Дунё янгиликлари

Халқаро анжуманда мамлакатимиз делегацияси муносиб иштирок этди

Шу йилнинг 25-27 декабрь кунлари Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида “Исломда аёллар ва болалар ҳуқуқи ҳамда уларни зўравонликдан ҳимоя қилиш” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Ушбу нуфузли тадбир Ал-Азҳар университетининг Таълим ва аҳолишунослик масалалари бўйича исломий давлатлар маркази ҳамда Ўзбекистондаги тегишли ташкилотлар томонидан ташкил этилди. Хусусан, унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламоси Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров, Идора Хотин-қизлар бўлими мудири Марям Абдуллаева ҳам қатнашди.

Анжуманда муқаддас Ислом динида аёллар ва болалар ҳуқуқларига алоҳида эҳтибор қаратилиши, хусусан, бугунги кунда аксарият давлатларда бу нормалар қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйилгани таъкидланди. Қолаверса, уларнинг хавфсиз шароитларда истиқомат қилиши, муносиб таълим-тарбия олиши кафолатлаб қўйилган.

Ташриф асносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита вакилларидан иборат делегация аъзолари Ал-Азҳар университети раиси доктор Салама Довуд ҳамда Ал-Азҳар университетининг Аҳолишунослик ва халқаро Ислом тадқиқот маркази директори доктор Жамол Абу Сурур билан учрашди.

Азҳари шариф шайхи доктор Аҳмад Тоййиб бошчилигида фаолият юритаётган кенг қамровли Ал-Азҳар университети дунёда исломий билимлар йўналишида энг кўп талабаларга таълим берадиган университет бўлиб, бу даргоҳнинг эшиклари ҳамиша дунёнинг турли бурчакларидан келганлар учун очиқ.

Университет раиси доктор Салама Довуд делегацияни нуфузли марказ Ал-Азҳар университети қошидаги Аҳолишунослик ва халқаро Ислом тадқиқот марказига ташриф буюрганлари муносабати билан қутлади. Доктор Аҳмад Тоййибнинг иштирокчиларга йўллаган саломларини етказди.

Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик муаммоларига қарши курашиш ҳамда уларни ҳал қилиш масалаларига бағишланган 3 кун давом этадиган ўқув курсларига муваффақиятлар тилади.

Тингловчилар ушбу малака ошириш курсларида Дин асослари факультетининг собиқ декани Иброҳим Ҳудҳуд, Исломшунослик илмий-тадқиқот академияси аъзоси, доктор Абдул Фаттоҳ Аварий ҳамда Магистратура бўлимининг собиқ декани доктор Абдуллоҳ Нажжарнинг қимматли илмий маърузаларидан баҳра олдилар.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

893 марта ўқилди

Янгиликлар

Top