muslim.uz

muslim.uz

Harvard Law Review 134 йиллик тарих мобайнида илк бор асли мисрлик бўлган ҳозирда АҚШда истиқомат қилаётган Ҳасан Шаҳвий Қўшма Штатлардаги энг нуфузли қонун журналига раҳбар этиб тайинланди. Бу ҳақда theislamicinformation.com манбаси хабар берди.

26 ёшли Ҳасан Harvard ҳуқуқ мактабининг тарих йўналишини тамомлаган.

АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама ҳам 1990 йилда биринчи журнали юзасидан Harvard Law Review билан иш олиб борган. Қўшма Штатлар Олий судининг учта аъзоси, Антонин Сcалиа ва Рутҳ Бадер Гинсбурглар муҳаррир таркибига киришган.

Harvard Law Review жамоаси Қўшма Штатлар ҳуқуқ мактабларининг энг юқори талабалари ҳисобланади. Улар одатда нуфузли ишларга ва суд котибиятларига ишга қабул қилинади.

1977-йилда Law Review журнали ўзининг биринчи аёл президентини сайлаган эди.

2016-йилда Шаҳвий тарих йўналиши бўйича Harvard ҳуқуқ мактабини тамомлайди. Шунингдек, Оксфорд университетида шарқшунослик ва Ислом қонунлари йўналишида ҳам таълим олган.

 

Таржимон: Имрон

Исломга оид китоблар, Абу Салама ибн Абдурроҳман ибн Авфни улуғлаб, қадрлаб, катта эътибор билан тавсиф қилганлар. Буни у ҳақда битилган олимларнинг асарларида ва таржималарида кўришимиз мумкин. Масалан: Улардан Ибн Съад вал-Хотийб ал-Бағдодий ва Ибн Асокир аз Заҳабий, Ибн Касийр ва кўплаб бошқа уламолар, уни улуғлаб, қадрини буюклигини, шаънини ва тутган ўрнини нақадар юксаклигини эътироф қилиб, у ҳақдаги китобларни тарижима қилиб, асарлар битганлар.

Абу Саламанинг насаби ва туғилиши.

У Абу Салама бин Абдурроҳман бин Авф бин Абд бин ал-Ҳарис бин Заҳра бин Килаб. Унинг исми ҳақида ихтилоф қилганлар. Айримлар унинг исми Абдуллоҳ десалар, айримлар Исмоил бўлган дейдилар. Айримлар эса, унинг куняси бўлган Абу Саламани, исми  бўлган деб айтадилар.

Унинг онаси Тамодир бинт ал - Асбағ  ал – Калбийядир. (араб қабилаларидан Бану Калбга нисбат бериб айтилган).

Абу Салама тобеъинларнинг пешқадамларидан бўлганлар. Ҳижрий йилнинг йигирманчисида таваллуд топган.

Абу Саламанинг ҳадис ривоят қилишидаги тутган ўрни.

Абу Салама бин Абдурроҳман бин Авф ишончли, кўплаб ҳадис ривоят қилган. Қурайшнинг энг афзал кишиларидан, Мадина аҳли фақиҳларидан, тобъинларнинг энг катта имомларидан бўлган. Ибн Аббос уни доимо кузатарди ва унга мурожааът қиларди. У кўплаб ҳадислар ривоят қилган ва фиқҳга оид фатволар берган эди.

У гоҳида, отаси Абдурроҳмон бин Авфдан, Усмон бин Аффондан, Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Ҳасан бин Собит, Усома бин Зайд, Абу Аййуб, Ойша розияллоҳу анҳудан, Умму Саламадан, Ал Муғийра бин Шуъбадан, Абуд Дардодан, Убодату бин Сомитдан, Толҳа бин Убайдуллоҳдан, Абдуллоҳ бин Аъмрдан, Ибни Умар ва Жобирдан, саҳоба ва тобъинларнинг бошқаларидан (Аллоҳ уларнинг ҳаммаларидан рози бўлсин,) ҳадис ривоят қилган.

Солим абу ан-Назр, аз-Зуҳрий, Яҳё бин Саъид ва Яҳё бин абий Касийр ва кўплаб ровийлар, ундан ҳадис ривоят қилганлар.

Аз-Зуҳрий айтади: Қурайшдан тўрт кишини, илм денгизи деб билганлар. Саъид бин ал-Мусайяб, Урвату бин аз-Зубайр, Абу Салама бин Абдур Роҳман ва Убайдуллоҳ бин Абдуллоҳ.

Абий Исҳоқ :  Абу Салама ўз замонасида фақиҳларнинг энг яхшиси ва Мадинадаги машҳур етти фақиҳларнинг бири бўлган деб бежиз айтмаганлар, дейди.

Абу Саламанинг Мадийна қозилигига тайинланиши.

Саъд бин ал-Ос Мадинага биринчи марта волий бўлгач, Муоъвия бин Абу Суфян розияллоҳу анҳу даврида, Абу Саламадан Мадийнага волий бўлишини сўради. Лекин, Саъд бин ал-Ос вазифасидан четлатилгач, Марвон Мадинага иккинчи марта волий этиб тайинланди. Абу Салама ҳам, қозиликдан бўшагач, қозиликни, унинг укаси Мусъаб бин Абдурроҳманга топширди.

Абу Саламанинг вафоти:

Абу Салама бин Абдурроҳман бин Авф етмиш икки ёшида,  ал Валийд бин Абдул Малик халифалиги даврида, Мадинада вафот этди. (мелодий 713 – Ҳижрий 94 йилда). Энг ишончли қовлларга кўра. Айримлар уни, бир юз уч ёшида вафот этган десалар, айримлар бир юз тўрт ёшида вафот этган дейдилар.

                    

         

Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти

 ўқитувчиси

Юлдашев Иззатилла Маҳкамович 

 

 

 Фойдаланилган манба ва адабиётлар.

 

1.Юсуф бин Абдул Ҳадий ал-Ҳанбалий (1503-1504)

Тазкиротул ҳуффаз ва Табсиротул айқоз.

يوسف بن عبد الهادي الحنبلي – تذكرة الحفاظ وتبصرة الأيقاظ 

2.Ибн Саъд Аттобақотул кубро.(8-45)

ابن سعد – الطبقات الكبرى

  1. Ассуютий Исаъфул мубто фий рижалил муватто

ألسيوطي – إسعاف المبطأ في رجال الموطأ

  1. 4. Аззаҳаби – сияр аълам аннубала

الذهبي – سيرأعلام النبلاء

  1. 5. Ибн ал- Ҳажар Асқалоний – ал Иййсаар бимаърифати рувот китаб ал аасоори лишшайбоний.

ابن حجر العسقلاني – ألإيثار بمعرفة رواة كتاب الآثار للشيباني 

 

 

 

 

 

Среда, 03 Март 2021 00:00

Устоз қалбидаги нур

Илм икки йўлдан – сатрлардан ва судурдан келади (سطوري و صدوري).
Сатрлар орқали давом этадиган илм – китобдан китобга кўчадиган илмдир.
Судурий илм эса қалблардан қалбларга ўтади. Биз буни устоздан шогирдга ўтадиган илм нури сифатида биламиз. Бунинг учун устоз билан шогирд албатта бир мажлисда, алҳол ёки ифтирозий (масофавий) тарзда жам бўлмоқлари лозим.
Аллоҳ таолонинг каломи Қуръон ҳам китоб бўлиб, жамики китобларга шаън берди.
Аллоҳ таолодан инсониятга пайғамбарлар юборилиб, жамики устозлар мўътабар бўлди.
Хатиб Бағдодий роҳматуллоҳи алайҳнинг «Тақйидул-илм» китобида келишича, бир кишидан: «Ким билан улфатчилик қиласан?» деб сўралса, қўллари билан китобларини кўрсатиб, «Мана булар билан», деб жавоб берибди. «Инсонлардан-чи?» деб сўрашса, «Китобнинг ичидагилар билан», деган экан (تقييد العلم/ الخطيب البغدادي).

Ҳа, китоб толиби илм учун энг яхши ҳамроҳдир. Илмни қадрлаган киши китобсевар бўлади. Китоб тиловати ила ўтказилган вақтда доимо барака бўлади.
Улуг имом, машриқнинг шайхи, ўзи яшаган асрдаги ҳадиси шарифларни жамлаган ҳофизларнинг саййиди, фиқҳ, ҳифз, сидқ ва зуҳду тақвода машҳур бўлган аллома Исҳоқ ибн Роҳувайҳ роҳматуллоҳи алайҳ бир бева аёлга уйланган эканлар. У зотга: «Бир бева аёлга уйланишга сизни нима мажбур қилди?» дейилса, «Аёл кишига унинг китобларига учун никоҳланилади», деб жавоб берибдилар (تنكح المرأة لكتبها).
Ўша бева аёлнинг вафот қилган эридан имом Шофеий роҳматуллоҳи алайҳнинг китоблари қолган экан (Сияри аъломун-нубала, 10/70 – سير أعلام النبلاء 10/70).

Аммо бу борада муҳим бир мулоҳазани эсдан чиқармаслик лозим. Ёш авлодни китобхонликка тарғиб қилар эканмиз, фақат китобнинг ўзи этарли эмаслигини, фақат китобнинг ўзи устоз бўла олмаслигини тушунтириб кетишимиз керак.
Ибн Жамоа роҳматуллоҳи алайҳ: «Энг катта бало саҳифалар билан шайх бўлмоқдир», деган. Демак, одамлар фақат саҳифалардан, китобларнинг ўзидангина таълим олиши катта бало экан.
Бу борада Имом Шофеий роҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу сўзларини келтириш мумкин:
من تفقه من بطون الكتب ضيع الأحكام
«Кимки фақат китоб ўқиб фақиҳ бўлган бўлса, ҳукмларни зое қилибди» (تذكرة السامع والمتكلم 87).

Хулоса ўрнида имом Ғаззолий роҳматуллоҳи алайҳнинг «Иҳёу улумид-дин» китобида айтган ҳикматли сўзларини келтирмоқчиман:
«Илмни уни бузадиган, унга зарар етказадиган нарсалардан сақламоқ мол-дунёни сақламоқдан авлороқдир. Ҳақли бўлмаган одамга ато бериш зулми ҳақли кишига ато бермаслик зулмидан оз эмас» (إحياء علوم الدين).
Икрима роҳматуллоҳи алайҳ: «Бу илмнинг баҳоси бор», дедилар. «Баҳоси нима?» дейишган эди, «Илм уни гўзал тарзда кўтарган одамга берилади, чунки у илмни зое қилмайди», деб жавоб бердилар.

Бизга буларнинг барчасини устозларгина ўргатадилар. Ислом дини ҳам шунча асрлар оша устоз-шогирд анъанаси орқали, устоз-шогирдлар силсиласи орқали давом этиб келмоқда.
Роббимиз таолодан жумла марҳум устозларимизни мағфират айлашини, ҳаёт бўлган устозларимизни эса офиятда сақлашини сўрайман.

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ Термизий

Бугун Тошкент шаҳридаги “Сирож Солиҳ” жоме масжиди янги биносининг очилиш маросими онлайн узатилмоқда.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этадилар.

Аллоҳ таолога шукрки, мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, улуғ алломаларимизнинг бой меросини ўрганиш, халқимизга хос бўлган одамийлик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатларни тарғиб этиш йўлида таҳсинга сазовор ишлар амалга оширилди.

Сўнгги йилларда юртимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда илмий мактабларда бу йўналишда аниқ, манзилли ишлар амалга оширилаётир.

Бундан ташқари, диёримиз ҳудудлари бўйлаб янгидан очилаётган масжид ва мадрасалар, қайта чирой очаётган муборак қадамжолар мўмин-мусулмонларимизни чексиз мамнун этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муин Насафий, Маҳмуд Замахшарий, Баҳоуддин Нақшбанд, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий сингари табаррук зотларнинг бемисл хизматлари нафақат минтақамизнинг маънавий ривожида, балки бутун жаҳон илм-фани равнақида муҳим ўрин тутади.

Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан Ислом дини илмларини тадқиқ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлардан аҳоли мамнун, хорижлик мутахассислар эса юқори баҳоламоқда. Бундай маънавий-маърифий соҳадаги кенг кўламли ишлар келгусида ўлкамиздан яна бухорийлар, термизийлар, насафийлар, нақшбандийлар етишиб чиқишига замин бўлади, иншаАллоҳ.

Мусулмон Ренессанси, яъни Уйғониш даврига асос бўлган аждодларимизнинг дунёни ҳайратга солган беқиёс меросларини ўрганиш, улар инсониятга тақдим қилган таълимотларни ривожлантириш, илмий хулосаларини бойитиш, шубҳасиз, навбатдаги Ренессансга пойдевор бўлади.

Ҳақиқатан, ўрта асрлардаёқ Бухоро ўзининг мадрасалари ва уламолари билан шуҳрат қозониб, ҳақли равишда “Ислом оламининг қуввати” унвонига сазовор бўлган. Самарқанд ва Бухородаги мадрасалар ўрта асрларнинг дорулфунунлари вазифасини бажарган.

Дин илмларини тадқиқ этиш, илму маърифатни пухта ўрганиш муҳим эканини Ҳазрат Навоий қуйидагича таърифлаганлар:

Бу дин илмики хомам қилди таҳрир,
Эрур фиқҳу ҳадису сўнгра тафсир.
Чу такмил ўлди бу уч илм, сен, бил,
Яна ҳар илм майлин қилма, ё қил.

Азал-азалдан илму маърифат маркази бўлиб келган заминимизда илм даргоҳлари қайтадан ташкил этилиб, уларга юксак мақом берилиши бемисл тарихий воқеа бўлмоқда. Айниқса, Бухоройи Шарифдаги Мир Араб мадрасасига олий мақом берилишида катта маъно, тарихий ҳақиқат мужассам. Зеро, ушбу таълим даргоҳи беш юз йил аввал ана шундай юксак мақомда ташкил этилган экан. Йиллар давомида бу ерда юзлаб олиму уламолар камолга етган. Давлатимиз раҳбари томонидан мадрасага олий мақом берилиши яна бу ердан алломалар, мутафаккирлар етишиб чиқишига умид уйғотади.

Дарҳақиқат, Ислом дини инсон манфаатлари ва жамият тараққиётига хизмат қилувчи ҳар қандай илмий тадқиқот ва янгиликни қўллаб-қувватлайди. Буни ояти карималар ва ҳадиси шарифлар ҳам тасдиқлайди. Қуръони каримда “илм” сўзи 811 ўринда турли маъноларда келади. Жумладан, илм эгаларини шундай мадҳ этилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп ҳадиси шарифларида илм олишга даъват этганлар. У зоти шариф бир ҳадисда: “Ким дунёни хоҳласа, тижорат қилсин. Кимки охиратни хоҳласа, зоҳид бўлсин. Кимки иккисини ҳам хоҳласа, илм олсин”, — деб марҳамат қилганлар.

Оташқалб шоир Муҳаммадризо Огаҳийнинг илмни улуғлаб ёзган қуйидаги байти юқоридаги ҳадиси шарифнинг назмий ифодасидир.

Илм андоқ ганжи нофеъдур бани одамғаким,
Кимда ул бўлса, икки олам бўлур обод анго.

Мана шундай қувватли манбаларга таянган ўлкамизда илм-маърифатга бўлган эътибор энг юқори босқичга кўтарилмоқда. Барча ислоҳотларнинг асосий мақсади — юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни асраш, фарзандларимизни буюк аждодларимизга мос тарзда тарбиялаш, халқимиз ҳаётини янада фаровон этишдан иборат.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистоннинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бугун ижобий ўзгаришларни юртимиздаги ҳар бир инсон ўзининг бугунги турмуш тарзида, дунёга бўй чўзаётган болалари мисолида ҳис қиляпти.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизга ташриф буюраётган нуфузли меҳмонлар ҳам олиб бораётган ишларимизни кўриб, ўз мамнунликларини билдиряпти. Жумладан, Миср бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳазратлари Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” жоме масжидига ташриф қилган чоғларида ўз фикр ва таассуротларини шундай изҳор қилган эди:

— Биз Ўзбекистонни зиёрат қилар эканмиз, бутун дунёни ўз илм нури билан нурафшон этган, Аллоҳнинг каломини бизларга етказиб келган улуғ алломалар юртини зиёрат қилаётганимиздан беҳад мамнунмиз. Биз айни дамда ҳозир бўлиб турган ушбу муборак масжид, Абу Бакр Қаффол Шоший номлари билан аталар экан, бу зот ўзининг фиқҳ илмига қўшган улуғ ҳиссалари билан ислом оламида ном қозонган бўлиб, бутун дунёдаги мадраса ва исломий таълим даргоҳларида асарлари ўқитиб келинади. Биз Ал-Азҳар университетида Имом Мотуридий, Имом Насафий, Имом Самарқандий асарларидан таълим берамиз. Шунингдек, Беруний, Ибн Сино каби алломаларнинг китобларини ҳам тадқиқ этамиз.

Демакки, диний-маърифий жабҳада амалга оширилаётган аҳамияти беқиёс ишлар, янгидан барпо этилаётган илмий марказлар, масжид-мадрасалар, улуғ аждодларимиз номидаги мажмуалар, халқаро ҳамкорлик ривожланиб, чет эллик таниқли уламоларнинг диёримизга ташрифлари, нуфузли ташкилотлар билан алоқалар ўрнатилаётгани юртдошларимизга чексиз қувонч, ғурур-ифтихор бағишламоқда.

Хулоса қиладиган бўлсак, шундай юқори эътирофларга сазовор бўлган ишларни жадаллаштиришдан мақсад дунё тамаддуни бешикларидан бири бўлган Ўзбекистоннинг тарихий юксак мақомини қайта тиклаш, Ватанимизни илм-фан марказларидан бирига айлантириш, шу орқали диёримизда Учинчи Ренессансни — Уйғониш даврини юзага келтиришдир.

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 2 март, №43 (299)

Янгиликлар

Top