muslimuz
Ўн ойлик қизим билан суҳбат
Ҳар бир аёл кишининг ўзига яраша муаммолари, бирор яқин кишисига айтгиси келадиган, бошқалардан беркитадиган дарду ҳасратлари бўлади. Ҳатто аёл уй бекаси бўлган тақдирда ҳам оила аъзолари, қариндошлари ва қўшнилари тарафидан унга озор етиши мумкин. Шундай пайтларда аёлга бир дардкаш, сирдош албатта керак.
Кўпинча катталар болаларни ҳеч нарсани тушунмайди, улар катталарнинг ғам-ташвишларини ҳис этишга ҳали ёшлик қилишади деб ўйлаб улардан ҳаёт ташвишларини беркитишади. Лекин аксинча, болалар биз ўйлаганимиздан кўра теранроқ фикрлашади, ичимиздаги кечинмаларни биз тахмин қилганимиздан кўра кенгроқ мушоҳада қилишади. Шу нарсани вақтида англаб етганим сабабли ўн ойлик қизим билан ҳудди катталардек гаплаша бошладим. Дилдаги гапларимни у билан ўртоқлашиб сирлашадиган бўлдим. Қизалоғим ҳали гўдак бўлса ҳам менга меҳр билан тикилиб туришидан, инжиқлиқ қилмаслигидан мени тушунаётгани билиниб турарди.
Қизим катта бўлгандан кейин ҳам бу ҳолат ўзгармади. Мен мунтазам равишда қизимга дардларимни айтганим учун у ҳам вақти келганда мен билан ўз муаммоларини ўртоқлашадиган бўлди. Кейинчалик мен қизим билан мулоқотни эрта ёшда бошлаганимга Аллоҳга ҳамдлар айтдим. Аллоҳнинг изни билан қизим иикимиз чин дўстларга айландик.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
“Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Кимдир сизни ўзгартиришини кутманг!
Метро устунларидан бири остида ўтириб қалам чархлаб, сотадиган озғиндан келган, зеҳни ноёб бир бола бор эди.
Бир куни унинг олдидан бир тадбиркор, ишбилармон одам ўтиб, чўнтагидан бир доллар чиқарди ва боланинг олдига қўйди. Кейин шошилиб метрога ўтирди.
Озгина тафаккур қилгач яна метродан чиқди ва ҳалиги бола томон юриб борди ҳамда ундан битта қалам сотиб олди. У болага узр сўраш оҳангида, сотиб олмоқчи бўлган қаламини олишни унутиб қолдирганини айтди. Сўзи давомида болага яна дедики: “Сен худди мен каби ишбилармонсан, мана олдингда сотадиган товарларинг бор, нархлари жуда ўзига лойиқ”. Шу гапларни айтгач яна метро томон йўналди.
Орадан йиллар ўтди. Ижтимоий тармоқлардан бирида бир йигит ҳалиги ишбилармонга ўзини таништириб: “Катта эҳтимол билан мени эсламасангиз керак. Мен ҳам ҳатто исмингизни ҳам билмайман, лекин тирик эканман сизни ҳеч қачон эсимдан чиқармайман! Негаки сиз менга ўзимга яхши баҳо беришни, ўзимни ҳурмат қилишни ўргатган инсонсиз! Мен ўзимни оддий бир қаламтарош деб билардим, то сиз келиб, менга “Сен ишбилармон одамсан”, деб айтгунингизга қадар!”.
Кўпчилик одамлар ўзлари қилиб юрган ишлардан анча юқори ишларга қўл урадилар, сабаби бошқа бор одам келиб уларга бунга қодир эканини айтган ва ўзига бўлган ишончни тақдим этган бўлади.
Лекин сиз кимдир келиб сизни ўзгартиришини кутманг, ўзингиз ўзгаринг!
Аллоҳга бўлган ишончингизни ўзингизга йўлбошчи қилинг!
Доимо ёдда тутингки, иймон ва амал билан мўъжизалар содир бўлади!
Сиз ўзингиз келажагингизни яратасиз, Аллоҳнинг изни билан албатта!
Муваффақиятли кишилар доим муваффақиятга қодирликларига ишонадилар. Бирор мавзуда иш олиб борсангиз, ўз кучингизни қанчалик белгилашингизга қараб муваффақиятга эришасиз.
Ўзингизни салбий қарашингиз – ҳаётда муваффақияциз бўлишингизнинг сабабидир! Доимо сизни хурсанд қиладиган нарсалар ҳақида ўйланг. Сизни ваҳимага соладиган нарсалардан узоқ бўлинг!
Билингки, умуман хато қилмайдиганлар умуман ҳаётий сабоқ ҳам олмайдилар. Сиз эса хато кетган уринишингизни муваффақият учун янги ибтидо деб билинг! Зеро қулагандан кейин юқорига кўтарилишга яна ҳаракат қилиш – умидсизланиб ерда юргандан афзалдир!
Одамлар сизга қандай баҳо бераётгани муҳим эмас, сиз ўзингизга қандай баҳо бераётганингиз муҳим! Яна шуни ҳам ёдда тутингки, ўзни ёлғиз ҳис қилиш – бошқалар билан алоқанинг ёмонлашиши билан натижаланади. Қизиққон, юраги ёним турадиган одам – хато ишга “йўқ”, тўғри ишга “хўп” дейдиган одамдир. Сизда бирор муаммо бўлса-ю, сиз унинг борлигини инкор этиб туриб олсангиз, у асло ҳал бўлмайди!
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Нега эркак ўз жонига қасд қилади?
Сабаблари кўп...
Нега эркаклар ўз жонига қасд қилишмоқда? Оила бошлиғининг ҳаётдан тўйишига сабаб нима? Баъзилар уни оилавий можаролар билан боғлайди. Афсуски сабаб фақат шу эмас, унинг омиллари жуда кўп.
Бутун дунёдаги ҳолат шу...
Дунёдаги барча ўз жонига қасд қилишларнинг тўртдан уч қисми эркаклар ўртасида содир бўлмоқда. Афсуски, юртимизда ҳам ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпроқ эркаклар билан юз бермоқда, яъни аёлларга нисбатан эркаклар кўпроқ суицидга қўл урмоқда.
Муаммонинг илдизи қаерда?
Асосий сабаб – оиладаги нотўғри тарбияга бориб тақалади. Фарзанд тарбиясига бефарқ, ҳар куни уруш-жанжал, ичкиликбозлик бўладиган оилаларда улғайганлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпроқ кузатилади.
Бола тарбияси учун фақат Она масъул(ми)...
Афсуски аксар оилаларда фарзанд тарбияси билан фақат оналар шуғулланади ва шунга масъул саналадилар. Барча машаққатлар ожизалар зиммасига юкланади. Отанинг вазифаси эса пул топиш, рўзғорни бус-бутун қилиш, хуллас оилани фақат моддий тарафдан таъминлаши керак деган нотўғри тушунча кенг тарқалган.
Агар фарзанд ота меҳри ва эътиборисиз улғайса....
Ўғил боланинг эркаклик фазилатларининг шаклланишида отанинг ўрни беқиёс. Чунки ҳар бир ўғил бола ўз отасини қаҳрамон деб билади. Фарзанд учун ҳаётидаги энг мукаммал инсон бу унинг отасидир.
Ҳаётидаги қаҳрамонидан намуна олмаган фарзанд жамиятда ўз ўрнини топишга, мақсад сари интилишга, машаққатларни енгиб ўтишга, синовларда сабрли ва иродали бўлишга қийналади. Бундай вазиятлардан қандай қутилишни, мусибатлани енгишни, кимдан маслаҳат олишни ёки кимга эргашишни билмай қолади.
Оғир кунларда яқинларининг, хусусан, отасининг қўллаб-қувватлашини, далда бўлишини, тасалли беришини, ишончини кутади. Афсуски бу бўшлиқ айрим оталар томонидан тўлдирилмайди.
“Кучли портлаш”га олиб келади
Аксинча жуда кўп оталар фарзандига берадиган ягона тасаллиси: “сен ўғил боласан”, “ўғил бола йиғламайди”, бўлади. Наҳотки, ўғил бола йиғламаса ёки унга йиғлаш мумкинмас бўлса?
Йўқ, асло. Аслида ўғил бола ҳам ўз муаммолари ёки ҳиссиётлари сабабли йиғлаши мумкин. Аксинча кечинмаларни ичга ютиш бир кун келиб “кучли портлаш”ларга сабаб бўлади. Шу тариқа муаммолар бартараф этилишининг ўрнига, фарзанд ўз ёғига янада баттар қовурилади.
“Жонимга тегди”
Эркак киши бир кунда ўз жонига қасд қилиш қарорига келмайди. У ёшликдан муаммолар гирдобидан чиқа олмаган, ўзини ҳатто ота-онасига ҳам керакли деб ҳис қилмаган бўлади. Ҳаётда ўз ўрнини топишга, муаммоларини ечишга ҳаракат қилади. Аммо ҳеч кимдан далда топа олмаганидан кейин шу қарорга келади. Унгача анча босқичларни босиб ўтган, лекин ҳеч ким унга эътибор бермаган бўлади. “Ҳаммаси жонимга тегди”, “Яшагим келмаяпти”, “Эплолмаяпман” деган гапларини эса афсуски яқинлари “эшитмаган” бўлишади.
Тушкунлик – ташвиш келтиради
Шу тариқа эркак киши муаммолар, мусибатлар ёки қийинчиликларининг ечимини топа олмай ичини кемиради. Биров уни эшитмайди ёки тасалли бермайди. Натижада яна бир ташвиш – касалликка чалинади.
Ўлим – сўнгги чора эмас
Оғир вазиятларда муаммолар ечимсиз туюлади. Бундай ҳолатда баъзилар муаммонинг ечимини топишга ҳаракат қилмайди, балки муаммони оғирлаштирни ўйлайди. Масалан, қарзга ботган ёки иши юришмай турган бўлиши мумкин. Айримлар ушбу муаммоларнинг “ечими”ни – ўлим деб билишади.
Мусибатлар ҳеч кимни четлаб ўтмайди, аяб ўтирмайди ҳам...
Ҳамма гап унга муносабатда, уни қандай қабул қилишда. Сиз учун дунё зимзиё, қоронғими? Сабрли бўлинг, тонг отишига оз қолди, қуёш ҳам ҳадемай чарақлаб чиқади!
Қарзга ёки ғамга ботган бўлсангиз
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бирига: “Аллоҳ ғамларингни кетказадиган ва қарзларингни узадиган калималарни ўргатиб қўяйми?” дедилар. “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули!” деди у. Набий алайҳиссалом: “Тонг отганда ва кеч кирганда: Аллоҳим! Сендан ғам босишидан, маҳзунликдан, ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, бахилликдан, қарзга ботишдан ва одамларнинг ғолиб келишидан паноҳ сўрайман, дегин”, дедилар.
Барча муаммолар ечими, барака калити
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким истиғфор айтишни ўзига лозим тутса, Аллоҳ унинг мушкулини кушойиш қилади, оғирини енгил қилади ва ўзи ўйламаган томондан ризқ беради”, деганлар.
Ҳали ҳаммаси яхши бўлади...
Агар солиҳларнинг амал қилишида беллаша олмасангиз, гуноҳкорларнинг истиғфор айтишида мусобақалашинг! Шунда ҳаммаси яхши бўлади, инша Аллоҳ.
Даврон НУРМУҲАММАД
Равзаи Шарифга 1 йилда фақат бир марта кириш мумкин бўлади
Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги Мадинаи мунавварадаги Масжиди Набавийда жойлашган Равзаи Шарифга киришда янги тартиб жорий этмоқда.
2024 йилдан эътиборан ҳар бир зиёратчи Равзага бир йилда 1 марта кириши мумкин бўлади.
Ушбу қоида тобора ортиб бораётган зиёратчилар оқимини тартибга солиш учун қўлланилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Халқаро анжуманда мамлакатимиз делегацияси муносиб иштирок этди
Шу йилнинг 25-27 декабрь кунлари Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида “Исломда аёллар ва болалар ҳуқуқи ҳамда уларни зўравонликдан ҳимоя қилиш” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Ушбу нуфузли тадбир Ал-Азҳар университетининг Таълим ва аҳолишунослик масалалари бўйича исломий давлатлар маркази ҳамда Ўзбекистондаги тегишли ташкилотлар томонидан ташкил этилди. Хусусан, унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламоси Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров, Идора Хотин-қизлар бўлими мудири Марям Абдуллаева ҳам қатнашди.
Анжуманда муқаддас Ислом динида аёллар ва болалар ҳуқуқларига алоҳида эҳтибор қаратилиши, хусусан, бугунги кунда аксарият давлатларда бу нормалар қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйилгани таъкидланди. Қолаверса, уларнинг хавфсиз шароитларда истиқомат қилиши, муносиб таълим-тарбия олиши кафолатлаб қўйилган.
Ташриф асносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита вакилларидан иборат делегация аъзолари Ал-Азҳар университети раиси доктор Салама Довуд ҳамда Ал-Азҳар университетининг Аҳолишунослик ва халқаро Ислом тадқиқот маркази директори доктор Жамол Абу Сурур билан учрашди.
Азҳари шариф шайхи доктор Аҳмад Тоййиб бошчилигида фаолият юритаётган кенг қамровли Ал-Азҳар университети дунёда исломий билимлар йўналишида энг кўп талабаларга таълим берадиган университет бўлиб, бу даргоҳнинг эшиклари ҳамиша дунёнинг турли бурчакларидан келганлар учун очиқ.
Университет раиси доктор Салама Довуд делегацияни нуфузли марказ Ал-Азҳар университети қошидаги Аҳолишунослик ва халқаро Ислом тадқиқот марказига ташриф буюрганлари муносабати билан қутлади. Доктор Аҳмад Тоййибнинг иштирокчиларга йўллаган саломларини етказди.
Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик муаммоларига қарши курашиш ҳамда уларни ҳал қилиш масалаларига бағишланган 3 кун давом этадиган ўқув курсларига муваффақиятлар тилади.
Тингловчилар ушбу малака ошириш курсларида Дин асослари факультетининг собиқ декани Иброҳим Ҳудҳуд, Исломшунослик илмий-тадқиқот академияси аъзоси, доктор Абдул Фаттоҳ Аварий ҳамда Магистратура бўлимининг собиқ декани доктор Абдуллоҳ Нажжарнинг қимматли илмий маърузаларидан баҳра олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати