Мақолалар

Рўзадорга ифтор қилиб берилса, рўзадор савобича ажрга эришиладими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳа, динимизда рўзадорга ифторлик қилиб бериш катта савоб ишлардан. Ҳатто битта хурмо, ё бир қултум сув, ё бир ҳўплам сут билан бўлса ҳам, рўзадорни ифтор қилдириш катта ажрга сабаб бўлади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Ким рўзадорга ифтор қилиб берса, рўзадор савобича савобга эришади. Лекин рўзадорнинг савобидан ҳеч нарса камаймайди” (Имом Термизий ривояти).

Бугунги кунда ифторлик қилиб беришни ният қилганлар муҳтож қариндош ва қўни қўшниларига пул ёки маҳсулот шаклида ифторликни етказиб берсалар, айни муддао бўлади ва мазкур ҳадиси шарифда зикр қилинган савобга эришадилар.

Лекин шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу иш қанчалик савоби улуғ бўлмасин, рўзадорга ифторлик қилиб берган кишининг зиммасидан рўзани соқит қилмайди. Чунки Рамазон ойида ҳар бир соғлом мусулмон киши рўза тутишлиги фарздир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин", – деб буюрган (Бақара сураси, 185-оят). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

 
947 марта ўқилди

Мақолалар

Top