

Кеча содир бўлган терактда худкуш ўзини масжидга урган ва бу ердаги ибодат билан машғул бўлган одамлар ўртасида бомбани портлатган. Террорчининг тахминан 17 ёшлар атрофида экани айтилмоқда.

Маълумот учун, Боко Ҳаракат террорчилик гуруҳи томонидан 2009 йилдан буён содир этилган терактларда 20 мингдан ортиқ одамлар ҳалок бўлган. Улар 2,6 миллион нафар одамларни уйсиз қолдирган.

Кеча, 21 ноябрь куни зиёрат туризмини ташкил этиш бўйича қилинаётган ишларни жадаллашлатириш мақсадида, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази, Тошкент ислом университети масъул ходимлари ва юртимиздаги энг етакчи сайёҳлик фирмалари вакиллари иштирокида ишчи йиғилиш бўлиб ўтди.


Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов йиғилишни очиб, Президентимиз Ш.Мирзиёев шу йил 9-10 ноябрь кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида зиёрат туризмини кенг йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан мутасадди ташкилотларга топшириқлар берилганини таъкидлади. Шунингдек, Самарқанд ва Бухоро вилоятларига зиёрат туризми бўйича хорижий туристларни жалб этиш, шу жумладан, Туркия, Малайзия, Индонезия ва бошқа Ислом дини кўп тарқалган давлатлар билан ишлаш бўйича ишчи гуруҳларини шакллантириб, чора-тадбирлар режасини тузиш ишлари бошланганини билдирди. О.Юсупов сўзида давом этиб чет-эл мамлакатларида Самарқанд ва Бухоро вилоятларининг туризм салоҳиятини, шу жумладан, Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий, Бухоро вилоятидаги Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳларига зиёратини ташкил этишни тарғиб қилиш дастурини ишлаб чиқиш муҳимлигини батафсил изоҳлади.


Йиғилишда “Azia tour” сайёҳлик фирмаси мутахассиси Акмал Қосимов сўз олиб, зиёрат туризмини ташкил этишда юртимиздаги “Силсилаи алия” (12 та авлиё қадамжоси) таркибидаги зиёратгоҳларга алоҳида эътибор қаратиш, Малайзия, Индонезия давлатларига “Умра-плюс” хизматини таклиф этиш, хорижлик дин пешволари иштирокида семинарлар, конференциялар ташкил этиш, ислом институтлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, нуфузли ислом ташкилотларининг гранд танловларида қатнашиш каби таклифларни берди.


Шунингдек, сўзга чиққан нотиқлар Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети, Ислом цивилизацияси маркази, Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси ва “Ўзбектуризм” зиёрат туризмини амалга оширишда ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзолаш таклифини тақдим этишди.


Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасидаги муқаддас қадамжоларга зиёрат туризм йўналишидаги сайёҳларни жалб қилиш бўйича реклама тадбирларини ташкил этиш учун тарқатма материаллар, буклетлар, баннерлар, маълумотнома китобчалари ва слайдлар тайёрлаш, хориждаги диний уламолар билан зиёрат туризм йўналишида яқиндан ҳамкорлик қилиш учун бу борада тажрибаси бўлган маҳаллий уламоларни жалб этиш, чиқиш ва кириш визаларини қисқа муддатда расмийлаштириш чораларини кўриш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Саудия Арабистони Подшоҳлигида Жидда, Макка ва Мадина шаҳарлари ўртасидаги масофани янада тезроқ босиб ўтиш имконини берувчи янги транспорт-логистика лойиҳасига қўл урилди.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш 2017-2018 йилларга мўлжалланган бўлиб, бунда 450 км масофадаги Макка-Жидда-Қирол Абдуллоҳ иқтисодий маркази-Мадина йўналишида икки изли тезюрар поезлар қатнови йўлга қўйилади. Йўналишда бешта бекат қурилади.

Ушбу лойиҳа хорижий компаниялар кўмагида қурилмоқда ва лойиҳа қиймати 63 миллиард Саудия Арабистони риялини ташкил этади.

Мамлакатнинг Транспорт вазири, шахзода Абдуллоҳ бин Бандарнинг маълум қилишича, Саудия Арабистони ҳар йили 3,5 миллион нафар зиёрчиларни қабул қилади. Маккадан Мадинага ташиладиган йўловчилар сони эса қарийб йилига 60 миллион нафарни ташкил этади.

Темирйўллар бўйича бош ташкилотнинг маълумотига кўра, икки муқаддас масжидни боғловчи лойиҳа 2018 йилда ишга туширилади. Унгача эса йўлнинг халқаро стандартларга мослиги, хавфсизлик масалалари синовдан ўтказилади.

Ушбу лойиҳа натижасида Маккадан Мадинагача бўлган масофа икки ярим соатгача қисқаради.

Янгиликлар

Top