muslimuz

muslimuz

Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик вазифаларидан бири инсонларнинг ахлоқларини комилликка етказишдан ҳам иборат. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта мен карамли хулқларни камолга етказиш учун юборилдим”,  деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Замонавий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқларига эргашиш нафақат нариги дунёда, балки мана шу дунё ҳаётида ҳам фойда келтиради.

Лос-Анжелесдаги UCLA университети мутахассислари яхши хулқ-атвор инсон умрини узайтиришини илмий жиҳатдан исботлади. “Бедари” фондининг 20 миллион долларлик гранти ҳисобидан молиялаштирилган илмий дастур муаллифи жаноб Фесслер бу масалада жиддий тадқиқот ишларини олиб борди.

Маълумки, яхши хулқ-атвор бизнинг фикрларимиз, ҳис-туйғуларимиз ва эътиқодимизда намоён бўлади. Илмий лойиҳа доирасида антропологлар одамларда меҳр-оқибат хусусиятлари ирсий йўл билан қандай ўтишини, социологлар ғазабланган одамларни ижобий ҳис-туйғуларга қандай йўналтириш мумкинлигини, психологлар эса яхши кайфият руҳиятга қандай таъсир қилишини ва депрессия аломатларини камайтиришни ўрганишди.

Тадқиқот натижаларига кўра, олимлар томонидан қилинган хулоса шуни кўрсатадики, меҳрибонлик, хайрихоҳлик, мулойимлик, яхши сўзлилик ҳаёт сифатига ва унинг давомийлигига таъсир қилади. Гўзал ахлоқли инсоннинг умри нисбатан узоқ бўлиши тадқиқотда аниқланди.

Айтиш керакки, гўзал ахлоқ ислом динининг асосидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг иймони энг мукаммали хулқи гўзал бўлганларидир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Бадбахтлик нима”, деб сўрашди. У зот: “Ёмон хулқ”, деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривояти).  

Яна бир ҳадиси шарифда: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг менга энг маҳбубингиз, Қиёмат куни менга энг яқин ўтирадиганингиз ҳусни хулқлигингиздир. Сизларнинг менга энг ёқмайдиганингиз, Қиёмат куни мендан энг узоқ ўтирадиганингиз сергап, тили узун ва мутафайқиҳингиздир”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, сергап ва тили узунни биламиз, мутафайқиҳлар кимлар?”, дейишди. “Мутакаббирлар”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган” (Имом Табароний ривояти).

Бошқа бир ҳадисда, сизларнинг орангизда менга суюклироғингиз ва Қиёмат кунида менга яқинроқ бўладиганингиз ахлоқи гўзалларингиздир, дейилган (Имом Табароний ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ, хилқатимни гўзал қилганингдек, хулқимни ҳам гўзал қилгин”, деб дуо қилардилар (Имом Аҳмад ривояти).

Яхши хулқ инсоннинг энг қимматли фазилати бўлиб, унинг шарофати билан жамият кўз олдида ҳақиқий мард, манфаатли одам намоён бўлади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга кўп фазилатларни ато этган, бироқ У зот ўз Расулининг гўзал хулқларини бошқаларидан кўра кўпроқ мақтаган: Албатта, сиз улуғ Хулқ устидадирсиз” (Қалам сураси 4-ояти).  

Шу билан бирга, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг феъл-атвори барча олдинги пайғамбарларнинг олийжаноб фазилатларини, Нуҳ алайҳиссаломнинг шукрини, Иброҳим алайҳиссаломнинг дўстлигини, Мусо алайҳиссаломнинг самимийлигини, Исмоил алайҳиссаломнинг содиқлигини, Айюб ва Ёқуб алайҳумуссаломнинг сабр-тоқатини, Довуд алайҳиссаломнинг одамлардан беҳожатлигини, Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳаёсини, Исо алайҳиссаломнинг зоҳидлигини ҳамда бошқа барча пайғамбарларнинг ахлоқий фазилатларини ўзида мужассам этган.

Ғулом домла ЖУМАНОВ,

Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани

бош имом-хатиби

Вторник, 12 Март 2024 00:00

Рамазонни қандай ўтказамиз?

1. Саҳарлик қилишдан аввал таҳажжуд намозини ўқиб олинг.

2. Турли чалғитувчи нарсалар: телефондаги бекорчи ўйинлар, телевизордаги кераксиз сериаллардан узоқ бўлинг.

3. Интернетда бефойда ўтиришдан тийилинг.

4. Нафл ибодатларни кўпайтиринг.

5. Ҳар куни имкониятингиз борича садақа ва эҳсон беришга одатланинг.

6. Қуръондан кунлик вазифаларингизни кўпайтириб боринг.

7. Аллоҳни кўп зикр қилиш билан машғул бўлинг.

8. Кўпроқ дуо қилинг.

9. Имкон қадар муҳтожларга ёрдам қўлини чўзинг.

10. Қавм-қариндошларга силаи-раҳм қилинг.

11. Ота-онангизга яхшилик қилинг.

12. Қазо намозларингизни ўқинг.

ЎМИ Матбуот хизмати

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳа, динимизда рўзадорга ифторлик қилиб бериш катта савоб ишлардан. Ҳатто битта хурмо, ё бир қултум сув, ё бир ҳўплам сут билан бўлса ҳам, рўзадорни ифтор қилдириш катта ажрга сабаб бўлади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Ким рўзадорга ифтор қилиб берса, рўзадор савобича савобга эришади. Лекин рўзадорнинг савобидан ҳеч нарса камаймайди” (Имом Термизий ривояти).

Бугунги кунда ифторлик қилиб беришни ният қилганлар муҳтож қариндош ва қўни қўшниларига пул ёки маҳсулот шаклида ифторликни етказиб берсалар, айни муддао бўлади ва мазкур ҳадиси шарифда зикр қилинган савобга эришадилар.

Лекин шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу иш қанчалик савоби улуғ бўлмасин, рўзадорга ифторлик қилиб берган кишининг зиммасидан рўзани соқит қилмайди. Чунки Рамазон ойида ҳар бир соғлом мусулмон киши рўза тутишлиги фарздир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин", – деб буюрган (Бақара сураси, 185-оят). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

 
Вторник, 12 Март 2024 00:00

Рамазон рўзасининг 7 суннати

Агар тутаётган рўзангизнинг савобини кўпайтиришни истангиз,

Рўза ибодатингизга руҳ киритмоқчи бўлсангиз,

унда рўзанинг суннатларига амал қилинг....

 
Улардан биринчиси – ҳатто бир ҳўплам сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш баракадир. Уни бир қултум сув ичиб бўлса ҳам тарк этманг. Чунки Аллоҳ ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтадилар”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

иккинчиси – ифторликни вақти кириши билан тезлаштириш.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (шом) намозини ўқимасдан аввал бир неча хўл хурмо билан, агар хурмо хўл бўлмаса, хурмо қоқиси билан, агар у ҳам бўлмаса, бир неча хўплам сув билан оғиз очар эдилар” (Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

 учинчиси – ифторликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини қилиш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғзини очсалар: “Заҳабаз зомау вабталатил урууқ ва сабатал ажру, иншааллоҳ”

“Чанқоқ кетди ва томирлар ҳўлланди ва иншааллоҳ ажр собит бўлди”, деб айтардилар (Абу Довуд ривояти).

 тўртинчиси – рўзадорларга ифторлик қилиб бериш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

 бешинчиси – Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиш.

 олтинчиси – Қуръони каримни кўпроқ тиловат қилиш.

 еттинчиси – дуо, садақа қилиш, яхшиликка чақириш, ёмонликлардан қайтариш, беморларни зиёрат қилиш, қавм-қариндошлар билан силаи раҳмни боғлаш.

Рамазон ғанимат ойидир. Бу ой иймонни кучайтириш, Жаннатни қўлга киритиш ҳамда дўзахдан омонда бўлиш учун имкониятдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Рамазон кирса-ю, сўнгра ой чиққанда гуноҳи мағфират қилинмаган кимсанинг бурни ерга ишқалансин”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло бу ойнинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин. Рамазондан гуноҳлардан покланган ҳолда чиқимизга тавфиқ берсин!

 Даврон НУРМУҲАММАД

 

Шу йил 10 март куни Бухоро вилояти Пешку туманидаги “Чиқирчи” жоме масжидининг янги биноси очилди. 

Тадбирда Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов, уламолар, нуроний отахонлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди. 

Очилиш маросимида Жобир домла барча мўмин-мусулмонларни Рамазони шариф билан қутлаб, масжиднинг янги биноси улуғ ойда ҳудуд аҳлига муносиб туҳфа бўлгани, унинг қурилишига ҳисса қўшган ҳомийлар, устаю-муҳандислар, қурувчилар ва ҳашарчилар улуғ ажрларга эга бўлгани ҳақида шаръий далиллар билан сўзлаб берди.  

Тадбирда Қуръони карим тиловат қилиниб, янги жоменинг Қиёматга қадар мўмин-мусулмонлар қадами узилмас манзил бўлмоғини сўраб дуолар қилинди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бухоро вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Top